Таъмирлаш ишлари нега тўхтаб қолди?

/
— Бир неча йилдирки, Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги “Гулистон” маҳалласида боғдорчилик фермер хўжалигини бошқариб келаман, — дейди биз билан суҳбатда Собир Сатторов. — Фермерларга ҳукуматимиз катта эътибор қаратаётганлиги туфайли яшаш шароитимиз кундан-кунга яхшиланиб бораяпти, имкониятларимиз ҳам кенгаймоқда.
Бироқ баъзи масалаларда муаммоларга дуч келаётгандик. Масалан, ҳар йили мева, сабзавот маҳсулотларини етиштириб, сотишга келганда айрим мутасаддиларнинг масалага панжа ортидан қараши туфайли қийинчиликлар юзага келаётганди. Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши ташаббуси билан аҳоли ўртасида уюштирилаётган юзма-юз мулоқотларда шу масалада ёрдам беришларини илтимос қилгандим. Партия фаоллари мурожаатимни инобатга олиб, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда агрофирма билан шартнома тузишга ёрдам беришди, бундан жуда мамнунман.
Дарвоқе, партия Сиёсий Кенгаши саъй-ҳаракати билан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни фаолларнинг жойларда ўтказаётган очиқ мулоқотлари орқали кенг аҳоли қатламининг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишилмоқда, фуқароларни қийнаётган масалалар ҳал қилиниб, ҳудудда ечимини кутаётган масалалар атрофлича ўрганилаяпти. Туман партия кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тумандаги мутасадди идоралар вакиллари “Гулистон” маҳалласидаги хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан дилдан суҳбатлашишди. Мулоқотлар жараёнида фуқаролар партия туман кенгаши фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олиб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шу маҳаллада яшовчи Абдуназар Бекназаровнинг хонадонидаги суҳбат ҳам фойдали бўлди.
— Халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлиши қишлоқлар ободлиги билан боғлиқ, албатта, — деди суҳбат чоғида Абдуназар Бекназаров. — Қишлоғимизда ўзгаришлар жуда катта. Шу билан бирга, жойларда ўнглаш зарур бўлган, ҳар бир мансабдор шахс ўз ишига ўта масъулият билан ёндашишини тақозо қиладиган масалалар ҳам бор. Биз қишлоқ аҳли дардини эшитиш, муаммоларимизни ҳал этишга кўмаклашиш учун учрашувлар ташкил этаётган “Адолат” партияси фаолларидан хурсандмиз. Шу билан бирга, чорвачиликни йўлга қўйиш учун банкдан кредит олишга кўмак беришларингизни илтимос қиламан.
Бу муаммо халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шермат Наширов аралашуви билан Халқ банкининг туман бўлими мутасаддилари томонидан ўз жойида ҳал этилди.
— Дарҳақиқат, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда ҳали қилинадиган ишлар кўп, — дейди туман партия кенгаши раиси Саодат Очилова. — Партиямиз фаоллари мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш, қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, одамларнинг фаровон яшашини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатларига хизмат қилишга астойдил бел боғлаб, иш олиб бормоқда. Ҳар бир оилага кириб, аҳолидан ҳол-аҳвол сўраб, турмуш шароитларини ўрганаяпмиз.
“Гулистон” маҳалласидаги мулоқотларда ҳам ана шундай масалалар хусусида очиқ-ойдин фикрлашдик.
— 2016 йилда вилоят “Инжиниринг” компанияси билан боғчамизни капитал таъмирлаш учун 467 миллион сўмга шартнома тузилган эди, — дейди 3-сонли мактабгача таълим муассасаси мудири Санобар Раҳмонова. — Ушбу маблағнинг 15 фоизи компания ҳисобига ўтказиб ҳам берилганди. Бироқ таъмирлаш мақсадида боғча бинолари бузилди-ю, шу алфозда қолди. Негадир, асоссиз равишда қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Бу ҳолат маҳаллада истиқомат қилувчи ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шу туфайли маҳалламизда болаларни мактабгача таълим муассасасига қамраб олишда муаммолар юзага келмоқда.
Шу куни Санобар Раҳмонова томонидан кўтарилган муаммо юзасидан депутат Шермат Наширов мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбориб, унинг ижроси депутат назоратига олинди.
Шунингдек, аҳоли билан мулоқотларда 3-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Нормўмин Расулов, ўқитувчи Муродилла Бердиёров, маҳалла фаоллари Амир Раҳмонов, Раҳмонқул Холиқулов, “Гулистон” МФЙ раиси Ўктам Эсоновлар ҳам ичимлик сув қувурини алмаштириш, ички йўлларни таъмирлаш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш, хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш, маҳалладаги кам таъминланган оилаларга чорвачилик, касаначиликни йўлга қўйиш учун кредит ажратишга кўмаклашиш бўйича таклифларини билдиришди. Бундан ташқари, тўй-маъракаларни камчиқим ўтказиш ҳақида фикрлар айтилди. Мулоқот жараёнида баъзи масалалар бўйича фуқароларга лозим даражада ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Депутатлар аҳолини қийнаб келаётган масалаларни тезда бартараф этиш учун туман “Сувоқова” ишлаб чиқариш ҳамда йўл-пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхоналарига депутатлик сўровлари киритишди. Бир қатор масалалар туман хотин-қизлар қўмитаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлими мутасаддилари томонидан бартараф этилди.
Юзма-юз мулоқот, ўрганишлар тумандаги маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни рўй-рост кўрсатиб берди. Хусусан, фуқароларга банк пластик карточкалари орқали тўловларни амалга ошириш, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминоти, йўлларни асфальт қилишга масъул идоралар хизмати аҳолини қониқтирмаяпти.
Электоратимизни ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар янада чуқурроқ ўрганилиб, учрашувларда берилган саволларга аниқ жавоблар қайтарилди, ўртага қўйилган масала ва муаммоларга муносабат билдирилди. Энг муҳими, бу каби мулоқотлар аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини бериб, давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмини яратишга хизмат қилаётир.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Партия патронажи” лойиҳаси ҳудудлар бўйлаб давом этмоқда.
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳар драма театрида партиянинг 25 йиллиги муносабати ...
01 янв 1970
Очиқ эътироф этиш лозимки, партиявий фаолиятда амалий ёки тарғибот ишининг катта-кичиги бўлмайди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашини “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи якунига етмоқда...