Муаммоларни ўрганиш ва ечим топиш сенаторлар, депутатлар эътиборида

/
Фуқароларнинг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, жойларда мавжуд муаамоларни ўз вақтида ҳал этишда халқ билан яқиндан мулоқот алоҳида аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб ҳудудларда аҳоли билан учрашувлар ўтказишмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ушбу мулоқотларда фаол иштирок этиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида иш олиб боришмоқда. Зеро, аҳолининг турмуш шароитларидан хабардор бўлиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўриш “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни ҳаётга татбиқ қилишда муҳим ўрин тутади.
СУРХОНДАРЁ.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда фракция аъзолари Даврон Тангиров, Ёрмамат Холиёров Қумқўрғон туманидаги маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишмоқда.
Фракция раҳбари Наримон Умаров тумандаги “Ўзбекистоннинг беш йиллиги” маҳалласида фуқароларнинг турмуш шароитлари билан танишди. Мазкур маҳаллада 3502 нафар аҳоли истиқомат қилади, улар асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан машғул. Маҳаллада 74 нафар кам таъминланган оила борлиги қайд этилган, Н.Умаров дастлаб ушбу оилаларнинг моддий фаровонлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратди. Шу мақсадда уларга давлатимиз томонидан томорқа хўжалигини, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берилди. Натижада шу куннинг ўзида 12 нафар кам таъминланган фуқаро депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида зарур ҳужжатларни жамлаб, имтиёзли кредит олиш учун тижорат банкларига топширдилар. Қувонарлиси, уларга тез кунда кредит ажратиладиган бўлди. Шубҳасиз, бу саъй-ҳаракатлар оилаларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга замин бўлади.
Депутатлар билан суҳбатда фуқаро Шавкат Абдусамадов ўтган йили кам таъминланган оилалар қаторида бўлганлиги, томорқасидаги олти сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, ердан унумли фойдалангани боис етиштирилган ҳосил яхшигина даромад келтирганини, бу йил замонавий уй қурганини сўзлаб берди.
Суҳбатлар чоғида шу маҳаллада яшаётган фуқаролар Ўрал Абраев, Абдусалим Раҳмонов, Нилуфар Каримова, Тожимурод Ҳамраев маҳаллада спорт майдончаси барпо этиш зарурлиги, хонадонларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш етарли даражада эмаслиги, 1,5 километрга яқин узунликдаги сув қувури яроқсиз ҳолга келиб қолгани сабабли ичимлик суви таъминотида узилишлар бўлаётганини айтиб, депутатлардан ёрдам сўрашди.
Шунингдек, 51-умумтаълим мактаби “Янги авлод” МФЙ ҳудудида жойлашганлиги, икки маҳалла ўртасидаги масофа 5-6 километрни ташкил этгани боис, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қийинчилик туғдираётганини айтиб, фуқаролар “Ўзбекистоннинг беш йиллиги” маҳалласида янги мактаб қуриш таклифини билдиришди. Юқоридаги масалалар масъул ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
4409 нафар аҳоли истиқомат қилаётган “Янги авлод” маҳалласидаги учрашувлар ҳам фойдали мулоқот тарзида кечди. Маҳалла аҳли ердан фойдаланиш ҳадисини пухта эгаллаган бўлиб, улар бир йилда ўз томорқаларидан уч мартадан ҳосил олишаётганлигини билдиришди. Фракция раҳбари Наримон Умаров ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Анвар Назаров хонадонида бўлди. “Маматқобилов боғи” фермер хўжалиги аъзоси А.Назаров ўз оиласи кам таъминланган оила эканини баён қилди.
— Чорвачилик, деҳқончиликни яхши биламан. Ўзим мустақил иш бошлашим учун кредит маблағи олишимга ёрдам керак бўлаяпти, — деди А.Назаров.
