Муаммолар ҳал этилишида раҳбарларнинг масъуллиги ортмоқда

/
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари республикамизнинг қатор туманларида аҳоли билан мулоқот қилиб, одамларнинг турмуш шароити, уларни ўйлантираётган масалалар ва ижтимоий объектларининг бугунги ҳолатини атрофлича ўргандилар. Ўрганиш натижалари таҳлил этилиб, аниқ чоралар белгиланмоқда. Ушбу жараёнларда Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.
СУРХОНДАРЁ. Шўрчи туманида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров ва фракция аъзолари Даврон Тангиров, Ёрмамат Холиёров маҳаллалар, хонадонлар, корхона ва муассасаларда бўлиб, фуқаролар, ишчи-ходимлар билан мулоқотлар қилишди.
Аввало, шуни айтиш керакки, Шўрчи тумани Сурхондарё вилоятининг чекка, тоғолди ҳудудларидан бири, бу ерда 200 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади. Иқтисодиёти, асосан боғдорчилик ва мевачиликка, шу тармоқда етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослашган. Кейинги йилларда туманда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқариш ҳисобига аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига янгидан-янги корхоналар ишга туширилмоқда.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотлар чоғида туманда ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмаслиги аён бўлди.
Наримон Умаров тумандаги Карвон шаҳарчасида жойлашган 5-умумтаълим мактаби филиалида муаллимлар ва ёшлар билан суҳбатлашди. Ўрганишларда 187 нафар бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган ушбу таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарурлиги маълум бўлди. Жумладан, мавжуд стол-стуллар, синф доскаси эскириб қолган. Хоналар таъмирталаб аҳволда, электр энергияси билан таъминланмаган. Мактаб ҳудудини ободонлаштириш лозим. Н.Умаров ушбу камчиликларни тез орада бартараф этиш ҳақида туман ҳокимлиги, туман халқ таълими муассасаларини методик жиҳатдан таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутасаддилари билан фикрлашди, бу борада аниқ чоралар кўриладиган бўлди.
Н.Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи фуқаро Илҳом Тўрақуловнинг хонадонида турмуш шароитлари билан танишди. Уйнинг таъмирга муҳтожлиги, шунингдек, бир қатор хонадонларда ҳам шу каби ҳолатлар борлиги бу ерда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш борасида амалий ишлар қилиш лозимлигини кўрсатди. Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан тилга олинган масалаларнинг бир нечаси жойида ечим топди. Вилоят миқёсида ҳал этиладиган муаммолар бўйича мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида иш олиб борилади ва депутатлар томонидан назорат қилинади.
“Элбаён” маҳалласида чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланиб келаётган фуқаро П.Жабборов ўз фаолиятида санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаётгани аниқланди ва зарур чора-тадбирлар кўрилиб, мавжуд муаммо ҳал этилди.
Фуқаролардан Комила Бегматова, Бозорбой Тошпўлатов, Дилафрўз Омонқулова, Шаймардон Чориевларнинг биометрик паспорт олиш масаласида қилган мурожаатлари бўйича Н.Умаров туман ИИБ вакиллари билан фикрлашгач, бу борада амалий ишлар қилинадиган бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Сурхондарё вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида стевия ўсимликларини етиштириш мақсадида фаолият юритиб келаётган “Оллоҳёрохун” стевия экспериментал фермер хўжалигида ҳам мулоқотлар бўлди. Маълум бўлишича, доривор стевия ўсимликларини етиштириш мақсадида фермер хўжалигига 25 гектар ер ажратиб берилган. Аммо фермер хўжалиги 1 гектар майдонда иссиқхона барпо этиши учун манзилли дастурга асосан “Асака” банкнинг тегишли филиали томонидан кредит ажратилиши шу вақт мобайнида кечиктириб келинмоқда. Н.Умаровнинг мурожаатига кўра Марказий банкнинг вилоят бошқармаси мутасаддилари билан муаммони ҳал этиш масаласида келишилди.
АНДИЖОН. Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаеванинг Қўрғонтепа туманидаги Қорасув шаҳри аҳолиси билан учрашувларида фуқароларнинг фаоллиги, ҳуқуқий маданияти ошиб бораётгани намоён бўлди.
Депутат М.Дадаходжаева “Амир Темур” маҳалласидаги 31 та хонадонда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашди. Албатта, жойларда муаммолар ҳам йўқ эмас. Мулоқот чоғида М.Дадаходжаевага фуқаролар 30 дан зиёд масала юзасидан мурожаат қилишди. Шундан 7 та масала мутасадди ташкилотлар вакиллари кўмагида шу жойнинг ўзида ечимини топди, қолган масалалар ҳал этилиши бўйича масъул ташкилотлар ходимлари билан келишилди.
Ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Оминахон Отахонова бир ҳовлида тўртта оила яшаётгани, улар алоҳида уй-жойга эга бўлиши масаласида ёрдам сўради. Депутат ушбу йўналишда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунча берди ва тегишли тартибда кўриб чиқиб, муаммони ҳал этиш юзасидан масъул идораларнинг вакиллари билан келишиб олинди.
“Мирзо Улуғбек” маҳалласида яшовчи фуқаро Ферузахон Умарова анчадан буён иш топишга қийналаётган эди. Депутат аралашуви билан у туман ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштирилди.
ХОРАЗМ. Хива туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг фуқаролар билан учрашувлари ҳам самарали бўлди. Бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ишчи гуруҳ аъзоларининг фуқаролар билан мулоқотларида аниқланган масалаларнинг бир нечаси ўз жойида қисқа муддатларда ҳал этилди.
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоевнинг ишчи гуруҳи таркибида фуқаролар билан ўтказган учрашувлари ҳам ҳудудни янада ривожлантириш, аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда ижобий аҳамиятга эга бўлди.
Тумандаги “Гулшан” маҳалласида яшовчи фуқаролар Саробиби Ҳақназарова, Ҳайитжон Матмуродова мутасадди ташкилотнинг маҳалладаги хонадонларга яқин бўлган жойда юқори кучланишли электр тармоғини 1 километр узунликда тортиш режаси борлиги, бу ишнинг амалга оширилиши шу ерда яшайдиган аҳоли, айниқса, ёш болалар учун хавф туғдириши эҳтимоли борлигини айтишди. Депутат М.Қурбонбоев туман электр тармоқлари ташкилоти ҳамда туман ҳокимлиги билан биргаликда бу масалага ойдинлик киритишини маълум қилди. Бир гуруҳ фуқаролар ушбу маҳаллада ичимлик сув қувури ишламаётганлиги, бу ҳақда тегишли ташкилотнинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилишгани, аммо ҳалигача муаммо ҳал этилмагани ҳақида шикоят қилишди. Депутат шу жойнинг ўзида туман “Сув-оқова” корхонаси мутасаддилари билан фикрлашди ҳамда бу муаммо ўрганилиб, тез кунда ҳал этилишига келишиб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур бирлашмада бир қатор ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, тиббиёт бирлашмаси ҳудудида турли транспорт воситаларининг тўхтаб туриши ҳамда бемалол кириб-чиқиши, бу ердаги йўлларнинг айрим қисмлари таъмирталаб бўлиб қолганига гуруҳ аъзолари эътибор беришди. Шунингдек, урология, реанимация, шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари билан танишилганда турли ҳажмдаги шприцлар етишмаслиги, вата, бинт каби айрим тиббий воситаларни беморлар дорихоналардан сотиб олиб келтираётгани маълум бўлди. Терапея бўлимида 70 фоиз дори-дармонни беморларнинг ўзлари дорихоналардан сотиб олиб келишмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасига бошқа туманлардан келиб даволанадиган беморлар 10 минг сўмдан ҳомийлик сифатида маблағ тўлаётганлиги ишчи гуруҳ аъзоларининг диққатини тортди.
Ишчи гуруҳи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими фаолияти билан ҳам танишди.
— Бўлимда 12 та “Тез тиббий ёрдам” машинаси бор, шундан 5 таси 1997 йилда ишлаб чиқарилганлиги боис анча эскирган. Уларнинг ўрнига бўлим янги тиббиёт машиналари билан таъминланса, айни муддао бўлар эди, — деди катта ҳайдовчи Абдулла Абдуллаев.
Мақсуд Қурбонбоев бу масалани ҳал қилиш учун туман ҳокимлигига мурожаат этди ва ижрони ўз назоратига олди.
Ишчи гуруҳи туман марказий деҳқон бозори фаолияти билан танишди. Хусусан, бозордаги гўшт ва гўшт маҳсулотлари ярмаркасида ишлаётган сотувчиларда савдо терминали аппарати йўқлиги аниқланиб, депутат М.Қурбонбоев бу ҳақда Марказий банкнинг вилоят бошқармаси мутасаддиларига маълум қилди. Ушбу бошқарма вакиллари шу мақсадда зарур терминал апппаратлари вилоятга эндигина келтирилганлиги, бу масала 2-3 кун ичида ечим топишини қайд этишди. Шунингдек, ушбу деҳқон бозори раҳбари Дилшод Мадраҳимов давлатимиз томонидан белгиланган тегишли дастурга мувофиқ янги бозор мажмуасини қуриш кўзда тутилганини, айни пайтда йўл қўйилган камчиликларни барча ходимлар, тадбиркорлар ва сотувчилар билан ҳамжиҳатликда тезда бартараф этишни ўз зиммасига олишини таъкидлади.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Парламент аъзоларининг Паркент туманидаги аҳоли билан мулоқотлари ҳам ҳудудда мавжуд бир қатор масалаларнинг қонуний ҳал этилишида амалий аҳамият касб этди.
— Ўрганишлар чоғида “Бойқозон” маҳалласидаги 20 дан зиёд хонадонда бўлиб, юртдошларимизнинг кўнглидаги гапларга қулоқ тутдик, — дейди Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Людмила Кошелапова. — Уларни ўйлантираётган масалаларга эътибор қаратиш асносида, бугунги олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган бунёдкорлик ишлари тўғрисидаги фикрлари билан ҳам қизиқдик. Маҳалла аҳлининг тинч-осойишда юртимизда шукрона келтириб ҳалол меҳнат қилаётганидан қувондик. Шу билан бирга, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қилдик.
Хусусан, маҳалла аҳолиси ичимлик суви танқислигидан шикоят қилишди. Л.Кошелапова туман “Сув-оқова” корхонаси раҳбарияти билан фикрлашиб, ушбу масалага ойдинлик киритди. Унга кўра, туман “Сув-оқова” корхонаси раҳбари Васпиддин ўаффоров мазкур маҳалланинг ичимлик суви таъминоти яхшиланишини билдирди.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Чанги” маданият ва аҳоли дам олиш маркази фаолияти билан танишдилар. Ўрганиш чоғида мазкур объектнинг таъмирталаб эканлиги маълум бўлди. Депутат Л.Кошелапова аралашуви билан мутасадди ташкилотлар томонидан бинонинг кириш қисмини таъмирлаш ҳамда атрофини ободонлаштириб, аҳолига қулайлик яратиладиган бўлди.
БУХОРО. Вобкент туманидаги қатор маҳаллаларда Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраевнинг фуқаролар билан олиб борган мулоқотлари амалий натижаларига кўра аҳамиятли бўлди.
Қодир Жўраев мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида фуқароларнинг ютуқлари билан ҳам ўртоқлашди. “Бешработ” маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳусен Бойжонов ибратли ишлари ҳақида шундай деди:
— Халқ банкининг туман бўлимидан кредит олиб, паррандачилик фаолияти билан шуғулланиб келаяпмиз. Бундан нафақат хонадонимиз аҳли, балки қишлоқдошларимиз ҳам наф кўрмоқда. Ҳам ишсизлик муаммосининг олди олинди, ҳам қишлоқ аҳли арзон нархдаги парранда маҳсулотлари билан таъминланмоқда.
“Қўнғирот” қишлоғида яшовчи Ҳомид Бафоев ҳам депутат бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзоларига иссиқхонада етиштираётган маҳсулотлар, шунингдек, чорвачилик билан ҳам шуғуллана бошлаганлиги хусусида баён қилди.
Учрашувларда ечимини кутаётган масалалар ҳам тилга олинди. “Қўнғирот” қишлоғида яшовчи ўолиб Ҳусенов паррандачилик ва иссиқхона барпо қилиш мақсадида Халқ банкининг туман бўлимига кредит олиш учун мурожаат қилганлиги, аммо бунга эришолмаганини билдирди. Қ.Жўраев ушбу масала бўйича белгиланган тартибда банк муассасасига депутатлик сўрови киритилишини келтириб ўтди.
Шунингдек, тумандаги бир қатор таълим муассасаларида яратилган шароитлар ўрганилди. Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, Қ.Жўраев ўқувчилар давоматига масъулият билан ёндашиш мақсадида ўрнатилган махсус аппаратнинг афзалликларига қизиқди. Коллежда ўрнатилган тартиб-интизом ёшларнинг мукаммал билим эгаси бўлишлари учун яна бир имкон эканлигини таъкидлади.
“Мўминобод” маҳалласида жойлашган 40-умумтаълим мактаби жамоаси билан ўтказилган мулоқот ёш авлодга таълим-тарбия беришнинг муҳим масалаларига қаратилди. Айтиш жоизки, мактабда компьютер хоналари жиҳозланган. Инглиз ва рус тили хоналари ҳам замон талабига жавоб беради. Шу билан бирга, ўқитувчилар технологиялар хонаси, фаоллар ва ўқитувчилар хонасида жиҳозлар етишмаслигини айтишди. Депутат Қ.Жўраев халқ таълими муассасаларини методик жиҳатдан таъминлаш ва ташкил этиш бўлими билан ҳамкорликда партия депутатлари бу масала ҳал бўлишида ёрдам кўрсатишини маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотларида аниқланган долзарб масалалар халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессияларида муҳокама этилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган Сайлов кодекси сайловларимизнинг демократик принциплар асосида ўтишига тўла им...
01 янв 1970
Барча соҳалардаги туб ислоҳотлар самараси биз, ёшларнинг маънавий қарашларимиздаги янгиланиш, онг-тафаккуримизнинг юксалишида акс этмоқда...