Сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторлар иш бошлади

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборат” эканини, бу борада “соатдек аниқ ишлайдиган механизм” яратиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Юртимизда қонунчилик базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва қонунларни сўзсиз ижро этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, демократик ҳуқуқий давлатни ривожлантиришда давлат органлари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, хусусан, сиёсий партияларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Хусусан, мамлакатимизни демократик янгилаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий модернизация қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жараёнларида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг босқичма-босқич ва самарали амалга оширилиши партиянинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги демократик ҳуқуқий давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ғояларига ҳамоҳангдир.
Шундан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига тушунтириш, жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросида фаол иштирок этиш, бу борада маҳалла институтига яқиндан ёрдам бериш мақсадида ҳар ҳафтанинг сешанба куни республика миқёсида партиямизнинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш — тараққиёт мезони” лойиҳаси доирасида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган лекторлар кўмагида сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ўтказиш йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасида юртимиздаги ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторлари шакллантирилиб, сиёсий ўқувлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳларига бириктирилган лекторлар иштирокида жорий йилнинг 13 июнь куни жами 1253 та маҳаллада ана шундай тадбирлар бўлиб ўтди, уларда 14 минг нафарга яқин тингловчилар қамраб олинди.
Хусусан, 13 июнь куни Бухоро вилоятидаги жами 541 та маҳалланинг 500 тасида ўтказилган сиёсий ўқувларда 7468 нафар тингловчи иштирок этди.
— Самарқанд вилоят партия ташкилотида шакллантирилган лекторлар томонидан жами 32 маҳаллада сиёсий ўқув ўтказилиб, 471 нафар тингловчилар жалб қилинди, — дейди вилоят партия кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова. — Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Устозлар” маҳалласида 40 нафарга яқин фуқароларга Президентимизнинг фармон ва қарорлари, кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар, дунё сиёсий саҳнасида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди. Партиямиз фаоллари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз билан сиёсий ўқувларни юқори савияда ташкил этиб, Самарқанд вилоятидаги жами 1089 та маҳаллага кириб бориш режаси устида ишламоқдамиз.
Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий тафаккур фуқароларнинг маънавий қиёфасини белгилаб берадиган муҳим мезонлардан саналади. Ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабат билан ёндашадиган, юксак ҳуқуқий билимли кишиларни шакллантириб бориш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.
Ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали, биринчидан, қабул қилинган янги қонунлар ва бошқа қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг аҳоли қатламига ўз вақтида етказилишига эришилади, уларда ҳуқуқий маданият ва қонунларга амал қилиш кўникмалари шаклланади. Иккинчидан, сайловчилар ва кенг халқ оммаси орасида партия нуфузи ортиб боради, учинчидан, жойларда қонунлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши натижасида жамиятда ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар бартараф этилади, тўртинчидан, жойларда юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштириш орқали амалдаги қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилади, бешинчидан, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш имкони кенгайиб, ижтимоий муаммолар ижобий ҳал этилишига кўмаклашилади.
Аҳолининг сиёсий саводхонлик даражаси ортиб борар экан, ўз ўрнида, жамиятда қонун устуворлиги тамойилига сўзсиз риоя этилишига, белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига шароит яратилади.
Даврон МАНСУРОВ
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партиямиз аъзолари фаоллик ...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси тобора яқинлашиб келмоқда. 
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...
01 янв 1970
Ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ғоявий имммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида, буюк аждодларимизга муносиб ворисла...