Таклифлар кўп, улар аҳоли манфаатларига қандай хизмат қилади?

/
Жорий йилнинг 12 июль куни давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувда ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, назорат қиладиган вазирлик ва қўмиталарни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ва доимий ишлаши зарурлигига эътибор қаратиб, жумладан, “Адолат” социал-демократик партияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус ҳамда Халқ таълими вазирликлари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди.
Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан мазкур вазирликлар раҳбарларининг парламент эшитувини ташкил этиш мақсадида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. 8-10 сентябрь кунларида фракция аъзолари ҳудудларда ушбу вазирликлар тизимига кирувчи бир қатор муассасаларда бўлиб, соҳаларда ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш, ходимлар, мутахассислар ва аҳолининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини тинглаб, таҳлилий хулосалар ишлаб чиқиш мақсадида очиқ мулоқотлар олиб боришди.
Шу ўринда Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумлари амалиётга йўналтирилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
ҚАШҚАДАРЁ.
Миришкор туманида Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов партия фаоллари, мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ўтказган ўрганишларда, жумладан, халқ таълими муассасалари фаолиятида бир қатор ютуқлар баробарида айрим камчиликлар борлиги ҳам маълум бўлди. Очиқ мулоқотларда таълим дастурлари, ўқув режалар, ўқув услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш ҳолати атрофлича ўрганилди.
Тумандаги 38-умумтаълим мактабида бўлган учрашувда мактаб директори Исмоил Ражабқулов 10-синф ўқувчилари учун дарсликлар етишмаётганлиги, ўқув масканида лабораторияларни зарур ўқув асбоблари билан таъминлашда муаммолар борлигини баён қилди.
— Шу даргоҳда анча йиллардан буён физика фанидан ёш авлодга сабоқ бериб келаман, — деди Акбарали Султонов. — Биласиз, физика фанида машғулотлар кўпроқ тажриба тариқасида олиб борилса фойдали ва қизиқарли бўлади. Аммо лаборатория хонамизда шароит йўқлиги учун дарсларни тажрибалар асосида ўтишнинг имкони бўлмаяпти.
Тумандаги озиқ-овқат касб-ҳунар коллежидаги мулоқотлар чоғида ўқитувчи ва ўқувчилар ушбу масканда таълим-тарбия, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга доир яратилган имкониятлардан мамнун эканини айтишди.
20-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабидаги ўрганишларда бир қатор муаммолар борлиги кузатилди. Масалан, 10-синфга қабул қилинган 38 нафар ўқувчининг ҳалигача бор-йўғи 4 нафари дарсликлар билан таъминланганини қандай изоҳлаш мумкин? Мактабнинг спорт зали авария ҳолатида бўлганлиги сабабли 2011 йилдан буён бу ерда машғулотлар олиб борилмайди. Мактаб маъмурияти мазкур ҳолат юзасидан бир неча маротаба мутасадди идораларга мурожаат қилишган бўлса-да, аммо муаммо ўз ечимини топмаган. Депутат вилоятдаги масъул ташкилотлар билан мазкур камчиликни аниқ муддатларда бартараф этиш юзасидан фикрлашди.
“Миришкор” маҳалласидаги 17-сонли мактабгача таълим муассасасида айни кунда қайта реконструкция ишлари амалга оширилаётган экан. Ажратилган 858 миллион сўм маблағни ўзлаштириш, қурилиш ишларини сифатли олиб бориш юзасидан “Гулрангкомплексқурилиш” компанияси бунёдкорлари меҳнат қилишмоқда. 140 ўринга мўлжалланган мазкур боғча мудири Ситора Ярашева давлатимиз томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан мамнун эканини таъкидлади.
Жамшид Пирматов аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги ҳолати билан ҳам танишди. Учрашувларда аксарият фуқаролар дори-дармонлар қиммат эканлигидан шикоят қилишди.
