Очиқлик ва ҳисобдорлик фаолиятимизни яхшилашга кўмаклашади

/
Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида “Аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва ривожлантириш бўйича 2017 йилнинг биринчи чорагида Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар” юзасидан шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ўлмас Саиджонов батафсил маълумот берди.
Эшитувни Қувасой шаҳар партия кенгаши раиси Д.Мирзаева олиб борди. Ў.Саиджоновнинг қайд этишича, 2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб шаҳардаги аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларда бир қатор янгиланишлар рўй берди. Жумладан, шаҳардаги 6 та ҚВП (“Янгиер”, “Полмон”, “Мўян”, “Лашкар”, “Қақир”, “Валик”) ўзига энг яқин масофада жойлашган ҚВПларга ва шаҳар оилавий поликлиникасига бириктирилди. Айни пайтда тиббиёт бирлашмаси таркибида 3 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 1 та шаҳар оилавий поликлиникаси, 3 та ҚВП (“Арсиф”, “Дўстлик”, “Қўчқорчи”) фуқароларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатмокда. Қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этишда, аввало, ҚВПнинг моддий-техник базаси (бино ҳолати, сув, электр, газ таъминоти, канализация мавжудлиги) назарда тутилган.
Шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳудуд аҳолисига 5 турдаги (педиатр, терапевт, жарроҳ, стоматолог, акушер-гинеколог, УЗИ врачи) тор доирадаги мутахассисларни бириктириш, уларнинг ўзаро узвий алоқасини таъминлаш ва бу билан тиббий хизмат кўрсатишда қулайликлар яратишдан иборат эканини таъкидлаб ўтди.
Режа асосида мақбуллаштириш олиб борилган ҚВПларда умумий амалиёт шифокори фаолияти тўхтатилмади. Яъни бу ерда доимий умумий амалиёт шифокори хонаси, болаларни эмлаш хонаси, аҳолига муолажалар ўз вақтида ва қулай шароитда амалга оширилишини таъминлаш учун муолажа ва лаборатория хоналари доимий фаолият юритмоқда. Шу ҳудудда патронаж хизматини ўтаётган ҳамширалар ҳам ўз хизматини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, янги ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникалари ва ҚВПларнинг иш фаолияти 8-00дан 20-00га қадар белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникалари таркибидаги тез тиббий ёрдам хизмати орқали аҳолига туну кун хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари молиявий жиҳатдан шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибига киритилди. Янги бириктирилган ҚВПларнинг тиббий асбоб-анжомлари қайта хатловдан ўтказилиб, рўйхат асосида қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳисобига ўтказилди.
Эшитув давомида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Зулфия Артиқова аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича шаҳар тиббиёт бирлашмаси қандай янги таклиф ва мақсадларни режалаштираётгани билан қизиқди. Бу борада Қувасой туғуруқ комплекси раҳбари Дилором Машарипова маълумот берар экан, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пунктларида (Масалан, “Арсиф”, “Дўстлик”, “Қўчқорчи” ҚВП) жорий таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, аҳолига туну кун узлуксиз хизмат кўрсатувчи ва банк пластик карточкалари билан савдо қилувчи дорихоналар сони кўпайтирилганлиги (жорий йилда 12 тадан 19 тага ошди), МФЙлар билан ҳамкорликни кучайтириш орқали эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга ҳаракат қилинаётганини маълум қилди.
Шуни қайд этиш лозимки, шаҳар тиббиёт бирлашмаси, марказий шифохона ва марказий поликлиникалар инвестиция дастури асосида тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Мазкур муассасалар “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозланган. Бугунги кунда шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси учун доимий зарур бўлган тиббий анжомлардан эхоэнцефалография, эхокардиография, компьютер тамографияси аппаратлари мавжуд ва аҳолига сифатли хизмат қилмоқда.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Абдусамат Назирдинов тиббиёт муассасаларида олиб борилган ўрганишларда аниқланган бир қатор муаммо ва камчиликлар хусусида сўз юритди.
Жумладан, шаҳарда умумий амалиёт шифокорлари ва тор доирадаги мутахассисларнинг етишмаслиги, бугунги кунда ушбу йўналишдаги умумий амалиёт шифокорлари учун 26,5 иш ўрни вакантлиги, ультратовуш текшируви шифокори, педиатрлар, терапевт, жарроҳ, стоматологлар етарли эмаслиги, бу эса аҳоли учун анча ноқулайликларни пайдо қилаётганини таъкидлади. Шу боис аҳоли орасида тиббий хизматдан қониқмаслик ҳолатлари юзага келаётгани, айрим фуқаролар чет элга бориб даволанаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
— Қайд этилганидек, малакали кадрлар етишмаслиги масаласи долзарб муаммо бўлиб қолмоқда, — деди Қувасой шаҳар амбулатор поликлиника мудири Ашурхон Исроилова. — Бу муаммо аҳолига моддий томондан сезиларли равишда қийинчилик туғдирмоқда. Бир мисол келтириб ўтсак. Қувасой шаҳар “Боғбон” маҳалласида яшовчи, вояга етмаган фуқаро Ж.Ҳакимов глаукома касаллигига чалинган ва “миопия юқори даражаси” ташхиси билан Россиядаги тиббиёт муассасасига борган ва 2015-2017 йиллар давомида жарроҳлик йўли асосида даволанди. Табиийки, фуқаро даволаниш мақсадида катта сарф-харажат қилган ва у ҳозирги кунда ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд.
Эшитув жараёнида мазкур тиббиёт бирлашмасига киритилган депутатлик сўровлари натижалари ҳам муҳокама этилди. Жорий йил давомида бирлашмага партиямиз депутатлари томонидан 10 та сўров киритилган. Мазкур депутатлик сўровларининг учтаси тиббиёт коллежи битирувчиларини бўш иш ўрни билан таъминлаш, 3 таси чегара ҳудудларда (“Полмон”, “Боғбон”, “Лашкар” маҳаллалари) тиббий кўриклар ўтказиш, 4 таси касб-ҳунар коллежларида соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган тадбирлар ташкил этишга доир бўлиб, улардан 7 таси ижобий ҳал этилган. Тиббиёт коллежи битирувчиларини бўш иш ўрни билан таъминлаш масаласида киритилган депутатлик сўровларига йўлланган жавобларда мазкур битирувчилар Қувасой тиббиёт бирлашмасида қатъий тартибда юритилаётган “бўш иш ўринларига номзодлар рўйхати”га киритилгани, навбат асосида ушбу масала ҳал этилиши маълум қилинган.
Йиғилишда депутатлик гуруҳи билан тиббиёт бирлашмаси ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди, шифокорларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳам ўрганилди. Хусусан, шифокор-реаниматологлардан Ойбек Тўхтасиновнинг тиббиёт бирлашмасига қўшимча реанимация бўлими ажратиш тўғрисидаги, Маҳмуд Хушвақтовнинг фтизиатр мутахассиси учун қўшимча штат ажратиш ва сил касаллиги бўйича тиббий назорат сусаймаслиги учун ушбу йўналишда ишловчи ходимлар сонини ошириш хусусидаги таклифларига депутатлар эътибор қаратишди. Депутатлар ва тиббиёт ходимлари фаолиятда очиқлик ва ҳисобдорлик муассаса ишини яхшилашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят партия кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир хонадон оила мустаҳкамлигини таъминлашида, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш, аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттир...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Миробод туман кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир й...
01 янв 1970
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. ...