Ўқувчиларнинг узоғи яқин бўлди

/
Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб бориш, жойларда дастурий вазифаларимизни рўёбга чиқариш, электоратни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Партия фаоллари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораётган депутатлик гуруҳи аъзолари жойларда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишда амалий натижаларга эришмоқда.
Жорий йилда қишлоқ жойларидаги аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжалигидан унумли фойдаланиши, ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда, мева-сабзавот, картошка, узум, полиз маҳсулотларига бўлган талабни ички имкониятлар ҳисобидан қондириш, ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш орқали нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга доир чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, томорқаларда маҳсулот етиштириш, ҳар бир хонадоннинг шахсий ва дала томорқаларига талаб этиладиган моддий ресурслар (уруғлик, кўчат, минерал ўғит, кимёвий воситалар ва бошқалар) миқдорини белгиланган меъёрлар асосида аниқлаш ва уларга етказиб бериш масалаларида депутатлар туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб, самарали тарғибот олиб боришмоқда. Депутатлик гуруҳининг ҳар бир аъзоси ўзи сайланган ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни илгари суриб, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Ушбу мақсадларни амалга оширишда халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини рўёбга чиқаришнинг янги механизмларидан унумли фойдаланилаяпти. Ўрганилган масалалар юзасидан мутасадди корхона ва ташкилотларга киритилган депутатлик сўровлари раҳбар ходимларни ўз вазифасига янада масъулият билан ёндашишга ундамоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Эшдавлат Алиқуловга “Янгиобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Норалиев чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. “Микрокредитбанк”нинг Қизириқ туман бўлими бошлиғига депутатлик сўрови юборилгач, фуқаро Ж.Норалиевга зарур кредит маблағи берилди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, ҳалол меҳнат қилаётган Ж.Норалиев эндиликда боғдорчилик ва иссиқхона ташкил қилиш орқали фаолиятини кенгайтириш истагида депутатга ўз мақсадини баён қилди, ҳозирда унинг мазкур мурожаати ҳам ўрганилмоқда.
“Истара” маҳалласи фаолларининг 37-умумтаълим мактабига олиб борувчи ички йўллар таъмирталаб аҳволда эканлиги ҳақида депутат Тошбой Бердиевга билдирган таклифи ижобий натижа берди. Депутат аралашгач, маҳалладаги ички йўлларга тош ётқизилиб, ҳозирда асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Ота-оналарнинг таъкидлашича, ёғингарчилик вақтларида йўлларда лойгарчилик бўлганидан ўқувчилар мактабга боришга қийналарди, эндиликда бу муаммо бартараф этилди.
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Янгибой Бўронов ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. Депутат қабулига келган “Гулистон” маҳалласида яшовчи Эштемир ота Хўжановнинг мурожаати ҳал қилиниши туфайли аҳоли учун яна бир қулайлик яратилди. У невараси Мухлиса Эштемирова ўзи ўқиётган маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига дарсга боришга қийналаётгани, чунки “Кун чиқиш” маҳалласидаги ушбу таълим маскани билан улар яшаётган жой орасидаги масофа 8 километрдан иборат эканини айтиб, автобус қатновини йўлга қўйиш зарурлигини баён қилди. Я.Бўронов депутатлик сўрови киритиш орқали мутасадди ташкилот билан ҳамкорликда бу муаммо тез орада ҳал этилишига эришди. Қишлоқдан коллежга автобус қатнови йўлга қўйилиб, Мухлисага ўхшаган юзлаб ўқувчиларнинг узоғи яқин қилинди.
Бир қарашда бу оддий масала, кундалик эҳтиёж каби туюлади. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилса, хайрли ташаббуснинг асл моҳиятини англайсиз. Муҳими, эндиликда йўл узоқлиги боис ўқувчилар дарс қолдиришмайди. Демак, улар дарсдан қолиб, бекор юрмасдан коллежда билим ва касб-ҳунарларни яхшироқ ўрганишади. Ўқувчилар учун йўл қатнови қулай бўлиб, ҳар куни ўз вақтида таълим масканига етиб бориши, сабоқларни пухта ўзлаштириши ўғил-қизларнинг ҳар бири келажакда ҳаёт йўлини топишида муҳим аҳамиятга эга. Вояга етаётган ҳар бир ўғил-қизнинг билим ва маънавият пойдевори мустаҳкамланиб боришида ҳеч бир омилни назардан четда қолдириб бўлмайди.
Шавкат ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши бош мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар натижаларига бағишланган брифингда “Адолат...
01 янв 1970
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгашида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
01 янв 1970
“Гулзор” маҳалласида яшовчи Турғунжон Жўраева қўйган муаммонинг ечимини топиш вазифаси эса назорат остига олинди....
01 янв 1970
“Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби” мавзусида ўқув-семинар ў...