Муаммолар ҳал этилиши фуқароларнинг ишончини оширади

/
Партиянинг сиёсий майдонда муносиб ўрин эгаллаши ва кенг омма ўртасида нуфузи ошишида маҳаллий Кенгаш депутатларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёнда депутатдан юксак билим ва малака, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларнинг қонуний тартибда ҳал этилишига эришиш талаб этилади.
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2016 йил давомида қилинган ишлар, шунингдек, маҳалла, таълим муассасаларида ечимини кутаётган баъзи муаммолар атрофлича ўрганилганлиги, соғлиқни сақлаш ва ободонлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш бўйича олиб борилган амалий саъй-ҳаракатлар тўғрисида айтиб ўтилди.
Таъкидланганидек, партиянинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳи аъзоларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўтган йил давомида Бухоро шаҳрининг “Эски шаҳар” ҳудудидаги ички йўллар аҳволи ўрганилди. Шаҳарнинг ушбу қисмида ёмғир, қор ва чиқинди сувлари учун канализация қувурларининг йўқлиги, бу сувларнинг узоқ муддат давомида ички кўча йўлларида қолиб кетиши натижасида йўлларнинг ҳолати бузилиши билан бирга аҳоли хонадонлари ва тарихий обидаларга салбий таъсир кўрсатиб келган.
Йиғилишда ушбу долзарб муаммони ҳал қилиш мақсадида депутатлик гуруҳи томонидан Бухоро шаҳар ҳокимлигига, шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вилоят бўлимига депутатлик сўровлари киритилиб, бу масала юзасидан келиб чиққан муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилаётганлиги таъкидланди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Ориф Эгамовнинг Бухоро шаҳар “Электртаъминот” корхонаси раҳбарига юборган депутатлик сўрови натижасида шаҳардаги “Бошкаппа” ва “ўурбунча” аҳоли пунктининг хонадонларида электр энергияси кучланишининг пастлиги билан боғлиқ муаммолар барҳам топди.
Юртимизда соғлом оилани бунёд этишда, аввало, она ва боланинг саломатлигини асраб-авайлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникаларнинг моддий-техник базаси янгиланмоқда. Шундай бўлса-да, шаҳардаги баъзи тиббиёт муассасаларида бир қатор муаммолар келиб чиқмоқда. Шу муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2016 йилда депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Бухоро шаҳридаги тиббиёт муассасалари фаолияти ва моддий-техник базаси ҳолати ўрганилган. Шу мақсадда депутатлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, асосий эътибор тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, уларнинг кадрлар билан таъминланганлиги, кадрлар салоҳияти, оилавий поликлиникаларнинг фаолиятига қаратилди. Ўрганиш натижасида танқидий маълумотнома тайёрланиб, таҳлиллар асосида муаммолар очиб берилди. Таҳлил ва хулосалар асосида шаҳар ҳокимига депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди.
— 2016 йил давомида депутатлик гуруҳимиз номига 50 дан ортиқ ариза ва шикоятлар, турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушди, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Дилбар Ҳамдамова. — Биз уларни ўрганиб чиқиб, мутасадди ташкилотларга 50 та депутатлик сўрови юбордик. Уларнинг 80 фоиздан ортиғи ўз вақтида қонун доирасида ижобий ҳал этилди, қолганлари юзасидан мутасадди ташкилотлар ходимлари томонидан зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Ҳудудларни ўрганиб чиқиш давомида кўтарилган муаммолар депутатлик гуруҳининг 2017 йилда амалга ошириш мўлжалланган иш режасига киритилди ва тасдиқланди. Шунингдек, 2017 йилнинг биринчи чорагида “Аҳолини арзон ва самарали дори воситалари билан таъминлаш” ҳолатини ўрганиш ҳамда вилоят “Дори-дармон” акциядорлик жамияти раҳбари ҳисоботини халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиясида эшитиш белгиланди.
Депутатлик гуруҳи аъзолари жойларда фуқаролар билан мунтазам учрашувлар ташкил этиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш билан бирга фуқароларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишмоқда. Партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этиб келмоқда.
Йиғилишда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг масъулияти янада ортгани таъкидланди, хонадонларга кириб бориш, фуқароларни қийнаётган ҳар бир масалани чуқур ўрганиш, ушбу йўналишдаги фаолиятни ҳам мунтазам таҳлил қилиш зарурлиги иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1-мактабгача таълим муассасаси Чортоқ туманида тизимдаги йирик таълим маскани ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўр...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....
01 янв 1970
Халқимиз саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича бир қатор муҳим масалалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди да...