Сессияга масала киритилди

/
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг яқинда ўтказилган навбатдаги сессиясида бошқа масалалар қаторида “Қишлоқ хўжалигида зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш олиб боришнинг ҳолати ва уни янада такомиллаштириш юзасидан вазифалар” муҳокама этилди. Бу масалани кун тартибига халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи киритганлиги эътиборга моликдир.
— Депутатлик гуруҳимиз аъзолари айнан шу муҳим масалани ўрганишга қўл урганликлари бежиз эмас, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Иброҳимжон Абдуллаев. — Биз бунда, биринчи навбатда, 2016 йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқида белгилаб берилган муҳим вазифалардан келиб чиқдик. Чунки унда бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилганди.
Масалани ўрганишга нафақат депутатлар, балки вилоят партия кенгашининг қатор аъзолари ҳам жалб этилди. Кези келганда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассисларининг маслаҳатларидан ҳам кенг фойдаланилди. Айниқса, тажрибали бободеҳқонлар, илғор фермер хўжаликларининг раҳбарлари билдирган ўринли фикр-мулоҳазалар ишни ташкил этишда жуда асқотди. Ҳосилни ҳимоя қилишнинг биологик усулларига алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам шундан.
Кейинги йилларда Наманган вилоятида пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосил зараркунандаларига қарши кураш масаласи тобора кескин тус олаётганини айтиш жоиз. Бу фермер хўжаликлари кўтарадиган ялпи хирмонга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг маълумотларига қараганда, вилоятдаги далаларда 200-250 турдаги зараркунандаларни учратиш мумкин. Ўсимликлар чалинадиган касалликлар миқдори эса ўттиздан ортиқ экан. Ҳосилдорликка зиён етказадиган бегона ўтлар тури ҳам юздан зиёд. Вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш марказида 21 нафар, туманлардаги отрядлар таркибида эса 71 нафар мутахассис уларга қарши кураш чора-тадбирларини олиб боради. Шунингдек, 110 дан ортиқ агроном-энтомологнинг асосий вазифаси ҳам деҳқонларга етиштириладиган ҳосилни асрашда ёрдам кўрсатишдан иборат.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишнинг биологик усулларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Мавсумда вилоятдаги мавжуд 21 та биолабораторияда зараркунандаларга қарши ишлатиладиган биомаҳсулотлар етказиб берилмоқда. Аммо ҳамма ерда ҳам иш пухта ташкил этилмаганлиги сабабли кўнгилдагидай натижага эришиш қийин кечмоқда.
Бу, айниқса, ўтган йили яққол сезилди. Пахта далаларида кўсак қурти ҳар йилги ўртача кўрсаткичдан қарийб ўн баравар кўп миқдорда қайд этилди. Бироқ айрим фермер хўжаликларида зараркунандаларнинг тухумдалигидаёқ йўқ қилишга киришилмаганлиги, яъни биологик ишлов ўтказилмаганлиги ҳосилга жиддий зиён етказди. Чунки кўсак қурти насл беришининг олди олинмади. Шошилинч ўтказилган кимёвий ишлов ҳам кутилган самарани бермади. Бундай майдонлар Мингбулоқ туманида 6,7 минг гектарни, Поп туманида — 4,2 минг, Учқўрғон туманида — 3,8 минг, Уйчи туманида 1,8 минг гектарни ташкил этди.
“Адолат” СДП депутатлик гуруҳи соҳа мутахассислари билан биргаликда олиб борган ўрганишлар ўсимликларни биологик усулда ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга халақит бераётган муаммолар ҳам йўқ эмаслигини кўрсатди. Бир қатор, хусусан, Мингбулоқ, Косонсой, Норин, Поп, Уйчи, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон туман биолабораторияларида маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар маънавий жиҳатдан эскирган, унумдорлиги юқори эмас. Фермер хўжаликлари раҳбарларининг қишлоқ хўжалик зараркунандаларига қарши кураш борасидаги билим ва малакаларини мунтазам ошириб бориш талаб этилмоқда. Олий маълумотли, ўз ишини яхши биладиган агроном-энтомологларга ҳам эҳтиёж катта.
Вилоятда қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ўсимликларни ҳимоя қилиш марказига қарашли туман отрядларида 11 та марказий биолабораториялар мавжуд. Аммо уларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари талаб даражасида эмас. Мингбулоқ, Косонсой, Норин, Поп, Уйчи, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон туман биолабораторияларида маҳсулотларни тайёрлаш учун эски асбоб-ускуналардан фойдаланиб келинмоқда.
Ушбу биолабораторияларнинг аксариятида биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш ускуналари эскирган. Биолабораторияларда биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий механик линиялар ўрнатиш зарур. Бунинг учун эса маблағ етишмайди. Шу сабабдан ушбу биолабораторияларни механик линиялар билан таъминлаш учун уларни тижорат банкларининг имтиёзли кредити маблағлари ёки лизинг ҳисобидан сотиб олишни ташкиллаштириш лозим.
Уйчи, Чортоқ, Учқўрғон туманларидаги марказий биолабораторияларнинг бинолари таъмирталаб эканлигини ҳам қайд этиш лозим. Яна бир жиҳат — мавсум арафасида етарли миқдорда биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш учун куз-қиш ойларида пухта замин яратиш зарур. Бунинг учун, масалан, биолаборатория хоналарида меъёрдаги ҳароратни сақлаб туриш лозим. Бироқ уларни газ ва электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳал этилмаган. Демак, кўмир захираси бўлиши лозим. Аммо ҳозирча бу муаммо ҳам ҳал бўлмаган.
Сессияда ўрганишлар юзасидан ахборот берган партия гуруҳи раҳбари, “Адолат” СДП вилоят кенгашининг раиси Олимжон Мақсудов мавзуга доир бир қатор маълумотлар, чуқур таҳлил асосида фикр ва хулосаларни баён этди. Энг муҳими, бу масалаларда вазиятни ўнглаш учун амалга оширилиши лозим бўлган қатор тавсиялар ҳам тақдим этилди. Сессияда ушбу масала юзасидан қабул қилинган қарорда мазкур таклиф ва тавсиялар ўз аксини топди. Албатта, қарор ижроси бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар орас...
01 янв 1970
Шахмат — қизғин ва қизиқарли курашлар олами, ўйин жараёнида барчанинг диққатини бирдай ўзига жалб этувчи мураккаб вазиятлар, шу билан бирга, ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселект...
01 янв 1970
Урганч шаҳридаги Туризм ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди....