Озод юртга ободлик ярашади

/
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудларда мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда халқ билан яқиндан мулоқот қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳудудларда фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан ўтказаётган учрашувлари ҳам ана шу мақсадларга қаратилган. Ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида жойларда бўлиб ўтаётган мазкур очиқ мулоқотларда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
СУРХОНДАРЁ. Айни кунларда Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар Қизириқ туманида муассасалар, маҳаллалар, хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан учрашмоқда, ўрганилган муаммоларни қонуний йўсинда ҳал этиш чора-тадбирларини кўришмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам аҳолининг турмуш шароитларини ўрганиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, жойларда парламент назоратини кучайтириш борасида иш олиб боришмоқда.
Партия фракцияси аъзолари Даврон Тангиров, Ёрмамат Холиёров маҳаллаларда фуқаролар билан жонли мулоқотлар ўтказиб, муассасаларда ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашишди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Қизириқ тумани Сурхон воҳасининг чекка ҳудудларидан бири саналади. Иқтисодиёти асосан пахтачилик ва боғдорчиликка, шу тармоқда етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослашган. Кейинги йилларда туманда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш натижасида янгидан-янги корхоналар ишга туширилди. Аммо шунга қарамай, аҳоли билан мулоқотлар чоғида туманда ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар оз эмаслиги аён бўлди.
Депутатлар Д.Тангиров ва Ё.Холиёров “Зевар” маҳалласидаги 73-умумтаълим мактабида ўқитувчилар ва ёшлар билан суҳбатлашдилар. Мулоқот чоғида ушбу таълим масканида зарур қўшимча бинолар етарли эмаслиги, мактаб атрофида қурилиш ишларини олиб боришга эҳтиёж борлиги, мактабда информатика, рус тили ўқитувчилари етишмаслиги маълум бўлди.
Шунингдек, тумандаги “Хўжаипок” маҳалласида жойлашган 69-умумтаълим мактаби ҳамда “Бағрикенг” маҳалласидаги 68-умумтаълим мактабида ҳам бино атрофлари тўлиқ ободонлаштирилмаганлиги, етарлича хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги ва мактаб ҳудудидаги бинода ноқонуний савдо дўкони ташкил этилганлиги аниқланди. Туман ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қонғисой” сойида кўприк йўқлиги боис “Бағрикенг” маҳалласида 110 нафар ўқувчи ва 5 нафар ўқитувчи мактабда қатнашда қийналишларини, қишда ёғингарчилик, баҳорда сел тошқинлари сарсонгарчиликка сабаб бўлаётганини баён этишди. Суҳбат чоғида депутатлар шу ерда ҳозир бўлган туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими вакиллари билан биргаликда аниқланган барча камчиликларни мутасадди раҳбарлар ҳамкорлигида ҳал этиш бўйича депутатлик назорати ўрнатишларини билдиришди.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Хўжаипок” қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, шифокорлар ва даволанувчилар билан суҳбатлашдилар. Туман марказидан олисда жойлашган мазкур ҚВПда бир қатор муаммолар борлиги кузатилди. Жумладан, ҚВП биноси таъмирга муҳтож, тез ёрдам пункти ташкил этилган бўлса-да, телефон тармоғига эга эмас. Бу ерда атиги тўрт турдаги дори воситаси борлиги, биринчи тиббий ёрдам дори-дармонлари етишмаслиги, энг муҳими, ушбу ҚВПда олий маълумотли шифокор йўқлиги, фақат бир нафар фельдшер аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётгани аниқланди. Ушбу масала депутатлар томонидан халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритилиши режалаштирилди.
— Маҳаллаларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар амалий натижалари билан аҳамиятли бўлмоқда, — дейди Д.Тангиров. — Хонадонларга кириб сайловчилар билан суҳбатлашаяпмиз. Жойларда юзага келган муаммолар, аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар ҳақида очиқ-ойдин фикрлашаяпмиз. Муаммоларнинг аксарияти мутасаддилар билан ҳамкорликда ўз жойида ҳал этилмоқда. Қайси хонадонга кирмайлик, одамларнинг фаровон яшаш учун астойдил ҳаракат қилишаётгани кўзга ташланади. Хонадонларда кечаётган суҳбатлар фуқароларни халқ вакиллари билан ўзаро янада яқинлаштирмоқда.