Туман тиббиёт бирлашмасининг болалар, ички касалликлар ва шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимларида беморлар учун яратилган қулайликлар Ж.Пирматовнинг эътиборини тортди. Ушбу бўлимларда барча шароитлар муҳайё этилган. Бепул дори-дармон, уч маҳал иссиқ овқат бор. Шифокорлар яқиндагина шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими янги автомашина билан таъминланганидан барча хушнуд эканини билдиришди.
— Аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун қулайликлар яратилмоқда, — дейди Миришкор туман партия кенгаши раиси Саодат Очилова. — Шифокорлар ва ҳамширалар билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан партия депутатлари тегишли тавсиялар ҳам беришди. Бўлимларда беморлар билан суҳбатлашганда уларнинг кўпчилиги шифокорлар ва ҳамшираларнинг намунали хизматидан хурсандлигини айтишди.
ФАРҒОНА.
Қўштепа туманидаги бир қатор таълим муассасаларида Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилди. Ишчи гуруҳи таркибида партиямизнинг вилоятдаги фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари борлиги эътиборга молик.
Тумандаги 5, 7, 8, 12, 22-умумтаълим мактаблари, Қўштепа қурилиш ва саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт касб-ҳунар коллежлари, туман тиббиёт бирлашмаси, туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари фаолияти ўрганилди.
Мазкур умумтаълим мактабларида таълим дастурлари, ўқув режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш ҳолати туман миқёсида нисбатан яхши йўлга қўйилганлиги қайд этилди.
— Технологиялар юксак тараққий этган бугунги даврда таълим муассасаларида аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг долзарб аҳамиятини яхши тушунамиз, — дейди Умид Сулаймонов. — Аниқ ва табиий фанлар ўқитилишини ташкил этишнинг ҳолати эса улар учун ажратилган ўқув амалиёт хоналари, янги лаборатория жиҳозларига боғлиқ. Тумандаги ўқитувчилардан айни шу йўналишда кўплаб талаб ва таклифлар келиб тушди.
5, 7, 8-умумтаълим мактабларида режа бўйича таълим муассасасининг сиғими, жалб этилиши режалаштирилган ўқувчилар сони ва шунга мутаносиб равишда ўқув хоналари борлиги ота-оналарни ҳам қаноатлантирмоқда. Лекин 12, 22-умумтаълим мактабларида стол-стул, доска ва айрим техник воситалар етишмаслиги аниқланди.
11 йиллик ўрта таълим тизими жорий этилганлиги муносабати билан умумтаълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, замонавий ўқув ва лаборатория асбоблари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш, ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганишларини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар самарали амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, “Қумтепа”, “Шаҳартепа” қишлоқларида жойлашган ўқув муассасаларида ичимлик суви таъминоти қониқарли эмас, маҳаллалар аҳли бу ҳол мазкур қишлоқларда ичимлик суви муаммо бўлаётгани билан боғлиқ эканини айтишди. Депутат У.Сулаймонов ушбу қишлоқлардаги водопровод тармоқлари туман марказий сув қувури билан боғланмаганини аниқлагач, туман “Сувоқова” унитар корхонасига депутатлик сўрови киритди ва ижрони ўз назоратига олди.
Ишчи гуруҳи аъзолари туман тиббиёт бирлашмаси, туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишиб, шифокорлар билан суҳбатлашдилар. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, врач ва ҳамшираларнинг малакаси, муомала маданияти, дори воситалари таъминоти, дорихоналар ҳолати бўйича беморлар билан фикрлашилди.
Шифокорлар ўз фикр ва таклифларини баён этишди. Масалан, “Лангар” қишлоғидаги марказий шифохонада аҳолига хизмат қилувчи биттагина тез тиббий ёрдам машинаси бор. Бу эса аҳоли сонига нисбатан камлик қилади, шифохонага яна битта машина ажратиш зарурлиги билдирилди. Шу билан бирга, “Гармдон” қишлоқ врачлик пунктида шифокорлар фуқаролар билан боғланиб туриши учун телефон алоқаси ўрнатилмаганлиги ҳам айтилди. У.Сулаймонов мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан фикрлашгач, мазкур масалалар тез кунда ҳал этиладиган бўлди.
Фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, депутат У.Сулаймонов туман давлат автомобиль назорати ходимлари билан тунги рейдда ҳам иштирок этди. Бу жараёнда айрим камчиликлар кўзга ташланди. Жумладан, маст ҳолда автомашина бошқаришда гумон қилинган (ёки бошқарган) ҳайдовчиларни махсус экспертизадан ўтказишда туманда фуқароларнинг мастлик ҳолатини аниқловчи наркологик экспертиза бўлимининг йўқлиги айрим оворагарчиликларни келтириб чиқармоқда. Участка нозири ва мастликда гумон қилинган ҳайдовчи экспертиза назоратидан ўтиш учун марказдан 25 километр узоқликда жойлашган “Болтакўл” маҳалласидаги шифохонага бориб, навбат асосида текширувдан ўтгунларига қадар ички ишлар ходими бириктирилган ҳудуд бир соатга яқин вақт давомида назоратсиз қолиши депутатни ташвишга солди. У.Сулаймоновнинг ташаббуси билан “Лангар” қишлоғидаги марказий шифохонада экспертиза учун махсус бўлим ташкил қилинмоқда ва муаммо ижобий бартараф этилади.
Шунингдек, маҳаллалардаги учрашувларда яна бир муаммога эътибор қаратилди. Туман марказидан 12 километр узоқликдаги “Қумтепа” қишлоғида жойлашган ички ишлар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида ҳайдовчиларнинг гувоҳномалар, жарима ёки бошқа тўловларни тўлаши учун банк касса шохобчаси йўқлиги, бўлимда фақат нақд пул орқали тўлов йўлга қўйилгани, банк эса бўлимдан 20-30 километр узоқликдаги “Лангар” қишлоғида жойлашганлиги қийинчилик туғдираётгани билдирилди. Қишлоқ олислиги учун кўпчилик ҳайдовчилар яқинроқ ҳудуд бўлган Марғилон шаҳрига бориб тўловларни амалга оширмоқдалар. Мазкур масала бўйича депутат вилоят “Халқ банки”нинг филиалига сўров киритиб, депутатлик назоратини ўрнатди.
ТОШКЕНТ ШАҲАР.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Шайхонтоҳур туманидаги 157-умумтаълим мактаби фаолиятини ўрганганида кимё, физика, тарих, информатика фанларидан дарс беришга мўлжалланган синф хоналарини кўргазмали воситалар билан жиҳозлаш зарурлиги маълум бўлди.
Муаллимлар мактаб дарсликларини ишлаб чиқишда малакали ўқитувчилар кўпроқ жалб қилиниши, яратилаётган ҳар бир дарслик лойиҳасини ўқитувчилар, олимлар, мутахассисларнинг кенг муҳокамасига қўйиш таклифини билдиришди. Информатика фани 5-синфдан икки ҳафтада бир марта ўтилиши, амалдаги дарслик китоби 12 ёшли бола билими, дунёқарашига деярли тўғри келмаслиги ҳақида сўз юритишди. Яъни китобдаги мавзулар 5-синф ўқувчиси учун жуда оддий бўлиб, сичқонча, монитор ва компьютернинг бошқа жиҳозлари ҳақида маълумот берилган. Замонавий технологиялар асрида яшаётганимизни инобатга олсак, информатика фанини 2 ёки 3-синфлардан бошлаб ўқитилса, бу сабоқлар болалар учун зерикарли бўлмайди, деган таклиф билдирилди.
Шунингдек, умумтаълим мактабида лингвистика, меҳнат хоналарини ташкил этиш, жиҳозлаш ва ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида компьютер графикаси дастурчиси, дизайн ва бошқа замонавий касбларни ўргатишни жорий этишга доир таклифларни илгари суришди.
Ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги 13-умумтаълим мактабига борганида мактаб директори ва айрим ўқитувчилар “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3182-сонли қарор ижроси бўйича маҳаллаларда фуқаролар билан мулоқот қилишга жалб қилинганлиги ва улар ўз иш жойида йўқлиги аниқланди.
13-умумтаълим мактабидаги ўрганиш давомида кимё, физика, тарих, информатика каби синф хоналарини кўргазмали воситалар, 5 та синф хонасини мебель билан жиҳозлаш кераклиги маълум бўлди.
Суҳбатларда мутахассислар мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши камлиги ўқитиш жараёнига таъсир кўрсатишини ҳам таъкидлашди.
Шайхонтоҳур туманидаги меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежи биноси йўл бўйида жойлашгани боис йўл ҳодисаларининг олдини олиш учун йўл белгиси ҳамда светофор ўрнатилиши зарурлиги ҳақида мутасадди идораларга бир неча бор мурожаат қилинган, бироқ натижаси бўлмаган. Коллежда таълим ва амалиётни уйғун олиб боришда ўқув устахоналарига зарур анжомлар ва жиҳозлар етишмаётгани аниқланди.
Тошкент шаҳридаги 1-сонли шифохонада ўтказилган ўрганишларда ҳам айрим масалаларга ечим топиш лозимлиги аён бўлди. Мазкур шифохонада эндоскоп, узИ, рентген аппаратлари мавжуд, аммо беморлар сони кўплиги (кунига 50 нафаргача) боис қўшимча ускуналарга эҳтиёж бор. Реанимация бўлимида кадрлар етишмовчилиги сезилмоқда, бу ҳол беморларга тиббий хизмат кўрсатишда таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, шифохонада хўжалик ҳисобидан тушган маблағлардан янада самарали фойдаланишда қонуний ечим топиш лозим бўлган жиҳатлар борлиги қайд этилди. Шифокорларнинг таъкидлашича, ушбу муассасада пуллик хизматдан тушадиган даромадлар фақатгина хўжалик ҳисоби эҳтиёжлари учун ишлатилади, бироқ мазкур маблағлардан бюджет ҳисобидаги бўлимлар фаолияти учун фойдаланиш масаласида бирор қонуний ечим йўқ.
Шифохонанинг янги биносида “Дизайн тараққиёт” МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилган, бироқ янги бинога 2017 йил май ойида кўчиб ўтилганига қарамай унинг фасад қисми кўчиб тушганлиги афсусланарлидир.
Учрашувда тиббиёт ходимларининг ойлик маоши миқдорини қайта кўриб чиқиб, мақбуллаштириш хусусида таклифлар айтилди.
41-оилавий поликлиникаси бош шифокори Дилдора Мирхаликованинг айтишича, ушбу муассаса тиббиёт ходимлари билан тўла таъминланган, лекин қабул хоналари етишмаётгани ва ҳозирги кун талабларига жавоб бермаслиги натижасида битта хонада уч нафар шифокор беморларни қабул қилишига тўғри келади. Хоналар етишмаслиги боис флюрография ва рентген аппаратлари билан таъминланмаган, бу эса аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш сифатига таъсир қилмоқда. Беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун поликлиникани рентген, биохимик анализатор, замонавий физиотерапевтик аппаратлар билан жиҳозлаш зарур.
— Дори-дармон воситалари учун 35 миллион сўм ажратилмоқда, — дейди Д.Мирхаликова. — Бироқ бу маблағ етарли эмаслиги боис қўшимча 10 миллион сўм маблағ ажратилишига, шунингдек, лор, эндокринолог, окулист, гинеколог, невропотолог каби мутахассисларга штат бирлиги белгиланишига эҳтиёж бор. Заруратга қараб, бундай мутахассисларнинг марказий поликлиникадан келиши аҳоли учун ноқулайликлар пайдо қилмоқда.
