Номзодларнинг дастурлари қўллаб-қувватланди

/
Номзодларнинг дастурлари қўллаб-қувватланди
 
Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, Ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга партиямиз томонидан қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов муносабати билан сайловолди ташвиқот ишлари айни қизғин паллада. Бунда, албатта, ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки, муносиб номзодларни танлаб овоз бериши юртимиз тақдири, келажаги учун муҳим аҳамиятга эга экани ташвиқотлар, учрашувларда сайловчиларга етказилмоқда.
 
30-ўиждувон сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Гулмира Юсупованинг сайловчилар билан учрашувлари самимий мулоқот ва баҳс-мунозараларга бой руҳда ўтмоқда.
 
Номзоднинг дастуридан мактабгача таълим муассасалари тизимини салмоқли кенгайтириш ва уларда болаларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни сезиларли равишда ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўрин олган. Шу сабабли бу ҳақдаги фикрлар аҳоли томонидан қўллаб-қуватланди. Йиғилиш давомида фуқаролар мактабгача таълим муассасаларида кадрлар сифатини яхшилаш, тиббиётни самарали йўлга қўйиш, айниқса, тез тиббий ёрдам фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, овқатланиш рационини янада намунали ташкил этиш каби масалаларда мурожаат қилгач, номзод ўз дастурида айнан ушбу муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратгани ҳамда бу борада бугунги кунда партия томонидан тизимли ишларнинг олиб борилаётганлигини қайд этди.
 
 *  *  *
 
Сайлов жараёнларида фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг фуқаролик позициясини белгилаб беришга ҳамда сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлигига Ўзбекис­тон “Адолат” СДПдан қўйилган номзодлар Бухоро давлат университетида талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда фаоллик мавзуига алоҳида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, талабалар ҳар бир номзоднинг фаолияти, дастури билан таништирилди.
 
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Нодира Холова талабалар эътиборини ўзининг дастурига қаратар экан, аввало, у ўз дастурида “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш ҳамда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига асосий вазифалардан бири сифатида эътибор берганлигини таъкидлади.
 
Шунингдек, учрашувда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодлар Юсуф Саломов, Гули Тоирова, Олима Рафиева, Дилфуза Саидова, Раъно Қудратова ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг дастурларида талабаларнинг сифатли таълим олиши, уларнинг инновацион фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини электрон китоблар билан таъминлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, уларнинг илмий салоҳиятини янада кучайтириш борасидаги аниқ таклифларга эътибор қаратганликларини таъкидладилар.
 
Ҳар бир номзоднинг дастури юзасидан ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
 
*  *  *
 
27-Варахша сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод Анвар Раҳматов ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан учрашувларда ўзининг дастури билан таништирмоқда. Учрашувлар давомида номзоднинг ишончли вакили сўзга чиқиб, унинг фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтди.
 
Очиқ мулоқот  тарзида ташкил этилган бу сингари тарғибот тадбирларидан бири тумандаги “Тобагар” МФЙда бўлиб, унда номзод  ижтимоий соҳалар ривожи ҳамда иқтисодий соҳалардаги мавжуд муаммолар юзасидан ўзининг таклифларини билдириб ўтди.
 
Анвар Раҳматов, асосан, фуқароларга малакали ҳуқу­қий хизмат кўрсатишни таъминлаш, бу борада амалдаги қонунларни такомиллаштириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокат ва прокурорнинг тенглик принципини таъминлаш учун курашишдан иборат эканлигини таъкидлади. Учрашувда фуқаролар ҳам ўзларининг таклифларини билдиришди. Айниқса, тергов тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги, жойларда аҳолининг ҳуқу­қий маданиятини ошириб бориш энг муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.
 