Депутатларнинг аралашуви билан Анвар Назаровга тижорат банкидан 100 дона парранда парваришлаши учун кредит ажратиладиган бўлди. Кредит таъминотига кафилликни эса “Янги авлод” МФЙ раиси Жаҳонгир Жўраев ўз зиммасига олди. Учрашув давомида Тошпўлат Номозов, Холида Қораева, Фахриддин Жумаев, Ўринбиби Нурова маҳалла ҳудудидаги бурғу қудуқни таъмирлаш орқали сув таъминотини яхшилаш ва ҳудудда маиший хизмат нуқталарни кўпайтириш кераклигини айтишди. Аҳоли билан учрашувлар жараёнида аниқланаётган айрим камчиликлар бевосита жойида бартараф этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар иккала маҳаллада якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ўттиздан ортиқ фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун кредит олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Партия депутатлари туманидаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш юзасидан кўпгина ижтимоий объектларда бўлиб, аҳоли билан учрашдилар. Жумладан, “Боботоғ” ва “Боболочин” қишлоқ врачлик пунктларини бирлаштириш борасидаги ташаббус ҳар жиҳатдан ўзини оқлаши эътироф этилди. Таъкидланганидек, бу икки ҚВПни бирлаштириш орқали “Боболочин” ҚВП негизида оилавий поликлиника ташкил этилади. Янги шифо масканида тиббий хизмат кўрсатувчи мутахассис шифокорлар сони ортади. Имкониятлар кенгайиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланади.
Қумқўрғон туманидаги “Темир-бетон” ишлаб чиқариш корхонаси, “Агроэкспорт” МЧЖ ҳамда “Маматқул Жабборов” агро фирмаси фаолияти билан танишиш асносида депутатлар иш самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш масаласида ишчи-ходимлар билан суҳбатлашишди. Табиий газ босимининг пастлиги, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши каби масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда уларнинг бажаралиши назоратга олинди.
НАМАНГАН.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг саккиз нафар депутати ва Сенатнинг уч нафар аъзосидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг Уйчи туманида фаолият олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамроҳлигида кўплаб хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан мулоқот қилар эканлар, биронта мурожаат ҳам эътибордан четда қолмади. Кўтарилган масалаларнинг ярмидан кўпи жойида, қисқа муддатларда ҳал этилди.
— Халқ билан мулоқотнинг нақадар катта самара беришига ушбу ўрганишлар жараёнида бир неча бор гувоҳ бўлдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Уйчи туман кенгашининг раиси Сирожиддин Жамолов. — Ўзини қийнаётган масала ечим топганини ҳис этган кишиларнинг хурсандчилиги бизни ҳам мамнун этди. Бундан партиямиздан сайланган депутатлар ҳам ўзларига тегишли хулоса чиқариб олмоқдалар. Келгусида улар фаолиятларини янада кучайтириш, сайловчилар билан кўпроқ ишлаш лозимлигини англадилар. Бу амалиёт электоратимизга жуда маъқул тушади, деб ўйлайман.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов аҳоли билан учрашувларни “Уйчи” қишлоғида ўтказди. Депутат бир неча хонадонларда фуқаролар билан батафсил суҳбатлашди. Масалан, “Пастгузар” маҳалласида яшовчи Мухторжон Эргашевнинг ишга жойлашишида амалий ёрдам кўрсатилди. “Умид” маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаро Ширмон Толқанованинг аризаси эса якка тартибда уй қуриш мақсадида “ким ошди” савдосида қатнашиш учун рўйхатга олинди.
Ўтган ҳафтадаги мулоқот чоғида “Гулзор” маҳалласида яшовчи Турғунжон Жўраева ўртага қўйган муаммонинг ҳам ечими топилди. Яъни маҳалла фуқаролар йиғини томонидан моддий ёрдам бериш тўғрисидаги мурожаат рад этилишига сабаб бўлган яроқсиз “Москвич” автомобили депутат аралашувидан сўнг Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ 2-ТРИБ (туманлараро рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаси)да қонуний тарзда рўйхатдан чиқарилди. Натижада бу кам таъминланган оилага амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан кўрсатма берилди.
Маълумки, белгиланган тартибга биноан депутатлар саволномалар асосида қатор соҳалар фаолиятини ҳам ўрганиб чиқмоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари туман ички ишлар бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Уйчи тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими, вилоят ИИБ ЙҲХБ туманлараро рўйхатлаш ва имтихон олиш бўлинмаси (ТРИБ) фаолияти билан танишдилар. Ўрганишлар давомида улар фаолиятида айрим камчилик ва муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари Ш.Набиев ва Ф.Жўраев билан суҳбатлашилганда улар ўз фаолиятига оид бир қатор қонунлар билан таниш эмаслиги, шунингдек, фуқаролар қабулини ташкил этишга оид ҳужжатлар юритилмагани маълум бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи таркиби атиги 2 нафар инспектордан иборатлиги эса туман йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашни қийинлаштирмоқда. Туман ҳудудидаги марказий кўчаларга йўл белгилари лозим даражада ўрнатилмагани, пиёдалар ўтадиган чорраҳаларда йўл чизиқлари чизилмагани, одамлар кўп тўпланадиган жойларда автотураргоҳ ташкил этилмагани ҳам ноқулайликларни юзага келтирмоқда.
Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБнинг Уйчи туманида жойлашган 2-ТРИБда штатсиз ходимлар ҳеч қандай ҳужжатсиз фаолият олиб бораётганига нима дейсиз? Бу ерда иш тартибли ва оқилона ташкил этилмагани оқибатида фуқаролар бир неча кундан навбатда туриб, ўз автомобилларини расмийлаштира олмаётгани ҳам маълум бўлди.
Депутатлар мазкур масалалар юзасидан қонуний тартибда чора-тадбирлар кўрилишини назоратга олишди.
САМАРҚАНД.
Аҳолининг бевосита яшаш жойларида долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолиятини халқ билан мулоқотлар жараёнида тилга олинган камчилик, нуқсонларни бартараф этишга қаратишда парламент назорати ўз самараларини бермоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ва Сенат аъзоларининг шу мақсадда Пайариқ туманидаги кўплаб хонадонларда ўтказган учрашувлари коммунал хизмат, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги аҳволни тубдан яхшилаш, оилавий тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш, банк, савдо ва алоқа-ахборотлаштириш муассасаларининг фаолиятини аҳоли талаб-эҳтиёжлари асосида такомиллаштиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвоновнинг тумандаги “Тоҳиршайх”, “Бирлашув” маҳаллалари аҳли билан мулоқотлари чоғида қайд этилган 50 дан ортиқ мурожаатлар бўйича қонуний чора-тадбирлар ишга солиниб, тегишли идоралар раҳбарларининг муаммони ҳал этиш борасидаги фаолияти назоратга олинди. Жумладан, “Бирлашув” маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаро Тангриберди Худойбердиев депутат билан учрашув пайтида аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлашга зарур эътибор қаратилмаётганлигини баён қилди. Натижада аҳоли ичимлик сувини машинада ёки от-уловда узоқдан ташиб келишга мажбур бўлмоқда. Шунингдек, маҳалла хонадонларини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашда ўзибўларчилик, назоратсизлик яққол кўзга ташланмоқда. Суюлтирилган газ аҳолига қатъий белгиланган нархларда эмас, 3-4 баробар қиммат сотилаётганлиги туман газ идораси вакиллари иштирокида муҳокама этилганида ўз тасдиғини топганлиги мазкур хизмат соҳасида қатъий назорат ўрнатишни тақозо этмоқда. Шу боис соҳада аниқ ҳисоб-китобларга асосланган тизимли фаолиятни йўлга қўйиш масаласи депутатлик назоратига олинди.
Ҳар иккала маҳаллада аҳоли билан мулоқот чоғида умумтаълим мактаби ва коллеж ўқувчиларининг дарсга бориб-келишларида қатнов хавфсизлигини таъминлаш, бунинг учун эса автомобиль йўлининг чеккасида пиёдалар йўлакчаси қуриш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Фуқаро Қудратхон Мардиев муаммога туман йўлсозлик идораси совуққонлик билан қараб келаётганлигини билдирди. Депутат Шуҳрат Полвонов муаммо тезда туман ҳокимияти доирасида кўриб чиқилиши ва бу борадаги ижрони шахсан ўзи назорат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, “Бирлашув” маҳалласида қурилиши лозим бўлган 23-умумтаълим мактабининг янги биносини 270 ўқувчи ўрнига мос қилиб барпо этиш ва уни манзилли дастурга киритиш бўйича фуқароларнинг мурожаатлари туман ҳокимлигининг эътиборига ҳавола этилди ва бу борада ҳам ижрони таъминлаш учун парламент назорати ўрнатилди.
