Сайловчилар билан алоқа ўрнатишнинг янги тизими

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига бағишлаб “Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ишчи гуруҳи аъзолари, Адлия вазирлиги мутахассислари, партия Марказий аппарати ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари иштирок этган тадбирда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизм ва усулларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тартиби барча давлат идоралари фаолиятида мутлақо янги тизимга ўтказилди.
Хусусан, 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатида ёндашувни тубдан қайта қўриб чиқиш орқали аҳоли билан доимий мулоқот қилишнинг энг долзарб ва устувор вазифаларини белгилаб берди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда интернет тармоғида Виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу тизим нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида ҳам йўлга қўйилди ва ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори билан партия тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Низом ишлаб чиқилди ҳамда жорий йилнинг февраль ойида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари ташкил этилди. Шунингдек, партия расмий веб-сайтида Виртуал қабулхона ҳам иш бошлади. Ҳудудий партия кенгашларида мазкур қабулхоналарда фаолият юритиш учун бир нафардан штат бирликлари жорий қилинди. Айни пайтда партия тизимидаги ушбу қабулхоналар барча зарурий жиҳозлар, ахборот-коммуникация воситалари ҳамда тегишли ҳужжатлар билан таъминланиб, керакли шароитлар яратилган ҳолда аҳоли билан мулоқот самарали йўлга қўйилган.
Семинарни ташкил этишдан мақсад ҳам партия тизимида жорий қилинган қабулхоналарга бириктирилган мутахассисларга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари, тартиб-қоидалари ҳақида зарур билим ва кўникмалар бериш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга қаратилди.
Маърузачилар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши энг олий қадрият сифатида улуғланган инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашдек устувор мақсад, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билишни тақозо этаётганини алоҳида таъкидладилар. Ўз навбатида, фуқаролар, сайловчилар ва партия электорати билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизми сифатида “Адолат” қабулхоналари ишида барча даражадаги партия ташкилотлари, айниқса, депутатлик корпуси фаол иштирок этмоғи зарурлиги қайд этилди.
Партия тизимида сайловчилар ва аҳоли мурожаатлари билан ишлашни янги босқичга кўтарадиган мазкур қабулхоналарнинг бугунги кун талаби даражасида фаолият юритиши, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг ижобий ечим топиши ҳамда аҳолининг ишончини қозониши кўп жиҳатдан қабулхоналарга масъул бўлган мутахассисларга бевосита боғлиқ эканлигига эътибор қаратилди. Уларга мурожаатларни расмийлаштириш, тегишлилиги бўйича ижро этиш тартиби ва муддатлари ҳақида слайд-тақдимотлар воситасида тушунчалар берилди.
— Партиямиз тизимида жорий этилган “Адолат” қабулхоналари фуқаролар, сайловчилар ва партия электорати билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда бизга қўшимча имконият ва қулайликлар яратмоқда. Ўз навбатида, ушбу қабулхона ишини юритишга масъул ходим сифатида бизнинг зиммамизга катта масъулият юкланишини чуқур ҳис этиб турибмиз, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши масъул мутахассиси Дилноза Эрматова. — Бугунги семинар биз учун айни муддао бўлди. Бунда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тартиби, ҳуқуқий асослари, ижро этиш муддатлари ва механизмлари ҳақида керакли маълумотларга эга бўлдик.
Олган билим-кўникмаларимиз асосида партиямиз тизимидаги қабулхоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, сайловчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, фуқароларни ўйлантираётган масалалар ечимига барча даражадаги партия ташкилотлари, айниқса, депутатлик корпусимизни фаол жалб этишда жонбозлик кўрсатмоғимиз зарур.
Ўйлаймизки, сайловчилар ва партия электорати билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усули сифатида иш бошлаган “Адолат” қабулхоналари фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали аҳолининг партиямизга, жамиятимизда кечаётган ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, тадбирда “Адолат” қабулхоналари ишини тизимли йўлга қўйиш, улар фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида партия расмий веб-сайти ва “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида ҳар ойда таҳлилий мақолалар бериб борилиши лозимлиги таъкидланди.
Семинар якунида иштирокчилар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олдилар.
Гулҳаё ТОҲИРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамиятимизнинг барча соҳалари босқичма-босқич ислоҳ этилаётган ҳозирги даврда энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича с...
01 янв 1970
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилаётган “Адолат — қонун устуворлигида&rdq...
01 янв 1970
Чироқчи туманидаги “Умакай” қишлоғида ўн тўрт ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Албатта, катта ҳудуддаги ҳар бир қишлоқнинг ўзига яраша қ...
01 янв 1970
Айни шу тарзда ёндашув халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи фаолияти учун асосий мез...