Ўрганишлар натижалари сессияларда муҳокама этилди

/
Аввал хабар қилганимиздек, июнь ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди. Маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда фуқаролар, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўргандилар. Ўрганишлар натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессияларида муҳокама этилди.
Қашқадарё. Халқ депутатлари Дехқонобод туман Кенгашининг сессиясида ҳам мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳининг туманда ўтказган ўрганишлари натижаси муҳокама қилинди. Сессияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров олиб борди ва сўзга чиқди.
Таъкидлаш жоизки, депутатлар ва сенаторлар ҳудуддаги аҳолининг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишдилар. Ишчи гуруҳи аъзолари тадбиркорлар, фермерлар, иқтисодчилар, ижтимоий соҳа ходимлари, турли ёшдаги кўплаб фуқаролар билан бевосита учрашувлар ташкил этишди. Қарийб 900 дан ортиқ хонадонларда бўлиб, уларнинг турмуш шароитлари билан танишдилар. Учрашув ва мулоқотларга 2 мингдан ортиқ фуқаро қамраб олинди.
Аҳоли томонидан 20 га яқин йўналишга оид ўртага ташланган 1000 дан ортиқ масалаларнинг аксариятини кредит ажратиш, коммунал хизмат, аҳоли бандлиги, уй-жой, транспорт, йўл қурилиши, ичимлик суви таъминоти, банк пластик карточкалари орқали савдо қилишга оид муаммоларлар ташкил қилди.
Шуниси эътиборлики, мазкур муаммоларнинг асосий қисмини парламент аъзолари жойида ҳал этишга эришдилар. Масалан, “Қўрғонтош”, “Тоғайтемир”, “Оқартма”, “Оқбошоқ” қишлоқларида яшовчи аҳоли учун қишлоқ врачлик пунктларини замонавий асбоб-ускуна ва дори-дармонлар билан таъминлашда амалий кўмак берилди. “Тарқопчиғай” қишлоғидан 35 километр узоқликдаги, яъни “Қўрғонтош” қишлоғида жойлашган саноат касб-ҳунар коллежига қатнаб ўқийдиган ўғил-қизлар учун транспорт ажратилишига эришилди ҳамда бошқа маҳаллаларда яшовчи кўпгина хотин-қиз ҳамда ёшлар ишга жойлаштирилди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида сўзга чиққанлар кўпгина масалалар ижобий ечим топганига эътибор қаратиш билан бирга, жойлардаги муаммолар, уларни келтириб чиқараётган омиллар ва ҳал қилиш чоралари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Аҳолининг тиббиёт ходимлари хизматига нисбатан эътирози кўплиги учрашувлар чоғида аён бўлди. Туман тиббиёт бирлашмаси таркибидаги муассасаларнинг аксарияти тоза ичимлик суви ҳамда иссиқ сув билан таъминланмаган. Бўлимлар ва ҚВПларда малакали шифокорлар, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари етишмайди. Болалар бўлимини зарур дори-дармон воситалари билан таъминлаш қониқарсиз аҳволда.
Туманда ҚВПларнинг деярли барчасида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Бугунги кунда 16 нафар умумий амалиёт шифокорига, қишлоқ оилавий поликлиникалари учун 3 нафар УТТ мутахассиси, 5 нафар тез тиббий ёрдам шифокори, 3 нафар акушер-гинеколог, 3 нафар педиатр, 3 нафар терапевт ва 11 нафар тор доирадаги мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. ҚВПларнинг физиотерапия аппаратлари эскириб қолган. Ачинарлиси, мавжуд ҚВПларга 2000 йилдан буён бирорта ҳам физиотерапия аппарати берилмаган. Аҳоли орасида тиббиёт соҳасига оид профилактика ишлари керакли даражада олиб борилмагани натижасида юқумли касалликлар сони ортгани кузатилди. Масалан, биргина ўтган йили 11 нафар фуқаро вирусли гепатитга чалинган бўлса, жорий йилда бу рақам 55 тани ташкил этди.
Тумандаги барча тез тиббий ёрдам шохобчаларининг иши талабга жавоб бермайди. Аҳоли сонига нисбатан тез тиббий ёрдам бригадаси етишмайди. Қишлоқ оилавий поликлиникалари биноларининг аксарияти таъмирталаб бўлиб қолган. Уларнинг тиббиёт асбоб-ускуналари ва дори-дармон билан таъминланиши ҳам аҳолини қониқтирмаяпти. Шунингдек, электр энергияси таъминотидаги узилишлар тиббиёт муассасаларидаги мавжуд ускуналардан самарали фойдаланиш имкониятини бермаяпти.
Туманда бандлик маркази ходимларининг ўз вазифаларига ўта совуққонлик билан ёндашаётганликлари боис ҳудудда ишсизлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳарбий хизматдан қайтган 79 нафар ёшлардан 5 нафари, муқаддам судланган 24 нафар фуқародан 8 нафари ҳанузгача ишга жойлашмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Туманда ободонлаштириш ва чиқиндиларни йиғиш ишлари ҳам бугунги кун талаби даражасида ташкил этилмаяпти. Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳам қониқарсиз. Туманда истиқомат қилаётган фуқароларнинг кўпчилиги тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Яъни жами аҳолининг 91 фоизи бундай имкониятдан фойдалана олмаяпти.