ҚАШҚАДАРЁ.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи аъзоларининг Яккабоғ тумани аҳолиси билан мулоқотлари ҳам қизғин давом этмоқда. Туман аҳлининг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишиш асносида уларни қийнаётган масалалар ўз жойида ўрганилиб, таҳлил этилмоқда ва шу юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Дастлабки ўрганишлар давомида фуқаролар томонидан бир қатор таълим муассасаларининг моддий-техника таъминоти, ўқитиш сифатини яхшилаш зарурлиги, дарсликлар, ўқув қуроллари ва жиҳозларнинг етишмаслиги, ўқув биноларининг таъмирталаблиги, иситиш тизимида айрим носозликлар борлиги, электр энергияси билан таъминлашга доир муаммолар ҳақида сўз юритилди. Мазкур мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида зарур чоралар ҳам кўрилди.
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Жамшид Пирматов, Абдуғани Умиров тумандаги 27-умумтаълим мактабидаги аҳволни ўрганишганда бир қатор муаммолар аниқланди. Ўқувчилар билан суҳбатлашган депутатлар уларнинг билим савиялари анча саёз деган фикрга келишди. Таълим масканидаги кутубхона дарсликлар, бадиий адабиётлар билан етарли даражада таъминланмаган. Ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ҳам давр талабига мос, деб бўлмайди. 104-умумтаълим мактабида синфхоналар бирма-бир кўздан кечирилганда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши қониқарли эмаслиги, давомат пастлиги аён бўлди. 65-умумтаълим мактабида эса дарсларни кўргазмали қуроллар асосида ўтишга риоя этилмаяпти. Айниқса, география дарсида фойдаланиладиган хариталарни янгилаш зарур.
Шунингдек, 16-сонли мактабгача таълим муассасасида эса иситиш тизими талабга жавоб бермаслиги, болалар учун тайёрланаётган таомлар сифати талаб даражасида эмаслиги аниқланди.
Партия фракцияси аъзолари тумандаги қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўқитувчи ва маҳалла фаоллари билан учрашдилар. Ушбу юзма-юз мулоқотда фуқаро Бекзод Хўжаниёзов ота-оналар номидан сўзга чиқиб, маҳаллалар ва коллежда керак пайтида электр энергияси етказиб берилмаётганлигини танқид қилди.
Депутатлар “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 20 га яқин хонадонларга кириб, фуқаролар билан суҳбатлашдилар. Мулоқотлар чоғида ўн киши истиқомат қилаётган Шарофат Абдуҳакимова оиласига белгиланган моддий ёрдам вақтида берилмаётганини билдиришди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда иштирок этаётган туман ҳокимлигига қарашли мутасадди идоралар вакиллари томонидан бу муаммо ўз жойида ҳал этилди. Шунингдек, Саодат Бобоёрова ўз оиласи яшаётган уй устидан юқори кучланишли электр симлари тортилганидан шикоят қилди. Бу муаммо ҳам депутатлар аралашуви билан туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ўз ечимини топди. Шу маҳаллада истиқомат қилаётган Хушвақт Чориева маҳаллалардаги ички йўллар таъмирталаблиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётганини қайд этди.
Жойларда одамларнинг дардини эшитиш ва юзага келаётган камчиликларни бартараф этишга астойдил кўмаклашиш мақсадида партия депутатлари “Наврўз”, “Нурли йўл”, “Тўқбой” маҳаллалари аҳли билан ҳам мулоқот қилдилар. Учрашувларда аҳоли маҳаллаларда кичик ва хусусий бизнесни йўлга қўйиш ҳисобига саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш, экспорт борасида мавжуд имкониятлардан етарлича фойданилмаётганига депутатларнинг эътиборини қаратишди.
ХОРАЗМ.
Партия фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоевнинг Шовот туманида фуқаролар билан учрашувлари ҳудудни янада ривожлантириш, аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда ижобий аҳамиятга эга бўлди.
Фуқароларнинг мурожаатлари асосида кўрилган чоралар туфайли 22 нафар ёшларнинг “KATQAL’A-TEKS” МЧЖ қўшма корхонасига ишга жойлаштирилганлиги эътиборга молик. Жумладан, “Бўйрачи” маҳалласида яшовчи Ўринбой Қутлибоев депутат кўмаги билан ўғли Хушнудбекнинг мазкур корхонага ишга кирганидан хурсандлигини таъкидлади.
Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Мадамин Қурбановнинг канализацияларни тозалаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан махсус машина ажратиш зарурлиги ҳақидаги таклифи вилоят молия бошқармаси ходимлари билан биргаликда ўрганилиб, кейинги чоракда шу мақсадда маблағ ажратилиши режалаштирилди.
“Ижтимоият” маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Матёқубовга II гуруҳ ногиронлиги 2000 йилда бир йил муддатга белгиланганлиги, аммо унинг соғлиғи ҳозирги кунда ҳам шу ҳолатда эканини айтиб, депутатдан кўмак сўради. Мазкур масала туманлараро ТМЭК ва туман тиббиёт бирлашмаларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди ва Қ.Матёқубовга ногиронлик гуруҳи белгиланиши мумкинлиги аниқланди.
Фуқаро Лазизбек Тожиев иссиқхона ташкил қилиш учун кредит ажратилиши юзасидан “Агробанк” туман филиали мутахассисларига мурожаат қилган. Мазкур масала депутатлар томонидан банк муассасаси раҳбарияти билан ўрганилиб, Л.Тожиевга иссиқхона қуриш учун кредит ажратиш масаласи ҳал қилинди.
НАВОИЙ.
Парламент аъзоларидан тузилган ишчи гуруҳи таркибида Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султонов, Сенат аъзоси Гулчеҳра Сатторова Навбаҳор туманида мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиб, атрофлича таҳлил қилишди. Бу жараёнга маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла фаоллари ва тумандаги тижорат банкларининг вакиллари ҳам жалб қилинди.

Парламент аъзолари “Арабсарой”, “Янгиқўрғон”, “Бешработ”, “Янги йўл”, “Кескантерак”, “Олчин” ва “Туркистон” қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги 359 та хонадонга кириб, фуқаролар билан суҳбатлашдилар.
Аҳоли томонидан асосан иш билан бандлик, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, табиий газ, савдо ва маиший хизмат кўрсатишнинг ҳолати, мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш, ички йўлларнинг таъмирталаблиги, ерларнинг мелиоратив ҳолати ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди.
Сенатор ва депутатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, ҚВПлар, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўришди.
— Учрашувлар жараёнида аҳолини ўйлантираётган ва жойида ҳал қилиш имконияти бўлган муаммолар шу ернинг ўзида бартараф этилди, — дейди Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зафар Султонов. — Шу тарзда элликдан ортиқ муаммо ўз ечимини топди. Жумладан, “Навкар” ҳамда “Учтут” маҳаллаларида яшовчи З.Бобоқулова ва А.Йўлдошевнинг ишга жойлашиш масаласидаги мурожаати мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, З.Бобоқулова маҳаллий ишлаб чиқариш корхонасига, А.Йўлдошев 10-умумтаълим мактабига ишга жойлаштирилди.
Тумандаги 70 нафарга яқин фуқарога тижорат банклари билан биргаликда жами 334 миллион сўм кредит ажратилишида ёрдам берилди. Хусусан, фуқаролардан С.Очилбоев чорвачиликни ривожлантириш учун 6 миллион сўм, Д.Очилов сартарошхона қуриш учун 4 миллион сўм, Ж.Тўхтаев иссиқхона хўжалигини йўлга қўйиш учун 14 миллион сўм кредит оладиган бўлишди. Аҳолининг туманда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатидан ва уларни ўйлантираётган масалалардан келиб чиқиб, шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини аниқлаш мақсадида депутатлар томонидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти ўрганилди.
— Ўрганиш натижалари халқ депутатлари туман Кенгашининг 9 март куни бўлиб ўтган сессиясида муҳокама этилди, — дейди Сенат аъзоси Гулчеҳра Сатторова. — Унда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар раҳбарларининг ахбороти ва ҳисоботи эшитилиб, қизғин муҳокама қилинди. Уларнинг масъулиятини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. Сессияда қабул қилинган қарорда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид ишларнинг ҳолатига, ўрганишлар олиб борилган ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилиб, аниқ вазифалар белгиланди.
М.ТЎРАЕВ, З.АБДУЛЛАЕВА,
Сурхондарё, Хоразм вилоят партия кенгашлари матбуот котиблари.
К.САХАТОВ, З.ТЎРАҚУЛОВ, Н.АБДУЛЛАЕВ, О.ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан сиёсий форум бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотл...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бошланган тадбирлар кўпч...
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияс...