Яратилган имкониятлар ташаббускорлик ва фаолликка ундамоқда

/
Маълумки, Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.
Шуни айтиш жоизки, Қарши тумани миришкорлари деҳқончилик, пахтачиликнинг сир-синоатини пухта ўзлаштириб олган инсонлардир. Шу боис ҳар йили туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида режалаштирилган вазифалар тўла уддалаб келинмоқда.
Кейинги йилларда туманимизда саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ҳам катта эътибор берилаяпти. Туманимизга ташриф буюрган Президентимиз ҳам бу жиҳатларга эътибор қаратиб, етиштирилган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қайта ишлашни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги юзасидан қимматли маслаҳатлар берди. Шунга мувофиқ туманимизда 2017-2019 йилларда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 17 та янги корхона ишга туширилади ва келгусида 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон—Хитой—Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳасини ҳам кўздан кечирди. Дарҳақиқат, ушбу йирик иншоот қуриб битказилса, ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имконияти яратилади. Йилига 22 минг тонна аралаш ип-калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш режалаштирилаётган корхона маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади. Вилоятимиз пахта етиштириш бўйича мамлакатимизда етакчи ўринда эканини назарда тутсак, бу истиқболли лойиҳанинг беқиёс аҳамиятини яққол англаймиз. Эзгу мақсадларни кўзлаб, пухта режалаштирилган бундай фойдали лойиҳалар ижроси деҳқонларимиз йил бўйи қилган ҳалол меҳнатининг самарасини тубдан оширади.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида туманимиз маркази Бешкент шаҳри ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Қад кўтарган кўркам бинолар, спорт иншоотлари, саноат корхоналари, ўқув юрти бинолари кўзни қувонтиради.
“Нукробод” қишлоғининг “Яккаёғоч” массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган, аҳоли учун қулай ва арзон уй-жойлар ўзига хос чиройи билан қишлоқнинг кўркига кўрк бағишламоқда.
Давлатимиз раҳбари бахтиёр оилалар истиқомат қилаётган мазкур массивда янги уй соҳибларидан бири Алишер Аҳмедов хонадонида бўлиб, бу ерда яшаш учун яратилган шароитлар билан танишди. Ёш оила аъзоларининг давлатимиз раҳбарига бундай ғамхўрликлар учун билдирган самимий миннатдорлиги кўплаб ёшларнинг ҳам дил сўзларидир, албатта.
Вилоятимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, бир-биридан муҳим истиқболли лойиҳалар воҳамиз аҳлининг қалбида яратувчилик иштиёқини, эртанги кунга ишончини оширмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг туманимиз аҳолиси билан учрашувларида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, вилоятнинг келгуси тараққиёти ҳақида таъкидланган теран фикрлар, аниқ ва муҳим кўрсатмалар, самимий суҳбатлар барчамизда чуқур таассурот қолдирди. Давлатимиз раҳбари суҳбатлар чоғида аҳоли даромадларини бир неча баробар кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш, валюта тушумини ошириш юзасидан қимматли маслаҳатлар берди.
Бундай залворли ишлар, эзгу мақсадларни вилоятимиз аҳли билан ҳамжиҳатликда ҳаётга татбиқ этишда биз, депутатлар масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда янада фаолроқ ишлашимиз лозим. Президентимизнинг таклиф ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан фикрлашиб, олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олдик.
Муқаддас МИРСАИДОВА,
халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омиллар...
01 янв 1970
Бугунги кунда аҳолининг сиёсий билими ва саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий таълим-тарбияга эътибор қаратиш долзарб вазифага айланган....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари в...
01 янв 1970
2019 йил мобайнида Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 1865 дан...