Адвокатура институти фаолиятини ислоҳ этиш инсон ҳуқуқлари ҳимоясига хизмат қилади

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Адвокатлар палатаси мутасаддилари, Адлия вазирлиги вакиллари, адвокатлар, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Хусусан, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳар бир бўлим ва моддаларида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамда манфаатлари олий қадриятлиги, давлат инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишда бош ҳимоячи эканлиги алоҳида кафолатлаб қўйилди. Ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий омилларидан бири сифатида адвокатура институтини ислоҳ қилиш ва самарали фаолият юритишини таъминлашга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Ўтган даврда адвокатура институтини ривожлантириш, унинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини таъминлашда тутган ўрни ва ролини ошириш, айблов ва ҳимоянинг тенглигини, одил судловни амалга оширишда томонлар тортишуви принципини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилиб, унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, 1996 йилда мамлакатимиз тарихида илк бор «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши адвокатура институтини ислоҳ қилишда муҳим қадам бўлди.
Мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар давом эттирилиб, 1998 йилда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга кўра, адвокатлик фаолиятининг принциплари, адвокатнинг ваколатлари, адвокатнинг дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш, адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва ижтимоий ҳимояси, юридик ёрдамни таъминлаш кафолатлари, адвокатура билан давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлари каби масалалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини оширишда Президентимизнинг 2008 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим роль ўйнаганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Мазкур фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган Адвокатлар палатаси ташкил этилди.
“Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ адвокатликка талабгорлар икки йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлиши ва адвокатлик тузилмаларида стажировка ўташи шартлиги мустаҳкамланди. Адвокатларнинг касбий малакасини ошириш мажбурияти киритилиб, адвокатлик тузилмаларининг ваколатлари ва уларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланди, жиноят процессида тарафларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бўйича чоралар, адвокатнинг айбланувчи, судланувчи билан чекловларсиз учрашиш имконияти мустаҳкамланди.
Шунингдек, мазкур қонун билан адвокатлик фаолияти кафолатларини реал таъминлашга қаратилган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Умуман, мустақиллик йилларида инсоннинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликлари, энг аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқининг самарали ҳимоясини таъминлаш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.
Мамлакатимизда адвокатура фуқаролар ва ташкилотларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий аҳамиятга молик вазифа юкланган махсус ҳуқуқ лаёқатига эга оммавий-ҳуқуқий институт сифатида шаклланди.
Адвокатура институтининг тубдан ислоҳ қилиниши натижасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилди.
Шу билан бир қаторда, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги даврда ҳар қандай соҳа каби адвокатура соҳасини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш долзарб вазифалардан саналади.
Бу ўринда, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш партиямизнинг энг муҳим дастурий вазифаларидан эканлигидан келиб чиқиб, айни масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз.
Чунки, Сайловолди дастуримизда жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва айнан адвокатура фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлишимиз ва уларни қўллаб-қувватлашимиз белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Адвокатлар палатаси ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада учраётган ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз орқали соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олишни мақсад қилганмиз.
Гўзал САЙФИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси ёрдамчиси:

— Дарҳақиқат, адвокатура тизимини ислоҳ этишга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Шунга қарамай, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида амалиётда адвокатура институти фаолиятини янада эркинлаштириш, уларга солиқ юкини енгиллаштириш каби айрим масалаларда ечимини кутаётган муаммолар ҳам борки, бу соҳага доир қонун ҳужжатларини яна бир бор таҳлил этиш ҳамда уни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексида белгиланган юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан адвокат томонидан сўралган ҳужжатларни ёки уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериши шарт бўлган давлат органлари ва бошқа органлардан, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш ҳуқуқини амалга оширишда муаммолар мавжуд. Масалан, аксарият ҳолларда адвокат сўровига жуда кечиктириб жавоб бериш ҳолатларига дуч келамиз. Ваҳоланки, шундай ҳолатлар бўладики, шахснинг тақдири адвокатнинг ўз вақтида ва тўлиқ маълумот тўплаб, тергов ёки судга тақдим этишига боғлиқ бўлиб қолади.
Шуни инобатга олган ҳолда ҳимоячининг Жиноят-процессуал кодексининг 87-моддасида белгилаб қўйилган далил сифатида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотларни олиш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш, жумладан, адвокатга экспертиза тайинлаш ҳуқуқини бериш ҳамда адвокат сўровлари бўйича тегишли ҳужжат ва маълумотларни энг қисқа вақт ичида тақдим қилиш тартибини белгилаш орқали адвокатнинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, бугунги кунда адвокатлик тузилмалари ва адвокатларга солиқ солиш амалиётини, шунингдек, адвокатлик фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган ва юридик ёрдам учун адвокатлик тузилмасига келиб тушадиган маблағлардан олинадиган бошқа харажатлар структурасини ўрганиш натижаларидан адвокатлик тузилмаларига солиқ солишнинг амалдаги тизимини ҳам ислоҳ қилиш зарурлиги аён бўлмоқда.
Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуни 12-моддасида адвокатурага коммунал хизматлар, алоқа хизматлари ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бошқа имтиёзлар берилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, амалда ҳозирги вақтга қадар бундай имтиёзлар берилмаган.
Ўйлаймизки, ушбу муаммоларнинг бартараф этилиши фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишда адвокатура институти зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишида муҳим омил бўлади.
Шунингдек, давра суҳбатида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, қонунлар моҳиятини фуқароларга, мансабдор шахслар онгига сингдириб боришда бевосита адвокатура тизимининг иштирокини янада кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги улар фаолиятининг янада самарали бўлишини таъминлайди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши қабулхонасига пойтахтда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди...
01 янв 1970
Бугунги кунда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги ўтказиб келинаётган сиёсий ўқувлар, семинар-тренинг ва учрашувлар ўз ижобий натижасини бераё...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....