Таълим муассасаларининг моддий-техника таъминоти, ўқитиш сифати ҳам кўнгилдагидек эмас. Дарсликлар, қўлланмалар, ўқув қуроллари ва жиҳозлар етишмайди. Айрим ўқув бинолари таъмирталаб, етарли даражада иситилмайди. “Хўжапулон” қишлоғида жойлашган 26-мактабда телефон алоқаси йўқ, шундай бўлгач, интернет алоқаси ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Она тили, математика, чет тили каби фанлардан мутахассис етишмайди. 5-, 4-,6-,27-мактабларда ҳам аҳвол яхши эмаслиги ўрганишлар давомида аниқланди.
Тумандаги мавжуд 1259,8 километр ички йўлларнинг 870,0 километри таъмирталаб ҳолатда, 320 километри эса тупроқ йўллардан иборат.
Прокуратура, ички ишлар идоралари томонидан ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича етарли чоралар кўрилмагани оқибатида туманда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятларнинг айрим турлари камаймаяпти. Қасддан одам ўлдириш, ўғрилик, одам ўлимига сабаб бўлган транспорт ҳодисаси ошган.
Туман ички ишлар бўлими мутасаддиларининг етарли даражада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормаганлиги натижасида жорий йилнинг ўтган ойлари давомида рўйхатга олинган 58 та жиноятнинг 6 таси ҳалигача очилмаган. Шунингдек, ҳозиргача 87700 нафар биометрик паспорт олиши керак бўлган фуқаролардан 37400 нафари биометрик паспортини олмаган.
Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан мутасадди идора ва ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Очиқ, ошкора руҳда ўтган сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Фуқароларнинг турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчиликлар, хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, транспорт, алоқа, коммунал хизматларни намунали йўлга қўйиш лозимлиги юзасидан депутатлар ўз таклифларини беришди. Шуниндек, тадбиркорлик билан шуғулланаётган оилаларга қўшимча қулайлик яратиш учун банк кредитлари ажратиш масаласи чуқур таҳлил этилди.
Муҳокамалардан сўнг сессияда қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, жумладан, туман ҳокимлигига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини 10 кунлик муддатда ишлаб чиқиш ва унинг ижросини ўз вақтида таъминлаш вазифаси топширилди. Туман прокуратураси ўрганишлар давомида қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ва амалга оширган ишлари тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот тақдим этиши белгилаб қўйилди.
Ҳудудда биометрик паспорт олмаган фуқароларни бир ой ичида тегишли тартибда аниқлаш ва ушбу масалада уларга амалий ёрдам бериш вазифаси туман ички ишлар бўлимига юклатилди.
Туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари А.Муҳаммадиев, туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи С.Абуев ва туман маданият бўлими бошлиғи Э.Қиличев иш фаолиятида камчилликларга йўл қўйганлиги сабабли белгиланган тартибда уларнинг ўз лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Эгамшукуровга, туман давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Жўраевга, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбари А.Ҳимматовга, “Сув-оқава” давлат унитар корхонаси туман филиали раҳбари Ш.Худойназаровга йўл қўйилган камчиликлар учун интизомий жазо чорасини қўллаш вилоятдаги мутасадди ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан сўралиши қайд этилди.
Шунингдек, “Жанубгазтаъминот” унитар корхонасининг туман филиали раҳбари Н.Тўлаганов, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Х.Худойбердиев ҳамда Бандликка кўмаклашиш марказ раҳбари Д.Ҳайдаров мазкур йўналишларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўриши, камчиликларни бартараф этмаган тақдирда интизомий жавобгарликка тортилиши, туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбари ў.Хўжамқулов иш фаолиятидаги камчиликларни бир ой муддатда бартараф этмаган тақдирда лавозимига лойиқлиги масаласи қонуний тартибда кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига ўзлари сайланган сайлов округи ҳудудида аҳолининг турмуш даражаси ҳамда ижтимоий аҳволини ўрганиб бориш, аниқланган ҳар бир муаммонинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш вазифаси топширилди.
Сессия қарорининг ижросини таъминлаш учун масъул бўлган мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш, бу масалада сусткашликка йўл қўйган масъул шахсларнинг ўз лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш юзасидан сессияга таклифлар киритиш вазифаси халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклатилди.
Ҳар чорак якунида туман ҳокими мазкур қарор ижроси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ёзма ахборот тақдим этиши белгиланди.
Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан қабул қилинган қарорда парламент аъзолари аҳоли билан мулоқотларда аниқлаган нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу кунларда ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда...
01 янв 1970
Уюшмаган ёшлар ўз муаммосини ҳал этишда “Адолат” СДПга ишонмоқда
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган биринчи йиғил...