Нега дори-дармон нархи баланд ва ҳар жойда ҳар хил?

/
Нега дори-дармон нархи баланд ва ҳар жойда ҳар хил?
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳолатини ўрганиш давомида жойлардаги дорихоналар фаолияти ҳамда уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар аҳволи ҳам ўрганилди.
 
Ўрганишлар жараёнида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари учун белгиланган нархларга риоя этилиши борасида ҳамон муаммо ва қонунбузилиш ҳолатлари учраши, тиббий буюмлар ва дориларни белгиланган нархдан юқори нархларда сотилиши ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Бундай ҳолатни республикамизнинг деярли барча вилоятларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар мисолида кузатиш мумкин.  Бу ҳолат Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоларини жиддий ташвишга солмоқда.
 
Зеро, партиямиз жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, тиббиёт йўналишидаги таълим тизимини ислоҳ қилиш, мазкур соҳалардаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
 
Партиямиз дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш тарафдоридир. Биз қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши курашамиз.
 
Шунингдек, давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун чекланган рентабеллик даражасини ўрнатиш, давлат дорихоналарини аҳоли эҳтиёжини қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлаш йўлидан борамиз. Дорихона муассасалари тармоғини янада оптималлаштириш масаласини ҳал этиш билан бир қаторда, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш, дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилаётгани, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги сингари соҳадаги айрим муаммоларнинг тезкорлик билан бартараф этилиши чораларини кўрамиз.
 
Бу чоралар дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, доривор ўтлардан дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштиришдан иборатдир.
 
Партия дори-дармонлар соҳасидаги  муаммоларни тўлиқ ўрганиб, ҳукуматга ечими бўйича таклифлар киритишни йўлга қўйиш, хусусий тиббиёт устидан давлат-санитария назоратини кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратади. Партиямиз хусусий тиббиёт устидан давлат-санитария назоратини кучайтириш ҳамда дориларнинг шифокор рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш ҳамда дорилар рекламасини чеклаш лозим, деб ҳисоблайди. 
 
Қолаверса, дори-дармонларнинг умумий очиқ электрон базасини яратиш ва ушбу базада дори-дармонларнинг максимал нархларини кўрсатиб бориш орқали нархларнинг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш, дори-дармонлар айланишини назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш масалаларига эътибор бериш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда муаммоларни фракция йиғилишида муҳокама қилиш ва қонунчилик ташаббуси билан чиқиш чораларини кўради. Аҳолини сифатли, арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатади.
 
Дори-дармон ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни рағбатлантириш аҳолини арзон дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга хизмат қилади. Шундай экан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зиммаларидаги масъулиятли вазифани виждонан бажариб, диёримиздаги бой хомашё базасидан самарали фойдаланишлари, ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиши, рақобатбардошлиги ортиши учун ҳаракат қилишлари лозим. Фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш бўйича қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда улгуржи ва чакана савдо йўналишида фаолият юритувчи мутахассислар учун яратилаётган имкониятларнинг янада кенгайиб боришига хизмат қилади.
 
Хулоса қилиб айтганда, биз халқимизни хорижда ишлаб чиқарилган дори-дармонлардан сифати асло қолишмайдиган, нархи ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш учун муносиб шароит яратиш тарафдоримиз.
 
 
Дилмурат Худойkулов
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
134-Яккабоғ сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги уч йилда давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайди, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёса...
01 янв 1970
Бугун жамиятимизда юқоридаги фикрлар тўла ўз тасдиғини топиб, аёлларга бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантир...
01 янв 1970
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва ма...