Ташаббускорлик ва профессионал маҳорат депутатлар фаолиятининг муҳим мезонига айланган

/
Бугунги кунда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳларининг янада фаол ва самарали ишлашига алоҳида эътибор қаратилиб, шу мақсадда ўтказиб келинаётган сиёсий ўқувлар, семинар-тренинг ва учрашувлар ўз ижобий натижасини бераётгани диққатга моликдир.
Халқ депутатлари Зарбдор туман Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан олиб борилаётган тарғибот тадбирлари, сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш борасида қилинган амалий ишлар ҳам буни яққол ифодалайди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларнинг депутатлик гуруҳи аъзоларига қилган мурожаатларида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига киритилган 16 та депутатлик сўровларидан 9 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, қолган 7 таси юзасидан амалий ишлар давом этмоқда.
Жумладан, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Акрам Абдувойитов тумандаги 8-умумтаълим мактабида қиш мавсуми олдидан газ таъминотига доир масала бўйича “Зарбдортумангаз” филиали раҳбарига депутатлик сўрови юбориб, тез орада мазкур масала филиал маъмурияти томонидан ўз ечимини топди. Бу борада бошлаб юборилган барча қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг сентябрь ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Шунингдек, депутатлик гуруҳи ташаббуси билан тумандаги 3-умумтаълим мактабида теннис майдонини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Шу мақсадда туман ҳокимининг фармойишига биноан маҳаллий бюджет ҳисобидан 9 миллион 671 минг сўм маблағ ажратилиб, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Яна бир мисол. Депутатлик гуруҳи томонидан “Янгиҳаёт” маҳалласидаги кўчанинг 1600 метр масофадаги қисмини таъмирлаш масаласини ҳал қилиш юзасидан юборилган депутатлик сўровини туман Ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари ўрганиб чиқишди. Натижада мазкур масала туман ҳокимлигининг 2018 йилга мўлжалланган манзилли дастурига киритилиб, аниқ вазифалар белгиланишига эришилди.
Халқ депутатлари туман Кенгашига “15-Ойбек” сайлов округидан сайланган депутат Назира Назарова томонидан туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига “Ойбек” маҳалласи ҳудудидаги кўча ва унинг атрофларини ободонлаштириш масаласида киритилган депутатлик сўрови натижасида мазкур йўл обод бўлди, йўл бўйига 230 дона турли манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Партия депутатлари хайрли ишларда ҳам ибрат кўрсатишаяпти. Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан туман ҳокимлиги кўмагида, ҳомийларни жалб қилган ҳолда Зарбдор шаҳарчасидаги “Нурли манзил” тўйхонасида ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларидан 14 нафарининг суннат тўйлари ўтказилгани ҳам кўпчиликни, айниқса, болажонларни мамнун қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалиши уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси мустаҳкамланишига, пировардида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаровонликни оширишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, депутатлар фаолияти билан боғлиқ жараён саналади. Шуни назарда тутиб, депутатлик гуруҳи аъзолари кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, партиянинг Сайловолди дастури ва ижтимоий лойиҳалари доирасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш юзасидан изчил фаолият олиб боришмоқда.
Бундай саъй-ҳаракатлар электорат манфаатларини рўёбга чиқариш билан бирга партиямиз фаолиятининг самарадорлиги ортиши ҳамда унинг аҳоли ва жамоатчилик ўртасида мавқеи янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
Узоқбой РИСҚУЛОВ,
Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон  “Адолат” социал-демократик партиясидан  халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига сайланган депутат Улуғбек Қурязо...
01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан учрашув ...
01 янв 1970
Фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитиб, хулоса чиқариш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш ҳар биримизнинг зиммамизга  масъул...