Қатнов йўлга қўйилди, йўл ҳақи арзонлаштирилди

/
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар орасига янада чуқурроқ кириб бориш, мурожаатларда билдирилган масалаларни ҳал этиш борасида бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Жойларда ўрганилган муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга киритилган депутатлик сўровлари мутасадди ташкилот ходимларини ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишга ундамоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзолари Ҳамрогул Ашурова, Самад Ражабов, Ҳазрат Мавлоновлар жойларда фуқаролар билан олиб борган мулоқотлари жараёнида “Зарчабек” маҳалласидаги “Зарчабек”, “Фарҳод”, “Тарозидор” кўчалари, “Бобоато” МФЙдаги “Наққош” кўчаси, “Шароф бобо Ҳамроев” ҚФЙдаги бир қатор қишлоқ йўлларини асфальтлаштириш масаласига эътибор қаратишди. Шофиркон туман ҳокимлигига депутатлик сўровлари юборилди.
Туман ҳокими ўринбосари Б.Юсупов депутатлик сўровларини ўрганиб, ёзган жавоб хатларида туманда 2017 йил давомида 29,9 километрга яқин умумфойдаланувдаги қишлоқ йўлларини асфальтлаштириш режага киритилганини қайд этган.
Депутатлик гуруҳи раҳбари Карим Бомуродовга бир қатор маҳаллалар аҳли “Жилвон” МФЙ ҳамда “Чақар” қишлоғида йўловчи автобус қатнови мавжуд эмаслиги, туман марказига қатновчи “Деҳқон бозори — “Боғиафзал” ҚФЙ” автобус йўналишида йўл ҳақининг қиммат экани ҳақида шикоят қилишганди. К.Бомуродов мазкур муаммоларни ҳал этиш юзасидан туман транспорт департаменти раҳбари номига депутатлик сўрови киритди. Ташкилот мутасаддилари ушбу масалаларни атрофлича ўрганишди ҳамда пировардида ижобий натижаларга эришилди. Яъни туман марказидан қишлоқларга қатновчи “Вокзал — “Деҳқонобод” ҚФЙ” янги йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилди. Айни кунларда “Пашмон”, “Боғиафзал”, “Талижа”, “Саврак”, “Чақар” қишлоқлари ҳудуди орқали ўтувчи ушбу янги йўналишда автобуслар қишлоқ аҳлининг узоғини яқин қилмоқда. Шунингдек, тумандаги “Деҳқон бозори — “Боғиафзал” ҚФЙ” йўналишида қатновчи автобусларда 2000 сўмлик йўл ҳақи ўрганишлар натижасида 500 сўмга арзонлаштирилгани ҳам йўловчиларни мамнун этди.
Таъкидлаш ўринлики, партия депутатлари фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида жойларда бўлиб, қатор тадбирлар ташкил этишмоқда. Шунингдек, бир қатор маънавий-маърифий давра суҳбатларининг ўтказилиши ёшларни юксак маънавиятли, баркамол авлод қилиб тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда. Хусусан, “Ёшларга эътибор — келажакка эътибор”, “Ёшларнинг етук мутахассис бўлиб шаклланишида маҳалланинг ўрни”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Фуқаролар мурожаатларини ҳал этишга барчамиз масъулмиз” сингари тарғибот тадбирлари самимий суҳбат, очиқ мулоқот тарзида олиб борилмоқда.
Аммо мавзуга депутатларнинг ваколатлари нуқтаи назаридан ёндашсак, депутатлик гуруҳи фаолиятида жиддий камчиликлар борлиги кўринади. Туманда партия депутатлари у ёки бу муаммога ечим топиш учун депутатлик сўрови киритиш ва қўйилган масалани ҳал этиш юзасидан муайян самараларга эришаётган бўлса-да, депутатлик гуруҳида ташаббускорлик етишмаяпти, десак янглишмаймиз. Негаки, ушбу гуруҳ томонидан халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари ёки сессия муҳокамасига жорий йил давомида бирор масала киритилмаган. Демак, партиямизнинг Шофиркон туман ва вилоят кенгашлари ушбу депутатлик гуруҳи фаолиятини танқидий ўрганиб, аниқ вазифалар белгилаши, депутатларнинг масъулиятини тубдан кучайтириш чораларини кўриши зарур. Зеро, депутатларнинг ташаббускорлик руҳида ишлаши ҳудудни ривожлантиришга, электорат ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсат...
01 янв 1970
Жуманиёз Алибеков ҳам ўтмишга ва келажакка теран назар солиб, зарур ҳаётий хулосалар чиқарадиган, ўз тақдирини юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ д...
01 янв 1970
Албатта, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар ечими, сув манбаларидан тежамкорлик билан фойдаланиш пировардида халқимиз фаровонлигини таъминлашга ...
01 янв 1970
Ёш авлод соғлиғини асраб-авайлаш болалар ўртасида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган турли касалликларнинг олдини олишга ҳам боғлиқ. ...