ҚАШҚАДАРЁ. Китоб туманида Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар томонидан ўтказилаётган ўрганишлар ушбу тоғли ҳудуд одамлари ҳаёти, кундалик турмушига холисона баҳо бериш, юзма-юз мулоқотлар асносида аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Абдуғани Умиров ва Жамшид Пирматов ҳам туман аҳолиси билан очиқ мулоқотлар ўтказишмоқда.
Мазкур мулоқотларда давлатимиз раҳбарининг суд органлари ходимлари билан учрашувда ва 30 июнь куни ўтказилган Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ихтимоий ҳаракатининг қурултойида сўзлаган нутқларидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, янги ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари хусусида сўз юритдилар.
Тумандаги “Варганза”, “Алиқушчи”, “Қуёқбой” қишлоқлари аҳли билан мулоқотлар ҳам кўпчиликнинг диққатини жалб этди.
— Қишлоғимиздаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни ишга жойлаштириш, ички йўлларни асфальтлашга доир масалалар ўз ечимини кутмоқда, — деди “Қуёқбой” маҳалласида яшовчи фуқаро Абдуманнон Кўчаров. — 2-гуруҳ ногирони бўлганим учун ногиронлар аравачасига эҳтиёжим бор. Шу масалада мутасадди идораларга бир неча бор мурожаат қилганман. Афсуски, қилган шикоятларим бесамар кетаяпти.
Партия фракцияси аъзоси Жамшид Пирматовнинг “Қорабулоқ” қишлоғи аҳолиси билан учрашуви ҳам қизғин фикрлашувлар тарзида кечди.
— Жамиятда одамларнинг дарду ташвишларини эшитиш, улар билан очиқ мулоқот уюштириш, оғирини енгил қилиш муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган халқпарвар сиёсатнинг асосий мазмунини ташкил этади, — деди Жамшид Пирматов. — Шундай экан, мамлакатимиз парламентида фаолият олиб бораётган биз — халқ вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, кундалик турмушда учраётган муаммоларни бошқарув идораларини жалб этган ҳолда ҳал этишни мақсад қилганмиз.
Учрашувда қишлоқ аҳли депутатга ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли соҳаларига оид саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, фуқаролар Тўйчи Ҳакимов, Элмира Сатторова, Матлуба Норқўзиева, Олим Ҳамидов, Фахриддин Раҳимов ҚФЙ ҳудудида 8 та маҳалла оилалари истиқомат қилиши, бироқ ушбу маҳаллаларда бирорта ҳам болалар боғчаси йўқлигидан шикоят қилишди.
— Парламент аъзоларининг кўпгина хонадонларда бўлиб, биз билан дилдан мулоқот қилаётганидан хурсандмиз, — деди “Навқат” маҳалласида яшовчи фуқаро Гулчирой Отажонова. —Уларнинг ёрдамлари туфайли тадбиркорларимиз қишлоғимизда ишлаб чиқариш ва кичик бизнесни, сервис хизматини йўлга қўйиш ишларини бошлаб юборишди. Ўзим эса томорқамизда ҳар хил турдаги гулларни парвариш қилаяпман. Ушбу меҳнатимиз орқасидан яхшигина даромад ҳам олаяпмиз.
Депутатлар тумандаги “Хайрабод”, “Чиғатой”, “Ачамайли”, “Бешқозоқ” қишлоқларида ҳам бўлиб, фуқароларнинг эртанги ўй-ташвишлари билан ҳам қизиқдилар. Мулоқотларда ички йўлларни таъмирлаш, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни ишга жойлаштириш, тиббиёт муассасаларини умумий амалиёт врачлари билан таъминлаш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга узатишнинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқий тушунчалар бериш билан бирга, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатилди.
Мулоқотларда ўртага ташланган барча масалалар юзасидан қонуний тартибда аниқ ишлар қилиниши депутатлар назоратига олинди.
ХОРАЗМ. Янгиариқ туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг фуқаролар билан учрашувлари ҳам самарали бўлмоқда. Ишчи гуруҳи аъзоларининг бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида фуқаролар билан мулоқотларида аниқланган муаммоларнинг муайян қисми ўз жойида қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев тумандаги “Гулобод” маҳалласи аҳли билан учрашди, фуқаролар маҳалладаги ички йўлларнинг аксарияти жиддий таъмирталаб эканлиги боис муаммолар юзага келаётганини баён этишди. Депутат туман ободонлаштириш бошқармаси билан биргаликда бу масалага ойдинлик киритишини маълум қилди.
— Маҳалламиздаги қишлоқ врачлик пунктида беморлар ўз ҳисобидан бинт, вата ва бошқа тиббиёт воситаларини олиб келишга мажбур бўлаётгани маҳалладошларимизда эътироз уйғотган эди, — дейди “Арбоблар” маҳалласида яшовчи фуқаро Собиржон Мадаминов. — Депутат Мақсуд Қурбонбоев шу жойнинг ўзида туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Алишер Хўжахоновга бу ҳақда маълум қилди ва муаммо тезда бартараф этилди.
“Гулобод” қишлоғида ўтказилган мулоқотлар чоғида “Қўнғирот” маҳалласида жойлашган 3-сон мактабгача таълим муассасаси мудири Муҳаббат Рўзметова мазкур боғча 2010 йилда оптималлаштирилган бўлиб, “Таган” қишлоғидаги 24-сон МТМ унинг филиали қилиб белгиланганини таъкидлади. М.Рўзметова “Таган” ва “Гулобод” қишлоқларида бошқа боғча йўқлиги ва ҳар бир ҳудудда алоҳида МТМ бўлиши айни муддао эканини айтиб, 24-сон МТМ юридик шахс мақомини олиб, алоҳида фаолият юритса мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни билдирди. М.Қурбонбоев вилоят молия бошқармаси мутасаддилари билан фикрлашгач, бу масала ўрганилиб, жорий йилнинг сентябрь ойигача ҳал қилинадиган бўлди. Фаоллар “Аччиқ қуйи” маҳалласида яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашганда улар маҳалла ҳудудида ичимлик суви қувурлари ётқизилмаганидан шикоят қилишди. Депутат тегишли ташкилотлар билан биргаликда бу масалага ҳам ечим топишини таъкидлади.
БУХОРО. Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Олот туманида ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда. Фуқаролар билан очиқ мулоқотларда ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса айни вақтда сайловчиларда ҳокимият вакиллик органларига бўлган ишончни ҳам оширади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев тумандаги “Баҳористон” МФЙдаги “Кўлчовдир”, “Ўзбекистон” ҳамда “Қиртай” маҳаллаларида аҳоли билан мулоқотларда бир қатор муаммоларни ўрганди.
“Човдир” қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳамро Элмуродов қишлоқда беш йилдан буён оқар сув йўқлиги, ичимлик суви ҳам жиддий муаммо эканлиги, аҳоли бошқа қишлоқдаги “Бахт” канали сувидан фойдаланиб келаётгани, бу эса қатор қийинчиликларни юзага келтираётганига депутатнинг эътиборини қаратди. Қ.Жўраев туман сув хўжалиги бошқармаси билан фикрлашгач, ушбу муаммо ижобий ечимини топиб, сув насослари ўрнатиладиган бўлди.
2-гуруҳ ногирони Илҳом Янгиев фарзандлари Салоҳиддин, Сирожиддин Адизовлар тумандаги иқтисод коллежини битирганига бир йил бўлишига қарамай иш топишолмагани, улар туман бандликка кўмаклашиш марказига ўз ҳужжатларини топширгани, аммо масала ҳамон ечим топмаганини баён этди. Депутат ушбу марказга мурожаат қилгач, ташкилот ходимлари мазкур масала билан жиддий шуғулланиб, ушбу муаммо тез орада ҳал этилишини билдиришди.
— Ўғлим сил касалига чалингач, ишлаши мумкин бўлмай қолди. Тиббий кўрик хулосалари бўлса ҳамки, бирор-бир моддий ёрдам ёки ногиронлик нафақасини олиш имкониятимиз йўқ эди. Кимга мурожаат қилишни билмас эдим. Депутат Қодир Жўраев аралашуви билан ҳозирда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан менинг бу мурожаатим ўрганилмоқда, — дейди “Човдир” маҳалласида яшовчи фуқаро Пўлат Чориев.
Фуқаролар депутатларнинг ҳудудларда олиб бораётган мулоқотлари бир қатор муаммоларнинг олдини олишга ҳам ёрдам бераётганини таъкидлашмоқда.
Г.ТУРСОАТОВА, З.АБДУЛЛАЕВА, М.АБДУЛЛАЕВА,
Сурхондарё, Хоразм, Бухоро вилоят партия кенгаши матбуот котиблари.
К.САХАТОВ, “Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам равишда ишлашга Ўзбекистон “Адолат” социал-демокра...
01 янв 1970
Мутасадди ташкилотларга аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан депутатлик сўрови киритиш орқали уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш Ўзбекистон...
01 янв 1970
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгашида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бир қатор ишларни амалга оширмоқда....