Аҳолини ўйлантираётган масалаларни сенаторлар ва депутатлар ўрганмоқда

/
Жорий йил ҳар ойнинг биринчи ўн кунлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда сенаторларнинг жойларда фуқаролар билан бўлиб ўтаётган мулоқотлари ҳудудларда мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиб, пировардида одамларнинг давлат идораларига ишончи мустаҳкамланмоқда. Айни кунларда парламент вакиллари, жумладан, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг ҳудудларда маҳаллалар аҳли, ташкилот ва корхона ҳамда муассасалар ходимлари билан юзма-юз мулоқотлари бўлиб ўтмоқда.
НАВОИЙ. Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулчеҳра Сатторова ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зафар Султонов Кармана туманидаги хонадонларнинг турмуш шароитлари билан танишмоқда, ташкилот ва муассасалар, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ҳамда боғчалар, ижтимоий соҳа объектларидаги ҳолат атрофлича ўрганилаяпти. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ўрганишларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, шунингдек, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам бевосита иштирок этаётганлиги аниқланган масалалар тезроқ ҳал қилинишини таъминламоқда.
— Ўрганишлар мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ижобий самара бераётганини кўрсатмоқда, — дейди Гулчеҳра Сатторова. — Кармана туманида аҳолини ўйлантириб келаётган муаммолар биз ҳозиргача ўрганган Хатирчи, Навбаҳор ва Нурота туманларидагига нисбатан камроқ эканлиги ҳам маълум даражада шундан далолат беради. Демак, юқорида тилга олинган туманларда ҳам аҳвол ижобий томонга ўзгараётганлиги, шубҳасиз. Бошқача айтганда, парламент аъзоларининг жойларда бевосита мулоқотлар олиб бориши маҳаллий Кенгашлар депутатларнинг фаолиятини ҳам жонлантирган ҳолда давлат ҳокимияти бошқаруви тизими ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари масъулиятини оширмоқда.
Албатта, Кармана туманида ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлиги аниқланмоқда. “Дўрман” маҳалласида яшовчи Шаҳноза Зияева мулоқот чоғида паррандачилик йўналишида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш учун банкдан кредит олиш мақсадида уч-тўрт ойдан бери ҳаракат қилаётгани, бироқ натижа йўқлигини баён этди. Шу куннинг ўзида унинг тегишли банк муассасасига топширган ҳужжатлари кўриб чиқилиб, муаммо ижобий ҳал қилинди.
Ушбу маҳаллада яшовчи Умида Омонназарова ҳамда “Қаҳрамон” маҳалласидан Дилшода Каримоваларнинг иссиқхона барпо этиш мақсадида кредит олишга доир мурожаатлари ҳам “Алоқабанк”нинг туман бўлими мутасаддилари иштирокида ижобий ечим топди.
Ўрганишлар тумандаги касб-ҳунар коллежлари, жумладан, Кармана озиқ-овқат саноати ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежида таълим-тарбия жарёнлари ҳозирги талаблар даражасида эмаслигини кўрсатди.
Таълим муассасида 5 та йўналиш бўйича малакали кичик мутахассислар таёрланиши лозим. Аммо коллеж амалиёт ўтказиш учун зарур жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмаган. Компьютерлар эскирган, интернет тармоғига уланмаган. Ўқувчиларнинг давомат кўрсаткичи ҳам қониқарли эмас. Айрим ўқувчилар бир неча ой давомида дарс қолдираётганлиги аниқланди.
Парламент аъзолари туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, хонадонларга ичимлик суви ва томорқаларни сув билан таъминлаш, маҳаллаларда болалар спорт майдончалари, кутубхоналар ташкил этиш, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, харидлар ва хизматлар учун тўловларни нақд пул ва банк пластик карталари орқали амалга оширишда тафовут мавжудлиги каби камчилик ва муаммолар анча тўпланиб қолганини аниқлашди.
Хусусан, “Қаҳрамон” маҳалласида яшовчи Элмурод Эшонқулов ҳамда Дилдора Файзиева маҳаллада болалар спорт майдончаси барпо этишга эҳтиёж борлигини айтиб, шу масалада амалий ёрдам сўради. “Сардоба” маҳалласида Озода Аҳадова ва Собир Бозоров маҳалладаги хонадонларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, томорқаларни суғоришда сув етишмовчилиги муаммо бўлаётганини билдиришди. Сенатор ва депутатлар мутасадди ташкилотлар билан биргаликда мазкур муаммолар бўйича чора-тадбирлар кўрилиши, айрим масалалар халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилиши хусусида келишиб олдилар.
