Ватан тараққиёти йўлидаги фидойилик

/
Икром АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси:

— “Адолат” социал-демократик партиясининг бугунги кундаги тараққиёт омиллари нималарда, деб ўйлайсиз? Унинг ташкил этилган даврдагига нисбатан ўсиш, юксалиш даражалари нималарда кўзга ташланади?
— Партиялар жамият, давлат тараққиётига хизмат қилувчи сиёсий институт ҳисобланади. Шу жиҳатдан “Адолат” СДП ҳам ўз дастуриламалида кўзда тутган инсон ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият деб баҳолаб, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнига фаол ҳисса қўшмоқда.
“Адолат” СДП ташкил топган кундан бошлаб ҳозирга қадар ғоявий жиҳатдан жипслашди, ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланди, жойларда партия фаолияти ҳақида аҳолининг хабардорлиги ортди, аъзолар сони кўпайди. Бугунги кунда вилоятда партия аъзолари сони ўн бир минг кишидан ошди. Айниқса, кейинги уч-тўрт йил ичида сафимиз янада кенгайди. Бунда партия тараққиётининг ўзига хос омиллари бор. Айтайлик, бундан 20 йил аввал халқимиз вакиллари партиямизнинг келажагига ишонч билдириб аъзоликка кирган бўлсалар, бугунги кунда улар партиямизнинг фаолиятини яхши билган, унинг амалга ошираётган ишлари, келгуси режаларини маъқуллаган ва ўзлари ҳам партия олиб бораётган ишларга ҳисса қўшиш учун аъзо бўлмоқдалар. Бошқача айтганда, бугун партиянинг фаолиятига ишонч янада кучайди. Бу партиянинг тараққий этишидаги дастлабки омил ҳисобланади. Партия тараққиётининг кейинги омили бевосита ташкилотимизнинг фаолияти билан боғлиқ. Яъни, партия ўз фаолияти давомида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини олий қадрият сифатида улуғлаб, адолатли фуқаролик жамияти ва бошқарувни демократлаштириш йўлидан бориб, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаб, аҳоли фаровонлигини оширишга интилаётган экан, бу билан нафақат юртимиз тараққиётига муносиб улуш қўшмоқда, балки халқимиз орасида ўз нуфузини ҳам оширмоқда. Бу “адолатчи”ларнинг чинакам фидойилиги натижасида юзага келмоқда.
— Партиянинг ҳудудий ва қуйи ташкилотлари фаолияти қандай кечмоқда? БПТлар фаолиятини кучайтиришда улар яна қандай ишларни амалга ошириши зарур, деб ҳисоблайсиз?
— БПТ электорат билан ҳамкорликда ишлаб, жойлардаги муаммолардан хабардор бўлувчи, партия дастурини ҳаётга изчил татбиқ этувчи қуйи бўғин ҳисобланади. Хоразм вилоят партия кенгаши ҳам маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари ва қуйи тузилмалар ҳамкорлигида жойларда аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таьминлашга қаратилган қатор лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келаяпти.
Вилоят партия ташкилоти таркибида айни пайтда 130 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Партиядошларимиздан 1 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 8 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгашига, 43 нафари шаҳар ва туманлардаги маҳаллий Кенгашларга депутат этиб сайланган. Маҳаллий вакиллик органларида партиямизнинг жами 7 та депутатлик гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Бу катта куч ҳисобланади. Ана шу кучга таяниб, 2015 йилда вилоят партия ташкилотида кўплаб ишлар амалга оширилди. “Йилнинг энг намунали партия ташкилоти”, “Йилнинг энг намунали бошланғич партия ташкилоти”, “Йилнинг энг намунали депутатлик гуруҳи” кўрик-танловлари ўтказилди. ўолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Вилоят партия ташкилоти қошида “Адолат жилғалари” деб аталган ёш истеъдодлар клуби фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Адолат дўпписи” ва “Адолат белбоғи” деб номланган махсус совға ҳамда сертификат ташкил этилган. Ўтган вақт ичида кўплаб ёшлар ана шундай совға ва сертификатларга эга бўлдилар. Партиямиз фаоллари томонидан таъсис этилган “Эъзоз ва эътибор” лойиҳаси доирасида улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари қадрланмоқда. Сафдошларимиз юртимизни обод қилиш, боғлар яратиш, кўкаламзор масканлар барпо этишга ҳисса қўшмоқдалар.
Партия ташкилоти томонидан жойларда хайрия ишларига хам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2015 йилда 76 та хайрия тадбирлари ўтказилиб, уларда ҳомийлар кўмагида 2300000 сўмлик хайрия ёрдамлари амалга оширилди. Вилоятда аниқланган 170 нафар ёлғиз яшовчи кексаларга моддий кўмак берилди. Бу ишда партия вилоят кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти ва “Адолат жилғалари” истеъдодлар клуби аъзолари фаол иштирок этиб келмоқда. 2016 йил вилоят партия ташкилоти тизимида “Бошланғич партия ташкилоти йили” деб номланди. Шу муносабат билан жойларда БПТлар фаолиятини янада яхшилаш учун турли тадбирлар ўтказилмоқда. Келгусида амалга ошириладиган режаларимиз ҳам кўп. Маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлари жойлардаги мавжуд муаммолар ечими бўйича таклифлар билан чиқиши, амалий ёрдам бериши, халқ дарди билан яшаши, ёш авлодни юксак маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялаш вазифаларига эътиборни янада кучайтириши лозим. БПТ фуқароларни ишга жойлаштиришда, сармоядорларнинг маблағларини ишлаб чиқаришга йўналтиришда, умуман, мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти ривожланишида ўз ўрнига эга бўлиши лозим, электорат манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришлари зарур.
— Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси “Демократик кучлар блоки”га нисбатан ўзини мухолиф деб эълон қилди. Сизнингча, бу мухолифлик нималарда намоён бўлмоқда ва у мамлакатимиз тараққиётида қандай аҳамият касб этмоқда?
— Сиёсий мухолифлик амалий куч саналади, яъни ислоҳотларнинг муқобил намуналарини таклиф этиб, жамиятни тараққиёт ва юксалиш йўлига бошлай оладиган фаолиятдир. Шунингдек, мухолифлик фуқаролик жамиятининг шаклланиш омили ҳам. Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда мухолифликнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Бунда давлат, жамият тараққиётига хизмат қиладиган соғлом сиёсий рақобат назарда тутилган. Парламентимиздаги мухолиф томонлар вакиллари мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг гуллаб-яшнаши учун бор кучларини сарфламоқлари лозим. Хусусан, “Адолат” СДП бизнеснинг ижтимоий масъулият даражасини ошириш, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини фаол ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, корхоналарга уларнинг социал ва ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигидан келиб чиқиб солиқ имтиёзларини бериш каби масалалар парламентдаги кўпчиликнинг ғоялари ва муштарак фаолияти йўналишларида етарлича акс этмаганлигини алоҳида қайд этиб, ўзини “Демократик кучлар блоки”га нисбатан мухолиф деб эълон қилди ва ушбу ҳамда бошқа йўналишларда умумхалқ манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Мухолиф сиёсий кучларнинг соғлом сиёсий рақобат олиб бориши аслида жамият эҳтиёжларидан келиб чиқади ва барқарор тараққиёт омилларини бир-бирларининг фаолиятларида тўлдириб боришлари учун ҳам зарур бўлади.
— “Адолат” СДП Ўзбекистоннинг келажаги – инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Илмий-маърифий соҳаларни юксалтиришда, тадбиркорликни кучайтириш ва илғор технологияларни ҳаётга татбиқ қилишда, ишлаб чиқаришни инновацион технологиялар билан қуроллантиришда партия қандай роль ўйнамоқда?
— Инновациялар инсоният цивилизациясининг барча босқичларида муҳим роль ўйнаган ва юксалишга йўл очган. Бунинг асл сабаби илм-фаннинг ривожланиши мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи асосий мезонлардан бири эканлигидир. “Адолат” СДП Сайловолди дастурида инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ деб ҳисоблайди, дея таъкидланган. Бу соҳаларга партиянинг амалий ёрдами сифатида ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш таклиф қилиниб, бунга маълум даражада эришилмоқда. Хусусан, айни пайтда олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, уларнинг базасида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш каби ишлар олиб борилмоқда. Ушбу фаолиятда партия ғоялари ва сафдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари уйғунлиги самара бермоқда.
Жорий йилнинг бошида вилоят ташкилоти ташаббуси билан фермерлар фаолиятига инновацион технологияларни жорий қилиш мақсадида Урганч давлат университети олимлари билан ҳамкорликда “Фермер хўжалигида инновацион муҳит — барқарор ривожланиш омили” мавзуида туманлараро ўқув-семинари ташкил этилди. Келгусида бундай ишлар яна давом этади.
— “Адолат” СДП келгусида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий ҳаётида қандай мавқега эга бўлади, деб ўйлайсиз?
— “Адолат” СДП келгусида мамлакатимизнинг барча соҳаларида ўзининг мустаҳкам мавқеига эга бўлади. Чунки ўзининг аниқ дастурига, мустаҳкам позициясига ва элим, юртим деб ёниб яшайдиган аъзоларига эга. Ўйлайманки, партия электорати (сайловчилари) сафи ҳам кенгайиб боради. Партиянинг парламентда ўз сафини кенгайтириб бориши халқ манфаатлари ва юртимиз истиқболи учун хизмат қилади. Партиямизнинг бош шиори “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони. Адолат — ҳар бир инсон учун”, деб белгилангани бежиз эмас. Зеро, адолатни қарор топтириш, уни ҳаётда амалга ошириш, ҳар бир инсон тақдири билан боғлаш осон кечмайди. Негаки, Ватан тараққиёти, истиқболи учун хизмат қилиш партиядошларимиздан чинакам фидойиликни талаб этади. Мен сафимизда ана шундай фидойи инсонлар кўп эканлигига ишонаман.
Суҳбатдош:
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёш спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари ҳақида ўқиб-эшитиб, ғурурланамиз. ...
01 янв 1970
Электорат ишончини оқлашга астойдил интилаётган И.Худойбердиев ташаббуси билан маҳаллада артизиан қудуғи қазилиб, сув минораси барпо этилди....
01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...