44-сонли оилавий поликлиника биноси эскириб қолганлиги боис капитал таъмирга муҳтож, муассасада мавжуд флюрография ва рентген аппаратларидан узоқ йиллардан буён фойдаланилаётгани сабабли ушбу ускуналарнинг тез-тез бузилиб туриши кузатилмоқда. Поликлиникага бириктирилган аҳоли сони кўплигидан келиб чиқиб, дори-дармон ва тиббий буюмлар етишмовчилиги юзасидан ҳам амалий чоралар кўриш керак.
Шифокорлар яна бир таклифни илгари суришди. Яъни тиббиёт олийгоҳларини давлат гранти асосида тамомлаган мутахассислар оилавий поликлиника ёки ҚВПларда 3 йиллик мажбурий ишлаб бериши тажрибаси жорий қилинса, бу тартиб ушбу муассасаларда шифокорлар етишмовчилиги муаммосини ижобий ҳал этишга хизмат қилади.
Мулоқотлар чоғида амалий ишлардаги айрим номутаносибликлар хусусида ҳам фикр юритилди. Масалан, “Саломатлик-3” лойиҳаси бўйича 2016 йилда бир неча поликлиникага стоматологик креслолар ажратилган, лекин ушбу муассасаларда стоматолог штатлари белгиланмаган.
Аниқланган айрим муаммоларни ҳал этиш юзасидан У.Саматов тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови киритди. Жойларда ўрганилган масалалар, билдирилган таклиф-мулоҳазалар ишчи гуруҳининг йиғилишида умумлаштирилди ҳамда таҳлилий хулосалар ишлаб чиқилди.
СУРХОНДАРЁ.
Сариосиё, Узун туманларида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Даврон Тангиров бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишлари ҳам самарали бўлди.
Фаоллар томонидан Сариосиё туманидаги 19-, 20-умумтаълим мактаблари, Сариосиё агросаноат касб-ҳунар коллежи, қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолияти ўрганилди.
Мазкур умумтаълим мактабларида таълим дастурлари, ўқув режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар, ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш ишлари бироз яхши йўлга қўйилган, дейиш мумкин. Мулоқотлар чоғида ўқитувчиларнинг фикр ва таклифлари ишчи гуруҳи аъзоларининг диққатини жалб этди. Муаллимларнинг фикрича, ижтимоий-гуманитар фанларга доир дарсликлар мазмунан жуда мураккаблашган, уларни бироз соддалаштириш зарур.
Шунингдек, ушбу таълим масканларида юқори синфлар учун мактаб дарсликлари етарли эмаслиги, спорт анжомлари сифатсиз эканлиги қайд этилди. Ўқувчилар бу йил 10-синфларда ўқишни давом эттираётганлиги муносабати билан мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишларини ташкил этиш мақсадида муайян ишлар қилинганлиги ҳам диққат марказида бўлди.
Фаоллар Узун туманидаги 72-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда Сариосиё туман “Дашнобод” оилавий поликлиникасининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Суҳбат жараёнида ҳар иккала оилавий поликлиникада ҳам патронажлар кам сонли эканлиги айтиб ўтилди. Чунки иккала туманда ҳам ҳар 1300 кишига битта патронаж тўғри келаётганлиги жуда паст кўрсаткич саналади.
Депутат Д.Тангиров ўртага ташланган таклиф ва муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишларга киришди.
К.ИСРОИЛОВА, Г.ТУРСОАТОВА,
Фарғона, Сурхондарё вилоят кенгашлари матбуот котиблари.
К.САХАТОВ, Ф.ЖЎРАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Халқимиз бу саодатни, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлигида, турмуши фаровонлигида кўради....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат”  социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгашида депутатлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари ...
01 янв 1970
“Тупроққалъа” қишлоғида халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Баҳодир Бобожонов сайло...
01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...