Кексаларимиз ҳамиша дуода

/
Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мукаррам. Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу инсонпарвар тамойиллар мужассам.
9 май Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун биз билан сафимизда умргузаронлик қилаётган, осмонимиз мусаффолиги, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилган ёши улуғ кексаларимизга, нуронийларимизга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу байрамдир.
Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги ташкилотлари фаоллари, депутатлари, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” аъзолари томонидан маданий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари ўтказилди. Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Байрам муносабати билан Навоий вилоят партия кенгаши томонидан ҳам ўтган аждодларимизни хотирлаш ва кекса авлодни қадрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, таълим муассасаларида ташкил этилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашувлар ёшларда катта таассурот қолдирди. Уларда сўзга чиққан уруш ва меҳнат фахрийлари навқирон авлодга бугунги фаровон кунлар ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлиги, халқимизнинг жанггоҳлардаги ва меҳнат фронтидаги тенгсиз жасорати, сабр-бардоши хусусида сўзлаб беришди. Шунингдек, суҳбат чоғида нуронийлар бугунги дориломон кунларни қадрига етиш, она Ватанимизнинг муносиб фарзандлари бўлишга чақиришди.
Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, депутатлар ва фаоллар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олишди, байрам билан қутлаб, совға-саломлар улашишди.
Жумладан, Қизилтепа тумани «Ворозун» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Раҳим бобо Ҳамроев хонадони фарзандлар, невара-ю эваралар, қишлоқдош қўшнилар ҳамда ёшлар билан гавжум бўлди. Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларини бошидан кечирган отахон айни 18 ёшида тинчлик учун курашга отланган. Халқимиз осойишталиги учун жонини тиккан бу инсон Смоленск, Харков, Одесса шаҳарлари, Польша ҳамда Руминия давлатларини фашист босқинчиликларидан озод этиш учун жангларда қатнашиб, бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.
— Акаларим Қодир ва Раҳмон Ҳамроевлар урушнинг дастлабки кунларида жангга кириб, ҳалок бўлишди, — дейди Раҳим бобо. – Урушдан кейинги йилларда ҳам кўп қийинчилик, азоб-уқубатларни бошдан кечирдик. Бугунги тўкин ҳаёт, фаровон турмуш ўз-ўзидан бунёд этилмаган. Шунинг учун ёшлар билан суҳбатда доим тинчлик, Ватан ва Мустақиллик қадри ҳақида сўзлаб, уни асраб-авайлаш кераклигини уқтираман. Зеро, тинчлик дунёдаги энг улуғ неьмат.
Шунингдек, Навоий вилоят партия кенгаши аъзолари, “Аёллар қаноти” ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти етакчилари ва депутатларимиз 9 май эрта тонгда Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Навоий шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб ўтган тантанали маросимда ҳам иштирок этдилар. Шу куни вилоятнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган уруш қатнашчилари ҳамда меҳнат фахрийларига катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
                          ***
Инсон азиз ва мукаррам. Чунки у эзгу ишлар қилишга, ўзидан яхши ном қолдиришга қодир. Фашизмнинг инсоният бошига солган қора кунлари бугун ортда қолди. Лекин бу ҳозирда қаҳрамон номини олган, келажак авлодга қилган яхшилиги кўзидан нур бўлиб ёғилиб турган боболаримиз, момоларимиз учун осон бўлмади. Бугун улар юртимиз ардоғида кексалик гаштини сурмоқдалар. Тинчлик тантана қилган сана катта байрам сифатида нишонланиб, Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирларига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари таклиф этилди.
Шундай тадбирлардан бири Фарғона политехника институтида бўлиб ўтди. “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан ўтказилган “Кексалари эъзозда юртим” деб номланган кечада байрам дастури намойиш этилди. Иқтидорли талабалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, уруш давридаги оғир кунларни акс эттирувчи саҳна кўринишлари, фотокўргазмалар намойиши, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдирди.
— Бугун тинч ва осуда юртда, боболаримиз орзу қилган шароитларда таълим олаяпмиз. Бунда, албатта, урушнинг оғир мусибатларини бошидан кечирган, жангларда жасорат кўрсатган боболаримиз ҳиссаси катта, — дейди Фарғона политехника институти талабаси Сардор Охунжонов. — Бундай дориломон кунларнинг қадрига етишга, жасорат бобида улардан ўрнак олишга, аъло баҳоларга ўқиб, етук мутахассис бўлиб етишишга астойдил интиламиз.
Тадбир давомида уруш фахрийлари ўз бошидан кечирган оғир кунлар ҳақида сўзлаб беришди, тинчликнинг қадр-қиммати, она юртни ардоқлаш, элга наф келтириб яшаш бебаҳо саодат эканини алоҳида таъкидлашди. Истиқлол бахш этган неъматларга шукрона келтиришга, баркамолликка, ташаббускорликка даъват этдилар.
Шунингдек, Фарғона вилоят партия кенгаши фаоллари вилоят марказидаги Хотира хиёбонидаги ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйдилар.
Садоқат ШАМСИЕВА, Комила ИСРОИЛОВА,
Навоий, Фарғона вилоятлари партия кенгаши матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳудудларда партия депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, аҳоли билан самимий мулоқот ўтказмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди.
01 янв 1970
Юртимизда сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. ...