Ваколатлар ишлаш учун берилган

/
ДЕПУТАТЛАР ИШОНЧНИ ОҚЛАШИ ЗАРУР
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгашида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда партиянинг иштироки мавзусига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Шаҳар ва туманлар партия кенгашлари, БПТлар раислари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия депутатлари, ННТлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда сиёсий ташкилотнинг бугунги кун талаблари асосида ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, электорат манфаатларига мос тарзда иш олиб бориши зарурлиги муҳокама этилди. Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов иштирок этди.
Шаклан баҳо бериладиган бўлса, бугун “Адолат” СДПнинг вилоят кенгаши таркибида 14 та шаҳар ва туман кенгашлари, 466 та бошланғич партия ташкилоти 17 минг 119 нафар партиядошимизни бирлаштирган, вилоятдаги маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида партиянинг 99 нафар депутати фаолият юритмоқда. Бу давлат бошқарувини такомиллаштиришда, муҳим ижтимоий-сиёсий қарорлар қабул қилинишида, жамоатчилик назорати самарадорлигини таъминлашда ва фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашда катта куч. Бироқ Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб ўтилганидек, партиянинг сиёсий ташаббускорлиги давлат ва жамият қурилишини ривожлантиришнинг бугунги кун талабларига мос келаяптими? Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида барча даражадаги депутатлик корпуслари, БПТлар билан ҳамкорлик ўз натижаларини бераяптими?
Фаоллар йиғилишда маъруза қилган вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Муҳиба Бобобекова айни шу йўналишда изчил, энг яхши сиёсий тажрибаларни кенг оммалаштиришга асосланган фаолият юритилаётганлигини таъкидлаш билан бирга фойдаланилмаётган имкониятлар, йўл қўйилган камчиликларга танқидий муносабат билдирди.
Таъкидландики, вилоятда партия аъзолари сони ўтган йилда 3604 нафарга, БПТлар сони 52 тага кўпайган. Йил давомида партия лойиҳалари асосида 624 та тадбир ўтказилган. Бу эса ҳудудда “Адолат” СДПнинг мавқеини мустаҳкамлаб, дастурий вазифаларимизни амалга оширишда ҳамкорлар ва хайрихоҳлар сафини кенгайтиришда ўз ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
— Жумладан, бир йилда партия аъзолари сони 700 нафарга ёки деярли икки баробарга ошган Тайлоқ тумани кенгаши, электоратнинг ҳаётий манфаатларига мос келадиган масалалар бўйича, партия лойиҳалари асосида 55 та ижтимоий-иқтисодий ташаббусларни муваффақиятли амалга оширган Самарқанд туман кенгаши фаолияти бунга мисол бўла олади, — деди М.Бобобекова. — Бироқ зиммамизга олган вазифаларни собитқадамлик билан бажаришда партиянинг депутатлик гуруҳлари, БПТлар билан сиёсий ҳамкорлиги кутилган натижаларни беряпти, дейиш қийин. Эътибор беринг: йил давомида маҳаллий вакиллик органларида фаолият юритаётган 99 нафар депутатимиз томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига жами 318 та депутатлик сўрови киритилган. Бу ҳар бир депутат назоратнинг таъсирчан усули ҳисобланган депутатлик сўровидан бир йилда уч мартадан фойдаланган, холос, деган маънони англатади. Ваҳоланки, вилоятнинг шаҳар ва туманларида фуқароларни ташвишлантираётган, депутатлик назоратини талаб этаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар оз эмас.
Йўлсозлик, уй-жой-коммунал, соғлиқни сақлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш масаласида депутатни четлаб юқори давлат идораларига йўлланаётган мурожаатлар ҳам буни тасдиқлайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда йиғилишда депутатлик гуруҳлари томонидан бошқарув идоралари мансабдор шахсларининг эшитувларини ташкил этишга етарлича масъулият билан ёндашилмаётгани танқид остига олинди. Йил давомида халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан 2 нафар, Тайлоқ ва Пахтачи туманидаги партия депутатлик гуруҳлари 1 нафардан мансабдор шахсларнинг эшитувларини муҳокама қилиш билан кифояланган. Қолган туманлардаги партия депутатлик гуруҳлари бу борада бирор рақам келтира олмаслиги афсусланарлидир.
Худди шунингдек, партия депутатлари таклифи асосида йил давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига атиги битта масала киритилган бўлиб, туман ва шаҳар маҳаллий ҳокимият вакиллик ораганларидаги партия депутатлари бу борада ўз ваколатларидан бирор маротаба ҳам фойдаланмаган. “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари билан депутатлар ҳамкорлигини тубдан кучайтириш, партия ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда ёш сафдошларимизни жамиятдаги устувор масалаларни ҳал этишга йўналтириш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўп.
— Сиёсий фаолиятни танқидий баҳолаш асосида электоратнинг мақсад-муддаоларидан, уларни ўйлантираётган муаммолардан чуқурроқ хабардор бўлиш, ваколатларга мос ҳаракат қилиш, партия ташкилотининг барча бўғинларида ижро интизомини мустаҳкамлаган ҳолда ташаббускорликни кучайтириш масъулиятли вазифаларни ҳал этишимизга ёрдам беради, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Чунки Ҳаракатлар стратегияси айни шундай ёндашувни ва халқ билан яқинликни талаб этмоқда.
Фаоллар йиғилишида шаҳар ва туман кенгашлари, БПТлар, депутатлик гуруҳлари фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича йўл-йўриқлар берилиб, аниқ вазифалар белгиланди. Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича “Адолат” қабулхоналари ишини жонлантириш, партия депутатларининг жойларда аҳоли билан мулоқотларини янада изчил йўлга қўйиш ҳақида фикрлашиб олинди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўр...
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида семинар-тренинг ўтказилди....
01 янв 1970
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими диққатига!
01 янв 1970
Таъкидлаш жоиз, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-текшириш марказида 60 га яқин партиядошларимиз фаолият юритмоқда.&n...