ҚАШҚАДАРЁ. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров ва фракция аъзоси Абдуғани Умиров Қарши туманидаги маҳаллалар, бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, фуқаролар, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди, шарт-шароитлар билан танишишди. Партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам иштирок этган мазкур мулоқотлар давомида жойларда ечимини кутаётган масалалар атрофлича ўрганилиб, фуқароларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар жойида ҳал қилинди.
“Бодомзор” маҳалласидаги 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси жамоаси билан ўтказилган мулоқотда шифокорлардан Дилбар Худойбердиева, Қўйлибой Сахатов, Роҳила Чориева мазкур поликлиникада яратилган шарт-шароитлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатига ижобий таъсир қилаётганини таъкидлашди. Шу билан бирга, замонавий тиббий асбоб-ускуналар, айрим дори-дармон воситаларига эҳтиёж борлигини айтиб ўтишди. Ушбу масалани ҳал этишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ўз зиммасига олишди ҳамда ижро юзасидан маҳаллий Кенгаш депутатларининг назорати ўрнатилди.
Фракция раҳбари Н.Умаров Қарши туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида, туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимининг “Қовчин” қишлоғидаги “Қовчин” филиалида ҳам бўлиб, тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, мавжуд муаммоли масалалар билан танишди, даволанувчилар билан суҳбатлашди.
Шуни айтиш жоизки, фуқаролар баён қилган фикр-мулоҳазаларда мамлакатимизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътирофи, юрт тинчлиги-осойишталигидан шукроналик акс этди. Вилоятда кейинги йилларда яратилаётган маданий-маиший ва бошқа қулайликлардан одамлар мамнун эканлиги намоён бўлди.
Учрашувларда фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Мулоқотлар чоғида туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимининг “Қовчин” филиалида замонавий тиббий асбобларга, қон таҳлили бўйича янги тиббий ускунага эҳтиёж борлиги, мазкур филиални УЗИ тиббий ускунаси билан таъминлаш зарурлиги маълум бўлди. Наримон Умаров камчиликлар хусусида туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари билан фикрлашди ҳамда ушбу масалалар тиббиёт бирлашмаси томонидан тез орада ҳал этиладиган бўлди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаяпти. Тумандаги кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Боймурод Чориев мазкур фермер хўжалиги фаолияти хусусида сўзлаб берди.
— 120 гектар ерда деҳқончилик қиламиз, — деди Боймурод Чориев. — Мамлакатимизда мен каби тадбиркорлар самарали ишлаши учун кенг имкониятлар яратилган. Биз бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, яхши натижаларга эришмоқдамиз. Деҳқончиликдан келадиган фойда ҳисобига туманимиз маркази Бешкент шаҳрида ўтган йили “Дилхуш” тўйхонасини қуриб, ишга туширдик. Айни пайтда ушбу муҳташам кошонада туман аҳлининг тўй шодиёналари бўлиб ўтаяпти. Фермер хўжалигимизда чорвачилик, балиқчиликни ҳам йўлга қўйганмиз. Бу йил Латвия давлатидаги ҳамкорларимиз билан 100 минг АҚШ долларилик шартнома имзоладик, улар биздан полиз маҳсулотлари харид қилишади.
Дарвоқе, туманда бугунги кунда мингга яқин тадбиркорлар турли йўналишларда фаолият юритмоқда. Бешкент шаҳридаги Нодир Ҳайдаров етакчилик қилаётган “Даврон Шеров” МЧЖда 15 киши иш билан таъминланган.
— Ҳозир янги бино қурилиши давом эттирилаяпти, — деди МЧЖ раиси Нодир Ҳайдаров депутатлар билан юзма-юз мулоқот чоғида. — Терини қайта ишлаш учун Хитой давлатидан асбоб-ускуналар келтирилмоқда. Янги бино қуриб битказилса, 70 киши иш билан таъминланади.
Шу билан бирга, тадбиркор гўштни қайта ишлаб, колбаса маҳсулотлари тайёрлаш учун ускуналар келтиришда қийинчиликлар юзага келаётганини баён қилди. Н.Умаров ушбу масала ҳақида туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ҳасан Турдиев билан фикрлашди ва тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
ТОШКЕНТ ШАҲАР. Яшнобод туманида Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматовнинг маҳаллий Кенгаш депутати, туман ҳокимлиги вакиллари, маҳаллалар фаоллари билан биргаликда маҳалла аҳли, зиёлилар, ишчи-ходимлар билан ўтказилаётган юзма-юз мулоқотлари самарали кечмоқда.
Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси У.Саматов “Истиқлол” маҳалласидаги 40 дан ортиқ хонадонда бўлиб, фуқароларнинг турмуш шароитлари билан танишди.
Хусусан 9, 10, 11-уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар маҳалладаги ички йўллар, кўп қаватли уйларнинг подъездлари таъмирталаб экани, ёғингарчилик пайтида йўлларда ноқулайликлар юзага келаётганини баён қилишди.
10-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро Мавлуда Эшонхожаева кўп қаватли уй қаршисидаги гаражларни олдириш ва бўш жойда болалар майдончаси барпо этиш юзасидан мурожаат қилди. Ишчи гуруҳи аъзолари ушбу масала бўйича туман “Транспорт воситалари бўйича турли хизмат кўрсатиш” давлат унитар корхонаси директори Абдушоҳид Бекназаровга таклиф билдиришди ҳамда муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.
15-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаро Муҳаббат Набиева уйларнинг кириш йўлаклари эшикларига турли эълонлар ёзилган қоғозларни ёпиштириш ҳолатларига чек қўйиш, бу борада қонуний чоралар кўриш кераклигини қайд этди.
“Семурғ” маҳалласида бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида 15-кўп қаватли уй рўпарасидаги ер майдони ноқонуний равишда ўраб олингани маълум бўлди. Маҳаллада жойлашган 149-мактабгача таълим муассасаси биноси 2014 йилда жорий таъмирдан чиқарилгани, ҳозирги кунда 400 нафар бола тарбияланаётган ушбу боғчада озиқ-овқат захиралари сақланадиган омборхонани таъмирлашга эҳтиёж борлиги юзасидан боғча ходимлари амалий ёрдам сўрашди.
“Бойқўрғон” маҳалласидаги 50 дан зиёд хонадонлар, 3 та тадбиркорлик субъектидаги учрашув ва мулоқотларда фуқароларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликлар ўрганилди. Маҳалла ҳудудидаги 44, 11-1, 11-2, 11-3-ётоқхоналарда аҳоли билан ўтказилган мулоқот давомида ички йўллар, айрим подъездлар ва ётоқхона йўлаклари таъмирталаблиги ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, 44-ётоқхонада яшовчи фуқаро Галина Панкова уй томидан чакки ўтаётгани, ётоқхона томи тўлиқ таъмирланмагани ҳақида шикоят қилди. Ётоқхонада истиқомат қилувчи Ольга Рихсиева ҳам шу мазмундаги масала бўйича мурожаат қилди.
Ишчи гуруҳига “Азимжон коммунал” ХУЖШ раиси муаммони ҳал этиш юзасидан “Миллий банк”нинг Яшнобод филиали томонидан 10 йилга мўлжалланган 180 миллион сўм кредит ажратилгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, 44-ётоқхонада газ, электр таъминотини яхшилаш зарурлигига ишчи гуруҳи эътибор қаратди.
Фракция аъзоси У.Саматов мулоқотларда баён этилган барча муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишлар қилиниши, бу борада депутат назорати ўрнатишини алоҳида қайд этди.
Ишчи гуруҳи аъзолари Яшнобод тумани ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатидаги шарт-шароитлар билан ҳам танишди. Мулоқот чоғида ушбу мактаб-интернат директори Брайл ёзувида китоб нашр этадиган нашриёт имкониятларини кенгайтириш юзасидан ўз таклифини билдирди. Чунки мазкур нашриёт республика миқёсида қўлланмалар нашр этиши сабабли, етарли миқдорда китоб чиқаришга улгурмаётганлиги кузатилмоқда.
