Йўлсозлик ва тиббий хизмат даражаси партия депутатлари назоратида

/
Даставвал шуни таъкидлаш лозимки, халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашида “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи кўпчилик овозга эга. Бу мазкур ҳудудда ижтимоий-иқтисодий масалаларни партия дастурий ғояларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этиш, вакиллик органида муҳим қарорлар қабул қилиш ва пировардида электорат ишончини оқлашда қўл келмоқда.
Партия депутатлари ҳар сафар сайловчилар билан учрашувлардан сўнг қайд этилган масалаларни чуқур ўрганиш, зарур хулосага келиш мақсадида аҳоли истиқомат жойларида, хизмат кўрсатиш муассасаларида тегишли соҳа мутасаддиларини жалб этган ҳолда мониторинг ўтказишади. Масалани электорат фойдасига ҳозиржавоблик билан ҳал этишга, бирйўла муаммога дахлдор идора-ташкилот раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлашга ҳаракат қилишади.
Нурободда йўлсозлик, коммунал, қурилиш ва ободонлаштириш соҳасида ишлар анчагина жонланиб, аҳоли мурожаатлари ижобий ечим топаётгани депутатларнинг маҳаллий бошқарув идоралари билан яқин ҳамкорлиги самарасидир.
Депутат Иброҳим Кенжаев ўз ваколатларидан самарали фойдаланиб, сайловчилар ишончини оқлаётган вакилларимиздан. Икки ой муқаддам туманнинг “Ўртабўз” маҳалласида яшовчи фуқаролар депутатга қишлоқдан туман марказига олиб чиқадиган йўлни таъмирлаш масаласида мурожаат қилишган эди. Партиядошимиз ижтимоий муаммони депутатлик гуруҳи билан биргаликда муҳокама этиб, депутатлар бу муаммони туман йўлсозлик идораси имкониятлари доирасида ҳал этиш мумкин, деган қарорга келишди. Депутатлик сўрови натижасида тезда зарур техника, транспорт воситалари ва таъмирловчилар бригадаси ажратилиб, йўлнинг бир неча километридаги ўйдим-чуқур жойларга тош-шағал ётқизилиб, текисланди. Сув тошқинлари ювиб кетмаслиги учун махсус ариқчалар қазилди. Бетон тўсиқлар билан мустаҳкамланди. Натижада “Ўртабўз”дан туман марказига элтувчи жамоат транспорти қатнови қайта тикланди. Депутатлик гуруҳи томонидан туман йўлсозлик идораси раҳбарининг ҳисоботини эшитиш пайтида ҳудуднинг бошқа аҳоли пунктларида ҳам йўлларнинг ҳолатини қайтадан кўриб чиқиш, таъмирлаш зарурлиги қайд этилиб, бу ишларнинг аниқ муддатларда бажарилиши назоратга олинди.
— Гап бирорта ижтимоий муаммони депутат ёрдамида ҳал этилди, деб ҳисоботларда қайд этишда эмас, балки хизмат кўрсатиш идоралари фаолиятида тизимли ишни йўлга қўйишда, раҳбар масъулиятини оширишда, ижро назоратини таъминлашда, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Нодира Ботирова. — Ваколат ва масъулият чуқур ҳис этилган жойда эса тартиб, саранжом-саришталик бўлади.
Худди шундай талаб ва ёндашувнинг исботини халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги депутатларимиз фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Мазкур гуруҳ “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши тавсиясига биноан оилавий поликлиникаларда, қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси, кадрлар салоҳияти ва малакасини ошириш масалаларини ҳам чуқур ўрганиш ва ҳал этишни назоратга олган. Ўтказилган мониторинглар натижасига кўра тумандаги аксарият ҚВПларда олий маълумотли тиббиёт ходимлари етишмаслиги аниқланиб, даволаш-ташхис ишларида камчиликлар борлиги қайд этилди. Бу ҳақда депутатлар — Манзура Давронова, Гулшан Шерматова, Ибодулла Муродов, Баҳриддин Қиличов, Эркин Эсиргадиев, Гавҳар Исаева мониторинг натижаларини баён этиб, ҳар бир қишлоқ врачлик пункти мисолида кечиктирмай ҳал этиш зарур бўлган ечимларни таклиф этдилар.
— Муаммога ана шундай манфаатдорлик билан қараш ёки уни ҳокимият вакиллик органи муҳокамасига олиб чиқиш депутат фаолияти электоратнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан чамбарчас боғланганини англатади, — дейди Манзура Давронова. — Биз фақат ҳозиржавоблик, қатъият ва ишонч билан ишласак, муаммолар юкини камайтириб борамиз. Ва сайловчилар келгуси сайловларда кимга овоз бериш ҳақида олдинроқ хулоса чиқариб олишади.
Бу гапларга қўшимча қилишнинг зарурати йўқ. Фақат шуни таъкидлаш лозимки, Нурободда депутатлик ваколати турмуш фаровонлигини таъминлашга, сўз ва иш бирлигини кўрсатишга ҳамда партия нуфузини қадам-бақадам оширишга хизмат қилмоқда.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Нукус шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда партиялараро сиёсий рақобат муҳитида, демократик тамойиллар асосида кечаётган сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда....
01 янв 1970
Партия тизимида белгиланганидек, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Адолат”чилар маҳаллаларга чиқиб, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан т...
01 янв 1970
Фуқаролардан 9 та ёзма ва 30 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушгани ҳамда ўз ижобий ечимини топгани эътиборга молик. ...