Қуйи бўғин ходимларига эътибор зарур

/
Қуйи бўғин ходимларига эътибор зарур
 
Аҳоли саломатлиги, шубҳасиз, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир.
 
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига эътиборнинг кучайганини давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга ошиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилган бўлса, 2019 йилда 2018 йилга нисбатан қарийб 30 фоиз кўп бюджет маблағлари йўналтирилди. Шунга қарамасдан, ҳудудларда ўтказаётган учрашувлар ҳамда ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳали бир талай муаммолар ўз ечимини кутиб турибди.
 
Сўнгги пайтларда тиббиёт муассасаларимиз кўплаб замонавий тиббий ускуналар билан таъминланмоқда. Айниқса, туман ва қишлоқ врачлик пунктларига хориждан замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинаяпти. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо ушбу технология билан ишлайдиган малакали кадрлар етарли эмас. Тўғри, шаҳарларимиздаги марказий касалхоналар, оилавий поликлиникаларда аҳолига хизмат кўрсатиш борасида сезиларли ўзгаришлар бор. Лекин қишлоқ шароитида яшайдиган аҳоли учун махсус олиб келинган ускуналарда ишлайдиган мутахассислар сони жуда оз. Муаммонинг асосий сабаби, қуйи бўғин тиббиёт ходимларига етарли шароит яратилмаётганидадир. Сўнгги вақтда тиббиёт соҳасида фаолият юритадиган ходимларнинг иш ҳақлари бир неча бор оширилди, шифокорлар маоши яхшиланди-ю, аммо тиббиёт ҳамширалари, таҳлил бўлимларида ишловчи ўрта тоифадаги ходимларнинг иш ҳақлари ҳамон пастлигича қолмоқда.
 
Давлат ижтимоий сиёсатининг энг муҳим йўналишлари, барқарор ривожланиш омилларидан бири, бу аҳолига кафолатланган сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини самарали муҳофаза қилишдир.
 
Маълумки, республикамиз бўйлаб кўплаб скрининг марказлари ташкил этилди. Илгари ҳомиладор аёллар скринингдан ўтиш учун узоқ йўл босиб катта шаҳарларга боришларига тўғри келган бўлса, бугун деярли ҳар бир вилоят марказида скрининг хоналари мавжуд. Лекин бу борада ҳам камчиликлар йўқ эмас.
 
Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатимизда 4800 нафар чақалоқ юрак етишмовчилиги касаллиги билан туғилиб, уларнинг атиги 1800 нафарида юртимизнинг ўзида жарроҳлик операциялари амалга оширилади. Бу жуда паст кўрсаткич. Биринчидан, бу ерда ҳам малакали кадрлар етишмовчилиги сезилса, иккинчидан, шунча скрининг марказлари очилса-ю, лекин ҳомила патологияси ўз вақтида аниқланиб, керакли даво чоралари қўлланилмаса, бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетишидан далолат эмасми?!
 
Биз соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантириш ишлари бўйича тизимли ишларни давом эттириш, энг аввало, унинг бирламчи бўғини бўлган тез тиббий ёрдам соҳасини ўзгартириш, оила саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва болаларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун имкониятларни янада кенгайтириш, чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтириш, тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш тарафдоримиз.
 
Яна бир масалага эътиборингизни қаратишни истардик. Аёллар, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш баробарида, эркаклар саломатлигини ҳам яхшилашга урғу бериш кераклигини таъкидламоқчимиз. Юртимизда яшовчи 30-60 ёшдаги эркаклар энг биринчи бўғин — оилавий поликлиникаларимизга ташриф буюравермайдилар. Афсуски қандайдир хасталик уларни оёқдан йиқитганидан сўнг ёки оғриқ безовта қилсагина, шифокорга боришади. Аслида профилактика ишларини ана шу ёш чегарасидаги эркаклар орасида ҳам мунтазам ўтказиб бориш даркор. Бунинг учун эркаклар саломатлиги ҳафталикларини ташкил этиш, жисмоний машғулотлар тарғиботини кучайтириш, маҳаллалар доирасида суҳбатлар уюштиришни таклиф қиламиз.
 
Шунингдек, биз соғлиқни сақлаш соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири сифатида тан оламиз ва шунинг баробарида, асосий эътиборимизни соғлиқни сақлаш давлат секторини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар сони ва инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлаш самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт туризми ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга қаратамиз. 
 
 
Ойдин Абдуллаева 
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
141-Темирйўлчи сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимизда “Бойликнинг боши соғлиқ” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, саломатликни ҳар қанча моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб ...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида таълим тизими, хусусан, мактагача таълим, умумтаълим мактаби ва олий таълим тизимида қилиниши керак бўлган аниқ ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайловда мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашга қар...
01 янв 1970
Партиямизнинг Сайловолди дастурида олий таълим тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш, АКТ воситалари бил...