“Наврўзобод” маҳалласидаги учрашувларда 10, 8, 20-уйларнинг таъмирталаблиги аниқланди. Айрим кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар борлиги, “Наврўзобод” ва “Яшнобод” маҳаллалари бўйлаб ўтган “Қора сув” кўчасида ёриткичлар ўрнатилмаганлиги кузатилди. Туман архитектори ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бу муаммоларни ҳал этиш ҳақида келишиб олинди.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Машинасозлар” МФЙда жойлашган Ўзбекистон —Хитой қўшма корхонаси “Elektron Hisoblagich” МЧЖ ишчи-ходимлари билан суҳбатлашдилар. Мулоқот давомида ходимлар мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган ҳисоблагичларга 12 йилга кафолат берилишини, “ЎзСтандарт” агентлигининг талабига мувофиқ электр ҳисоблагичларни ҳар тўрт йилда назоратдан ўтказилаётганлиги фуқаролар, давлат корхоналари, таълим муассасалари ва тадбиркорларнинг ортиқча маблағи ва вақти сарфланишига олиб келаётганини таъкидлашди. Мутахассисларнинг фикрича, электр ҳисоблагич ҳар тўрт йилда текширилиши унинг ишлаш сифатига ҳам таъсир қилади. Шулардан келиб чиқиб, электр ҳисоблагичларни назоратдан ўтказиш муддати масаласини қайта кўриб чиқиш, бу муддатни ҳеч бўлмаса 8 йил қилиб белгилаш таклифини билдиришди. У.Саматов мутахассисларнинг фикрини инобатга олиб, ушбу масалада “ЎзСтандарт” агентлиги раҳбари номига депутатлик сўрови киритишини маълум қилди.
ФАРҒОНА. Аҳоли билан очиқ мулоқотларни Ўзбекистон туманининг “Оқмасжид”, “Ислом”, “Пастки қўриқ” маҳаллаларидаги хонадонларда бошлаган партия фракцияси аъзоси Умид Сулаймоновга фуқаролар ўзини қизиқтираётган масалалар ва таклифлар билан мурожаат қилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Муҳаммаджон Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Муаттар Ҳамидова, маҳалла раислари ҳамроҳлигида ишчи гуруҳ аъзолари учрашувлар давомида миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар, амалга оширилаётган туб ислоҳотлар аҳамияти хусусида сўз юритдилар.
“Оқмасжид” маҳалласида яшовчи Зуҳра Абдуллаева хонадонида бўлган суҳбатда оиланинг кам таъминланганлиги, моддий ёрдамга муҳтожлиги аниқланди ва маҳалладаги махсус комиссияга зарур ҳужжатлар тақдим этилди.
2-гуруҳ ногирони Абдураҳмон Усмонов унинг хонадонида суюлтирилган газ баллонига эҳтиёж борлиги, туман газ таъминоти ташкилоти бу масалага етарлича эътибор кўрсатмаётганини айтди. Ушбу масала депутатнинг озғаки сўрови билан жойида ижобий ҳал этилди. Ташкилотнинг масъул ходимлари хонадонга суюлтирилган газ баллони етказиб бердилар.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Назокат Усмонова 2009 йилда туғилган қизи Н.Нўмонова болаликдан ногиронлиги, унга ҳамшира бириктирилиши зарурлигини баён қилди. Шу куни бемор учун туман тиббиёт бирлашмасидан шифокор бириктирилиб, керакли маслаҳатлар олинди.
“Ислом” маҳалласида яшовчи Розия Боратова хонадонида бўлган ишчи гуруҳ бир уйда икки оила қийинчилик билан яшаётгани, уларга қўшимча турар жой кераклигини аниқладилар. Хонадон аъзоларининг талаби билан туманда янги қурилаётган намунавий лойиҳа асосидаги уйлардан олиш тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Пастки қўриқ” маҳалласида истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган, ёлғиз яшовчи Турсуной ая Ҳошимова ҳолидан хабар олди. Уйнинг томи таъмирталаблиги аниқланиб, туман ҳокимлиги томонидан амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олинди.
Ҳудудларда сенаторлар ва депутатларнинг фуқаролар билан мулоқотлари давом этмоқда.
Саҳифани “Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатас...
01 янв 1970
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасида суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифа...
01 янв 1970
Шаҳрисабз туманидаги Мираки шаҳарчаси маданият уйида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона&rdqu...
01 янв 1970
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида сафдошларимизнинг Сайловолди дастурини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жойларда...