«Адолатли қайнона» кўрик-танлови ўтказилмоқда

/
Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг янги лойиҳаси “Адолатли қайнона”, деб аталади. Бизни мамнун этган жиҳати шундаки, юртимизнинг жуда кўплаб мўътабар, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлари ушбу кўрик-танловимизда фаол иштирок этишмоқда. Биз уларга самимий миннатдорлигимизни билдирган ҳолда, ғолибларни қимматбаҳо мукофотлар ҳамда «Адолатли қайнона» кўкрак нишони кутиб турганлигини таъкидламоқчимиз.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тизимида, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда маҳаллалараро “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари бўлиб ўтмоқда. Сафдошларимиз ўртасида фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган, сиёсий маданияти шаклланган, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур танлов кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Таъкидлаш жоизки, оилалар мустаҳкамлиги жамият барқарорлигига хизмат қилади. Бунда ҳар бир хонадон аъзоларининг, айниқса, ҳаёт тажрибасига эга аёлларнинг, оналарнинг ўз ўрни бор. Оилада ҳам, жамиятда ҳам фаол аёлларнинг ташаббускорлиги уларнинг хонадонларидаги тинчлик-хотиржамлик, яхши оилавий муҳит туфайли рўёбга чиқади.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туманларида “Адолатли қайнона” танловининг қуйи босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди. Хусусан, Нишон туманида ташкил этилган беллашувда 29 та маҳалланинг барчасидан фаол сафдошларимиз қатнашди.
Танловда иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, жамият ҳаётидаги янгиланишлардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш, ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашда ибратли ҳаётий тажрибага эга эканлигига эътибор қаратилди.
— Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, хонадонларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, адолат тамойилларига қатъий риоя қилиш орқали оилавий ажримларнинг олдини олиш, ибратли аёлларнинг ҳаёт сабоқларини кенг тарғиб қилиш, муҳими, оила қонунчилиги ва бу борада белгиланган ҳуқуқий меъёрлар, чора-тадбирларнинг жойларда амал қилишига кўмаклашишдан иборат, — дейди туман партия кенгашининг “Аёллар қаноти” етакчиси Шаҳло Турсунова.
Муҳими шундаки, қайнона ва келин муносабатларининг ижтимоий аҳамияти бор, “Адолатли қайнона” танловида муайян ҳудудда истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллар иштирок этиши айни муддаодир. Уларнинг тажрибасини кенг тарғиб этиш зарур.
Танлов шартларига мувофиқ иштирокчилар оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, лидерлик ва нотиқлик қобилиятлари, оила тўғрисидаги миллий қонунчиликдан хабардорлиги, ўзи яшаётган ҳудуд анънаналари, урф-одатлари, ўзига хос хусусиятлари, оилавий қадриятлар ҳақида қай даражада билиши, фарзандларни баркамол этиб тарбиялашдаги ибратли фазилатлари, улар онгига оила ва никоҳнинг муқаддаслигини сингдира олганлиги, маърифатли экани, фаол фуқаролик позициясига эгалиги ва бошқа шу каби мезонлар асосида саралаб олинди.
Якуний натижаларга кўра, “Кимёгар” маҳалласида яшовчи Ойдин ая Сафарова ғолибликни қўлга киритиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Айтиш жоизки, Ойдин аянинг тўрт нафар ўғли ва келинлари, икки нафар қизи тинч-тотув, бахтиёр яшамоқда.
Шифкор Наргиза Сазанбаева, “Пахтазор” қишлоғида истиқомат қилаётган пенсионер Нафосат Соаткаримова 2-, 3-ўринларга сазовор бўлишди.
Райҳона ЎРМОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партия сайловчилар манфаатини рўёбга чиқаришда, айниқса, ўз депутатларига кўпроқ таянади. Албатта, бу борада маҳаллий Кенгашлардаги партия д...
01 янв 1970
Бухоро шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Мутасадди муассасаларнинг раҳбар ходимлари бу борадаги масъулиятини кучайтириши шарт....
01 янв 1970
Ёш спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари ҳақида ўқиб-эшитиб, ғурурланамиз. ...