Ваколатлардан самарали фойдаланиш депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиради

/
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашлари билан ҳамкорликда “Сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари ва унинг доимий электорати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳар. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мажлислар залида ушбу мавзуда бўлиб ўтган семинар-тренингда Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ва туман партия кенгашлари етакчилари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда партия депутатлик гуруҳи фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда депутатларнинг ўз ваколатларини амалга ошириш кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг доимий комиссиялар мажлислари ва сессиялар кун тартибига партиянинг дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларига мос таклифлар киритиш бўйича ташаббусларини кучайтиришнинг амалий механизмларини такомиллаштиришга эътибор қаратилди.
— Семинарда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, партиямиз Сайловолди дастурининг муҳим йўналишларини амалга оширишда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳининг қай даражада иштирок этаётганлиги, электорат манфаатларини рўёбга чиқаришда олиб бораётган ишлари муҳокама қилинди, — дейди халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Омонулла Ибрагимов. — Тажрибалардан келиб чиқиб, партия гуруҳининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига таъсир ўтказишнинг услубий жиҳатлари таҳлил этилди. Бунда уларнинг жойларда қонун ҳужжатларининг ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги иштирокини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, депутатлик гуруҳимиз томонидан 2015 йил давомида Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари ва сессияларига киритилган 3 та масала юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди. Шу билан бирга, депутатларнинг мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига киритган 85 та депутатлик сўровлари асосида ҳамкорликда қилинган ишлар аҳоли манфаатларини таъминлаш ва фаровонликка хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам тегишли тартибда юборилган жами 22 та депутатлик сўровига мувофиқ эришилган натижалар сайловчилар ишончини оширмоқда.
Иштирокчилар қуйи партия ташкилотлари ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари билан ўз сайлов округлари ҳудудида депутатлар фаолиятини ташкиллаштириш, депутатлик назоратини амалга ошириш юзасидан ўзаро самарали ҳамкорлик қилиш масаласига доир фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Шу билан бирга, депутатларнинг фаолияти, уларнинг ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича нуқтаи назарлари, ташаббус ва таклифларидан аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида партия депутатлик гуруҳларининг оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда ишлашининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Қорақалпоғистон. Нукус шаҳрида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган семинар-тренингда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан электорат манфаатларини рўёбга чиқариш, муқобил энергия турларидан фойдаланишни ривожлантириш, иқтисодиётнинг инновацияга асосланган ривожланишига эришиш, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий адолат принципларини амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш юзасидан муайян ишлар қилинмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, жорий йилда тегишли корхона, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари номига киритилган 16 та депутатлик сўровида келтирилган масалаларнинг ижобий ечим топишига эришилди.
Семинар-тренинг давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлашдаги ўрни, партия дастурий вазифалари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, аниқ ижтимоий масалалар ечимлари лойиҳаларини тайёрлаш ва тавсия этиш масалалари, жойларда қонун ва қонуности ҳужжатларининг ҳаётга татбиқ этилиши устидан депутатлик назоратини ташкиллаштириш методикаси, депутат сўрови киритиш ваколатидан самарали фойдаланиш каби муҳим масалаларга доир маърузалар тингланди.
Сирдарё. Гулистон шаҳрида ҳам мазкур мавзуда ўтказилган семинар-тренингда партиянинг дастурий мақсадлари ва унинг электорати манфаатлари ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга доир дастурлардан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди. Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолияти, ютуқ ва камчиликлар ҳақида таҳлилий ёндашувлар асосида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
— Депутатларнинг ўз сайлов округларида ваколатлари доирасида қандай ишлаётганлиги таҳлил қилиниши ҳамда уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган услубий тавсияларни ишлаб чиқиш семинар-тренингда кўтарилган муҳим мавзулардан бири бўлди, — дейди халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Мавлуда Алтмишева. — Ушбу мавзу доирасида электоратнинг доимий ижтимоий эҳтиёжлари ва манфаатларини аниқлаш ҳамда фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ҳал этилишида партия гуруҳлари ролини ошириш масалалари диққат марказида бўлди. Зеро, партия гуруҳлари ўз сайловчилари ҳамда партиянинг тегишли органлари олдида ҳисобдор саналади. Депутатлар партиянинг қуйи ташкилотлари, БПТлар билан яқин алоқада ишлаши зарур, бу депутатлик фаолиятида янги таклифларни ишлаб чиқиш, ташаббусларни илгари суришда амалий аҳамият касб этади. Хусусан, бу борада маълум тажрибаларга эга эканимизни таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш дастурларининг мазкур ҳудудда яшовчи партия доимий электоратининг асосий манфаатлари билан боғлиқлиги, бу манфаатларнинг сиёсий партия дастурий мақсадларида ўз аксини топиши хусусида сўз юритди. Ушбу жараёнда партиямизнинг Сайловолди дастури ҳамда унинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурида белгиланган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи муҳим йўналишлар бўйича устувор вазифаларга эътибор қаратди.
Семинар-тренинглар давомида иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда мавзу юзасидан амалий машғулотлар олиб боришди. Қизғин мулоқот, савол-жавоблар тарзида ўтган семинар-тренингларда таклифлар ўртага ташланиб, зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Шарипа ТОРЕШОВА,
Шуҳратжон ҲАСАНОВ,
Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш бугун долзарб вазифалардан. Шу боис халқ вакиллари сайловчиларнинг бу борадаги саволларига қулоқ тутди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Миробод туман кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир й...
01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг янги лойиҳаси “Адолатли қайнона”, деб аталади....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган ҳисобот йиғили...