Cпорт — миллат генофондини яхшилаш гарови

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ҳаваскор жамоалар ўртасида “Адолат” кубоги учун мини-футбол мусобақаларининг якуний республика босқичи ўтказилди.
Пойтахтимиздаги “Ёшлик” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон мини-футбол федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон мини-футбол федерацияси мутасаддилари, партия фаоллари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мусобақани кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров истиқлол йилларида мамлакатимизда ёшларни соғлом турмуш тарзи, оммавий спорт, жисмоний тарбия билан шуғулланишга кенг жалб этишга чуқур эътибор қаратиб келинаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда ёш авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, спорт, санъат билан шуғулланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратиб берилган. Хусусан, юртимизнинг чекка-чекка қишлоқларида ҳам спортни ривожлантириш, ёшларимизнинг соғлом ва баркамол униб-ўсишларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, ҳар бир билим масканида замонавий спорт мажмуалари барпо этилганлиги, ёшларнинг спортга бўлган ҳавас ва қизиқишларини ошириш, спорт билан шуғулланишлари учун яратиб берилган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, улар ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этмоқдалар.
Ўтган йилларда республикамизда спорт ўйинларининг тўлақонли ривожланиши учун барча шароитлар яратилиб, соғлом авлодни шакллантириш ва тарбиялашнинг ўзига хос миллий модели вужудга келди. Болалар, ўсмирлар ва ёшларни спортга жалб этиш борасида тўлиқ қамровли тизим яратилди. Хусусан, уч босқичли спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, ва “Универсиада” — бунга яққол мисол бўла олади.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига асосан ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ янги таҳрирда ишлаб чиқилган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кенг муҳокама қилинмоқда.
Умуман олганда, бугун нафақат ёшлар, балки аҳолининг кенг қатлами орасида спортни тарғиб қилиш, ҳаваскор жамоалар ўртасида спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил қилиш ҳам анъанага айланиб бормоқда.
“Адолат” кубоги учун мини-футбол мусобақаси ҳам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Ҳаваскор жамоалар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақадан кўзланган асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилишни кучайтириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш орқали жамиятимизда соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтиришга қаратилган.
Мазкур мусобақанинг минтақавий босқичлари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан жойларда шакллантирилган жамоалар ўртасида юқори савияда ташкил қилинди.
Мусобақанинг республика босқичида Тошкент, Наманган, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё ҳамда пойтахт жамоалари ўзаро куч синашишди. Жамоалар ўртасидаги ҳар бир учрашув қизиқарли, дўстона ва байрамона кайфиятда бўлиб ўтди. Икки гуруҳга бўлиниб кураш олиб борган жамоалар орасидан Сирдарё ва Наманган вилояти жамоалари финалда ўзаро беллашишди. Аҳамиятли жиҳати, ушбу учрашувда томошабинлар ҳаётий тажриба ва ёшлик шижоатининг ўзаро баҳсига гувоҳ бўлишди. Яъни, Наманган жамоаси таркибида асосан меҳнат фахрийлари бирлашишган бўлса, сирдарёликлар ёшларни уюштирган. Шундай қилиб, ушбу учрашувда сирдарёлик ёшлар рақибларини 5:1 ҳисобида доғда қолдириб, мусобақада биринчи ўринни эгаллади. Наманган жамоасига иккинчи ўрин насиб этди.
Қашқадарё ва Тошкент вилояти жамоалари ўртасида учинчи ўрин учун кечган кураш, айниқса, шиддатли кечди. Асосий вақтда 5:5 ҳисобида муроса йўлини танлаган жамоалар ҳар қандай футбол мусобақасини безайдиган пеналтилар серияси орқали ғолибни аниқладилар. Ушбу беллашувда 3:2 ҳисобида тошкентлик футболчиларнинг қўли баланд келди ва улар фахрли учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдилар.
ўолиб жамоаларга “Адолат” кубоги, медаллар ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, тадбирнинг ёпилиш маросимида хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга байрам кайфияти бахш этди.
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Спорт ва соғлиқ бир-бирини тақозо этувчи муҳим тушунчалардир. Соғлом ёшлар ҳар қачон, ҳар ерда ўз фикрига, соғлом мулоҳазасига эга бўлади, халқ ва давлат манфаатини ҳимоя қилади.
Жойларда спортни ривожлантиришга нафақат ижроия ҳокимият органлари, балки давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ҳам жалб этилаётгани халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссиялар фаолиятига ҳам катта масъулият юкламоқда.
Бугун ушбу жараёнларда жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, хусусан, аҳолининг кенг қатлами билан бевосита ишлайдиган сиёсий партияларнинг ҳам фаол иштироки жуда муҳим. Энг муҳими, биз, «Адолат» СДП аъзолари ҳам ҳаётимизнинг маъно-мазмуни бўлган навқирон авлодни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўстириш, уларнинг фаровон келажагини барпо этиш, интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш борасида дастуриламал сифатида хизмат қилувчи давлат дастурлари ва қонунлар ижросини таъминлашда фаол бўлишимиз, жойлардаги бошланғич партия ташкилотларимиз ёрдамида болалар спортини ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз, уларнинг бугун соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари эртанги кунда, албатта, ўз самарасини беражагини тинимсиз тарғиб қилишимиз лозим.
Истиқлолимиз айёми муносабати билан ўтказилган мазкур мини-футбол мусобақаси ҳам айни мақсадлар йўлида партиядошларимизнинг амалий ишлари сирасига киради.
Фарҳод ИШАНКУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим бошлиғи:

— Дарҳақиқат, жамият тараққиётини янги босқичга кўтариш, келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол ёшларни тарбиялаш ва уларни ижтимоий фаоллик асосида спортга жалб этиш нафақат оила, маҳалла ёки таълим муассасалари, балки фуқаролик жамияти институтларининг ҳам долзарб вазифаларидан бири саналади. Зеро, мамлакатимизнинг келажаги ёш авлодга, уларнинг жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамоллигига боғлиқ. Қолаверса, аҳоли ўртасида спорт билан шуғулланишни оммалаштириш миллат генофондини яхшилашга хизмат қилади.
Шундай эзгу мақсадларни кўзлаб ташкил этилган “Адолат” кубоги учун ҳаваскор жамоалар ўртасида мини-футбол мусобақасини ўтказиш ташаббуси барча даражадаги партия ташкилотларимиз ҳамда фаолларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Ўз навбатида, ушбу ташаббус жойларда спортсевар ёшлар, ҳатто фахрийларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлди.
Мусобақанинг биринчи босқичи республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, ёшлар, партиямиз аъзолари ва фаоллари орасида ташкил этилган ҳаваскор жамоалар ўртасида бўлиб ўтди.
Иккинчи, яъни ҳудудий босқичда эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри қуйи босқичда маҳорат кўрсатган ўйинчилардан иборат терма жамоаларни шакллантиришди. Бу эса якуний республика босқичи ўйинларининг шиддатли ва қизиқарли бўлишини таъминлади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу мусобақа ҳақиқий спорт байрамига айланди ва ўйлайманки, биз бу орқали олдимизга қўйган мақсадимизга эришдик.
Жаббор ҚУЛИЕВ,
Сирдарё вилояти жамоаси сардори, “Адолат” СДП фаоли:

— Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда биз, ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз учун барча шароитлар яратилган. Ҳатто, чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, айниқса, мини-футбол майдонлари бунёд этилаётгани спорт билан мунтазам шуғулланишимизга катта имкон бермоқда.
Мен ҳам маҳалладошларим, партиядошларим билан бўш вақтларимда мини-футбол ўйнаб тураман. Партиямиз томонидан мини-футбол бўйича республика мусобақаси ташкил этилаётганини эшитиб хурсанд бўлдик. Жамоамиз билан туман босқичида ғолиб бўлганимиздан кейин бошқа туманлардаги маҳоратли тенгдошлармиз ҳисобидан сафимизни кучайтирдик ва минтақавий мусобақада Жиззах ва Самарқанд вилояти жамоларини мағлуб этиб, республика босқичига чиқдик. Очиғи, мусобақанинг финал босқичи биз кутганимиздан ҳам шиддатли ва муросасиз баҳсларга бой ўтди.
Албатта, биз профессионал спортчи бўлмасак-да, республика даражасидаги мусобақада иштирок этиб, бошқа вилоят жамолари билан куч синашганимиз ва улар билан дўстлик ришталарини боғлаганимиздан мамнунмиз. Айниқса, ушбу мусобақа Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ тўйи муносабати билан ўтказилгани ва унда бош совринни қўлга киритганимиз бизга ғурур ва ифтихор туйғусини бағишлади.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясида “Конституция — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафо...
01 янв 1970
Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
01 янв 1970
Тошкент шаҳридаги “Гавҳар” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Чилонзор тумани кенгаши томонидан “Уюшмаган ёшлар била...
01 янв 1970
“Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби” мавзусида ўқув-семинар ў...