Туман ҳокимлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўрганилмоқда

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилар экан, “Аввало, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор”, дея алоҳида таъкидлаганди. Бугун эса ана шу эзгу мақсадлар рўёбга чиқиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, тамойили амалда қарор топмоқда.
Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан халқ билан янада яқинроқ ва тўлақонли мулоқот қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мулоқот самарадорлиги давлатимиз раҳбарининг туманимиздаги Халқ қабулхонасида ўтказилаётган қабулларда яққолроқ намоён бўлмоқда. Қабулхонада барча зарур жиҳозларга эга бўлган кутиш зали, она ва бола хонаси, дори-дармон ҳамда тиббий воситалар билан таъминланган тиббиёт хонаси мавжуд.
Халқ қабулхонасида ҳар ҳафтанинг сешанба, пайшанба кунлари туман ҳокими, чоршанба, жума кунлари туман прокурори, душанба, жума кунлари туман ИИБ бошлиғи томонидан қабул ўтказиб келинмоқда. Ҳафтанинг шанба куни эса дахлдор идора, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирокида ҳафта давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилиниб, уларнинг ечими юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Агар рақамларга назар ташласак, 2017 йилнинг 5 май санасига қадар Президентимизнинг туманимиздаги Халқ қабулхонасига 568 та мурожаат келиб тушган. Шундан 105 таси ҳал қилинган, 294 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 15 таси асослантирилган ҳолда рад этилган. 45 та мурожаат эса мутасадди идораларга юборилган. Қолган 109 таси юзасидан айни пайтда ўрганишлар давом этмоқда. Мурожаатлар орасида моддий ёрдам, коммунал хизматлар, пенсия ва нафақа, уй-жой ҳамда иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва йўл қурилишига оид масалалар асосий қисмни ташкил этаётгани дахлдор идоралар мутасаддиларидан янада масъулиятли бўлишни талаб этади.
Масалан, туман ҳокимининг қабулида бўлган “Қашқар” ҚФЙ “Қўрғонча” қишлоғида яшовчи Азизахон Мамаюнусова фарзандига нафақа тайинланишини сўраган эди, мазкур мурожаат қаноатлантирилиб, қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан А.Мамаюнусованинг фарзандига 14 ёшгача бериладиган нафақа тайинланди.
Ёки “Капаянги” қишлоғида истиқомат қилувчи Абдулатиф Набиев ҳудуддаги қум барханлари кўчиши оқибатида ариқ-зовурлар кўмилиб қолаётганини билдириб, амалий ёрдам сўради. Бинобарин, тегишли ташкилот раҳбарига ариқ-зовурларни кавлаш юзасидан топшириқ берилди.
Шу билан бирга, аҳолига қулайлик яратиш ва узоғини яқин қилиш мақсадида қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр қабуллар ҳам ўтказилмоқда.
Соғлиги ва бошқа сабаблар туфайли Халқ қабулхонасига боролмайдиган фуқаролар ўз мурожаатларини айни шундай қабуллар орқали баён этишмоқда. Энг муҳими, учрашув ва мулоқотларда аҳолини ташвишлантираётган аксарият муаммолар ўз ўрнида ҳал қилинмоқда. Хусусан, “Ватан” ҚФЙда ўтказилган сайёр қабулда фуқаро Э.Жўраев “Қият сартол” маҳалласидаги “Тинчлик” кўчасида йўл таъмирталаб эканини баён қилди. Мазкур мурожаатга асосан туман йўл хўжалиги пудрат-таъмирлаш фойдаланиш корхонаси томонидан кўчанинг 600 метр қисмини янгидан асфальтлаш ишлари бошланди. Бунинг учун туман йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 2017 йилги манзилли дастурига биноан 117 миллион сўм маблағ ажратилди.
Дарвоқе, ўтказилаётган сайёр қабулларда нафақат мурожаатлар ечим топмоқда, балки юртдошларимизга уларни ўйлантираётган масалага оид қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳам батафсил тушунтириб борилмоқда.
Бундан ташқари, туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрда имзоланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фикрларимизни таҳлиллар асосида давом эттирадиган бўлсак, 2017 йилнинг дастлабки 4 ойи мобайнида туман ҳокими номига жисмоний шахслардан 463 та, юридик шахслардан 138 та мурожаат келиб тушди. Энг аҳамиятлиси, айни мурожаатларнинг 368 таси ижобий ҳал этилди, 213 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 20 таси асослантирилган тарзда рад қилинган.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими Бешариқ туманида ҳам ижобий самара бермоқда. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди.
Нурмуҳаммад ОТАЖОНОВ,
Бешариқ тумани ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат”  социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгашида депутатлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари ...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасалари фарзандларимизнинг онгу тафаккури ўсишида муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаат...