Адолатпарварлик ғояси барча даврлар учун энг муҳим мезон

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг республикамизда ўз ўрни, мавқеига эга бўлиб, халқимиз орасида нуфузи ортиб боришида унинг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари, фаоллари, аъзолари ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Уларнинг изчил фаолияти натижасида партия сафи кенгайиб, БПТлар сони кўпаймоқда. Жойларда партия Дастурлари асосида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Газетхонларни партия фаоллари фаолияти, жойларда юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан таништириш мақсадида янги — “Адолат”: кеча, бугун, эртага рукнини ташкил этдик. Ушбу рукн остида партиянинг ҳудудий ташкилотлари етакчилари, фаоллари билан суҳбатлар бериб боришни ният қилдик. Илк суҳбатдошимиз Фарғона шаҳар партия кенгаши раиси Шаҳноза Аҳмедова бўлди.
— “Адолат” социал-демократик партиясининг бугунги кундаги тараққиёт омиллари нималарда намоён бўлмоқда? Унинг ташкил этилган даврдагига нисбатан ўсиш, юксалиш даражалари нималарда кўзга ташланади?
— Бу йил партиямиз ташкил этилганига 21 йил тўлди. Албатта, бу партиянинг ўзини намоён қилиши учун, мамлакатимиз ҳаётида ўз ўрнини топиши учун оз муддат эмас. Шу давр ичида партиямиз фаолияти, мақсад-вазифалари, амалга оширган ишлари билан нафақат халқимизга танилди, балки аҳолининг, турли соҳа вакилларининг ҳурмат-эътиборига ҳам сазовор бўлди. Шунингдек, бу даврда партия аъзолари сони бир неча бараварга ошди, у ғоявий жиҳатдан етакчи кучга айланди, ташкилий қурилиши мустаҳкамланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия депутатлик гуруҳлари кўпайди. Булар, табиийки, осонлик билан амалга ошадиган ишлар эмас.
— Партиянинг ҳудудий ва қуйи ташкилотлари фаолияти қандай кечмоқда? БПТлар фаоллигини оширишда яна қандай ишлар қилиш зарур?
— Фарғона шаҳар партия кенгашида иш бошлаганимда бу ерда партиямизнинг битта бошланғич ташкилоти бўлиб, бу ташкилот аъзолари “Фарғона дон маҳсулотлари” ишлаб чиқариш корхонасининг 160 нафар ишчисидан иборат эди. Бугунги кунга келиб эса кенгаш таркибида 1070 дан ошиқ партия аъзоларини бирлаштирган 29 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Фарғона шаҳар партия кенгашининг ўтган йиллар давомида бундай даражага эришиши осон кечмади. Бунда партия етакчилари, фаоллари, аъзоларининг хизматлари катта бўлди. Бу борада ишимизни аҳоли ва ташкилотлар ичига “юриш”дан, яъни одамларнинг, оилаларнинг муаммоларини ечишга кўмаклашиш, корхоналар ишчиларини маънавий қўллаб-қувватлаш, шаҳар ижтимоий ҳаётини яхшилашга ёрдам бериш, ёшларнинг амалий фаолиятига кўмаклашишдан бошладик.
Кейинги икки-уч йил ичида партия фаолларимиз, депутатларимиз билан биргаликда юзлаб ҳамшаҳарларимизни иш билан таъминлашга кўмаклашдик. Кам таъминланган оилалар фарзандларининг шартнома асосида ўқиши, хорижий тилларни ўрганиши учун амалий ёрдамлар кўрсатилди. Маҳаллаларда ташкил этилган фольклор ансамблларининг оёққа туриб олишлари учун моддий ёрдам берилишига эришдик. Фарғона шаҳрида, Фарғона политехника институтида, ҳарбий-техника йўналишидаги академик лицейда, вилоят ички ишлар бошқармасида, маҳаллаларда “Кўкрак саратони касаллигининг олдини олиш” бўйича бепул тиббий кўриклар, давра суҳбатлари, соғломлаштириш мусобақалари ташкил этдик. Ҳар йили баҳорда “Оила халқаро куни” муносабати билан “Оилада соғлом турмуш тарзини яратиш — комил инсонни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзусида марафонлар ўтказдик.
Партиямизни ҳозиргидан ҳам кўра катта кучга айлантириш учун вилоят, туман, шаҳар ва айниқса, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш зарур. Бунинг учун, аввало, тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор бериш керак. Шунингдек, БПТлар раҳбарларининг малакасини ошириш, улар тажрибали, бошқаларни орқасидан эргаштира оладиган, партия сафига янги аъзоларни жалб қиладиган лаёқатли етакчилар бўлиши айни муддаодир.
— Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Демократик кучлар блоки”га нисбатан “Адолат” СДП фракцияси ўзини мухолиф деб эълон қилди. Сизнингча, бу мухолифлик нималарда намоён бўлмоқда ва у мамлакатимиз тараққиётида қандай роль ўйнайди?
— Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган сиёсий партияларнинг мақсади битта — бу ҳам бўлса мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий тараққиётига, давлатимизнинг демократик тамойиллар асосида ривожланишига, халқимизнинг бахтли келажагини яратишга ҳисса қўшишдан иборат. Албатта, бу улуғ мақсадга етишиш учун хилма-хил йўллар танланади. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракциясининг “Демократик кучлар блоки”га нисбатан мухолифлиги асосида ана шу умум мақсадга етишиш йўлидаги фикрлар, ғоялар, нуқтаи назарлар, маслаклар хилма-хиллиги ва рақобати мавжуд.
Келинг, бу борада фикримизга бироз ойдинлик киритайлик. Айтайлик, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида хусусий тадбиркорликни, кичик бизнес субъектларини, фермер хўжаликларини ривожлантириш жараёнига барча партиялар фаолиятларида эътибор қаратганлар. Лекин давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантиришнинг амалий механизмини яратишда партиямиз фракциясининг қарашлари “Демократик кучлар блоки” вакилларининг қарашларидан фарқ қилади. Бу фарқ иш берувчилар ва ходимлар ўртасида ижтимоий шерикчиликни мустаҳкамлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналарда ишчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини янада ошириш ва бу йўналишда қонунчилик базасини такомиллаштириш каби йўналишларда намоён бўлади. Ёки партиямизнинг интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, корхоналарга уларнинг социал ва ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигидан келиб чиқиб, солиқ имтиёзларини бериш борасидаги амалий таклифлари бошқа партияларнинг таклифларидан фарқланади. Бундай хилма-хил қарашлар соғлом рақобат, албатта, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун хизмат қилади.
— “Адолат” СДП Ўзбекистон келажаги инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Илмий-маърифий соҳаларни юксалтиришда, тадбиркорликни кучайтириш ва илғор технологияларни ҳаётга татбиқ қилишда, ишлаб чиқаришни инновацион технологиялар билан қуроллантиришда партия қандай роль ўйнамоқда?
— Партиямиз Ўзбекистоннинг келажаги инновацион иқтисодиётда, деган нуқтаи назарга амал қилиб фаолият юритмоқда. Бунда бир неча йўналиш — яъни, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан инновация жамғармасини тузиш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, иқтисодиёт соҳасида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш кабилар асос қилиб олинган. Ана шулар асосида партиямиз томонидан республика миқёсида “Инновацион фаолият — тараққиёт гарови”, “Талабанинг кичик инновацион корхонаси” каби кўрик-танловлар эълон қилинди. Бу кўрик-танловларда ёшларимиз фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали ихтирочи талабаларининг, “Ёш адолатчилар” қаноти вакилларининг амалга ошираётган ишлари алоҳида эътиборга молик.
— Келгусида мамлакатимиз тараққиётида партия фаолиятидаги қайси йўналишлар устувор бўлади, деб ўйлайсиз?
— Партиямизнинг Сайловолди дастурида “адолатчи”ларнинг мамлакатимиз ҳаёти, тараққиётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этиш йўллари белгилаб берилган. Шу асосда партия кўплаб йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Албатта, республикамиз иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида аксарият йўналишлар маълум бир муддат ичида тўла ечимини топадиган ёки жамият фаолиятида йиллар ўтгач аҳамиятини йўқотадиган масалалар эмас. Бу соҳалардаги муаммолар барча даврларда, ҳар қандай жамиятда инсонлар диққатини ўзига жалб қилиб туради. Айтайлик, партиямиз эътибор қаратган ёшлар таълим-тарбияси борасидаги масала қайси даврда ўз аҳамиятини йўқотади? Ёки оналар ва болалар соғлиғи муаммоси қайси даврнинг кун тартибидан тушиб қолади? Ёхуд партиямиз ўртага ташлаётган экология муаммолари, атроф-муҳитни мусаффо сақлаш ғояси қайси жамиятда эътибордан четда қолиши мумкин? Шундай экан, партиямизнинг бу йўналишлардаги фаолияти келгусида ҳам устувор бўлиб қолиши аниқ.
Шу ўринда яна бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз бундан салкам 650 йил илгари бутун мамлакатининг, давлатининг бош ғояси қилиб “Куч — адолатда” деган фикрни ўртага ташлаган эди. Орадан ўтган йиллар бу ғоянинг, бу фикрнинг барча даврлар, барча мамлакатлар учун бирдай ҳаётбахш кучга эга эканлигини исботлади. Бугунги кунда эса партиямиз Соҳибқирон бобомиз фикрига ҳамоҳанг тарзда “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” деган ғояни ўз фаолиятининг асосий мақсадига айлантирди. Зеро, адолат сўзи, адолатпарварлик ғояси инсоният ҳаётида барча даврлар учун энг муҳим мезон вазифасини ўтайди.
Суҳбатдош: Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири
Allie 11:48, 14 октября 2016
Hey, kiellr job on that one you guys!
Keydren 22:27, 17 октября 2016
Hey, you're the goto extpre. Thanks for hanging out here.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
"Ҳуқуқий маслаҳатхона" фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишда ижобий аҳамиятга эга бўлади....
01 янв 1970
Ўзбекистонда навқирон авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор...
01 янв 1970
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. ...
01 янв 1970
Жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда партия депутатларининг фаоллиги муҳим аҳамият...