— Жойларда ташкил этиб келинаётган учрашувлар барчамизнинг сайловда фаол иштирок этиб, ўз овозимизга эга бўлишимизда кўмаклашади. Ҳар бир номзоднинг асосий вазифаси халқ ишончини қозониш баробарида ўзининг ижтимоий ҳаётда асқотадиган дастури билан иштирок этишдан иборатдир. Тарғибот тадбирларида барча номзодлар дастури билан танишиб бора­япмиз. Бугунги мақсадимиз сайловда фаол иштирок этиб, муносиб номзодга овоз беришдан иборат,— дейди сайловчи Ойсара Мўминова.
 
*  *  *
 
Қарши шаҳридаги “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида 126-Бешкент сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатигига номзод, “Шарқ юлдузи”, “Звезда востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауповнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
 
Шуни алоҳида қайд  этиш лозимки, учрашувда сайловчилар номзод ҳамда “Адолат” социал-демократик партиясининг Сай­лов­олди дастурлари билан яқиндан танишдилар, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар. Мулоқотлар жараёнида мамлакатимизда ҳуқу­қий демократик фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури ва ундаги сиёсий, ижтимоий йўналишлари хусусида сўз борди. Шундан сўнг Сирожиддин Раупов сайловчиларни ўз сайловолди дастурида илгари сураётган сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни кенгайтириш, журналист ва блогерларнинг ижтимоий  муҳофазасини кучайтириш борасидаги режалари ҳақида ҳам сўз юритди.
 
Шунингдек, депутатликка номзод партия Сайловолди дастуридан салмоқли жой эгаллаган мақсад ва вазифалар-иқтисодиётдаги юксалишлар натижасини  ижтимоий ҳаётни фаровонаштиришга йўналтириш, энергия ресурсларини  тежаш, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга иштирокчилар эътиборини қаратди.
 
Маҳалла фуқаролари номзодга  каналнинг икки километр қисмини қамиш босгани, маҳаллада боғча, қишлоқ врачлик пункти  йўқлиги, 37-мактабнинг иситиш тизимида муаммолар борлиги ва уларни бартараф этишда амалий ёрдам беришини илтимос қилдилар. Сирожиддин Раупов фуқаролардан тушган барча талаб ва таклифларни ўрганиб чиқишини маълум қилди.
 
Партиядошимиз Сирожиддин Рауповнинг Қарши туманидаги “Сахтапиёз”, “Нукрабод” МФЙ аҳли билан учрашуви ҳам самимий ва дўст­она, ўзаро ишонч  асосида кечди. Номзод ўз сайловолди дастурида илгари сураётган аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, ахборот-коммуникация хизматлари тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам фикр юритди.
 
Шунингдек, худди шундай учрашув Бешкент шаҳри аҳолиси билан ҳам фойдали мулоқотлар остида ўтди.
 
*  *  *
 
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайлов­олди дастури мамлакатимиздаги муҳим сиё­сий жараён — сайловлар арафасида қизғин муҳокама қилинмоқда.
 
Нукус туманида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг «Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!» шиори остида маданий-кўнгилочар акция ўтказилди.
 
Ушбу акция партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини омма орасида кенг тарғиб қилишга қаратилди.
 
Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, туман ва шаҳар кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига қўйилган номзодлар, партия фаоллари ҳамда сайловчилар иштирок этишди.
 
Тадбирда сўзга чиққанлар бу йилги сайловлар арафасида олға сурилаётган энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтишди. Жумаладан, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга, юқори самарали хавфсиз дори-дармон ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди. Жорий йилги сайловлар бутунлай янгича ҳуқуқий ша­роитда ўтиши эътироф этилди. Акция давомида юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар юртдошларимизда “Адолат” СДП ғояларига  хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганлигини кўрсатди.
 
Шунингдек, акция доирасида Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 8-Оқманғит сайлов округига номзод этиб рўйхатга олинган Алимбай Атабаевнинг сайловчилар билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Номзод ўзининг дастурида “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш — муҳим вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.
 
Учрашувда туман аҳолиси, яъни маҳаллаларда истиқомат қилувчи турли ёшдаги сайловчилар қатнашиб, номзоднинг  дастурида  баён  этилган  асосий йўналишлар билан  яқиндан танишдилар.
 
Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар ва муаммолар юзасидан талаб-истак ва фикр-мулоҳазаларини билдириб, номзоднинг дастурига хайрихоҳлик билдиришди.
 
*  *  *
 
Ўтаётган ҳар бир кунимиз бизни муҳим сиёсий жараён сайлов кунига тобора яқинлаштирмоқда. Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари айни авж паллада. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 60-Пайариқ сайлов округидан кўрсатилган номзод Сайёра Жумаева ҳам сайловчилар билан учрашиб, мулоқотлар олиб бормоқда.
 
Пайариқ тумандаги “Оққўр­ғон”, “Сорисув” маҳалла фуқаролари йиғинларида бўлиб ўтган учрашувлар чоғида асосий эътибор партия ва номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган мақсад ва вазифалар, устувор йўналишларни тарғиб этишга қаратилди.
 
Аҳамиятли жиҳати шундаки, учрашувлар чоғида кўпчилик сайловчилар томонидан номзоднинг дастурида белгиланган вазифалар долзарб эканлиги, кўпчиликни ўйлантираётган масалалар кўтарилганлиги эътироф этилди. Дастурда илгари сурилаётган ғоялар, амалий таклифлар  маъқулланди. 
 
Шунингдек, сайловчилар томонидан ҳудудда ечимини кутаётган баъзи муаммолар ҳам ўртага ташланди, уларнинг ечими бўйича номзоднинг фикрлари билан қизишди. Хусусан, “Сорисув” МФЙ фуқароси Тошболта Мусаев шу маҳалладаги 84-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар уч сменада ўқишаётганлиги ва учинчи смена ўқувчиларининг дарслари жуда кеч тугаётгани, бу эса ўз навбатида дарс сифати ва самарадорлигига таъсир этаётганлиги ҳақида, Аброр Бердиқулов маҳалла фуқороларининг маънавий ҳордиқ чиқаришлари учун клуб қуриш лозимлиги ҳақида куюниб гапирдилар. 
 
Номзод С.Жумаева дастурида нафақат уч сменада ташкил этилаётган дарслар, балки битта синфда 35-40 тадан ўқувчилар таълим олиши ҳам эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг сифатли таълим олишига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, белгилаб олган устувор вазифалари хусусида иштирокчиларга маълумот бериб ўтди.
 
*  *  *
 
Қўшкўпир туманидаги 10-сон болалар ва ўсмирлар мусиқа мактабида  Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 124-сайлов округидан номзоди кўрсатилган Руслан Рўзметовнинг сайловчилар билан учрашуви очиқ ва дилдан мулоқот тарзида ташкил этилди.
 
Учрашувнинг аввалида номзоднинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби Замира Абдуллаева номзод тўғрисида маълумот бериб ўтди.
 
Шундан сўнг Руслан Рўз­метов  йиғилганларни ўзининг дастурида илгари сурилган  ғоялар билан таништирди.
 
Номзоднинг дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш ва бошқа ғоялар муҳим ўрин тутади.
 
— Номзодга ўтган учрашувларнинг бирида хайровотликлар вилоят марказига бориб-келиш учун Хайровот қишлоғидан туман марказига келиб, сўнгра туман марказидан вилоят марказига қатнайдиган транспортга чиқишлари, транспорт масаласидаги бундай муаммолар сабаб қийналишаётгани, энг ёмони, бирор зарур харид ёки бошқа юмушлар учун кун бўйи йўлда қолиб кетишаётгани тўғрисида айтган эдик. Р.Рўзметов бу муаммомизни ҳал этишга ёрдам берди. Хайровот — Қўшкўпир — Урганч йўналишида йўловчи ташийдиган 2 та микроавтобус  фуқароларга хизмат кўрсата бошлади. Қўшкўпирликларнинг қувончи чексиз. Номзод сайловчилар ишончини қозонди. Сайлов куни муносиб номзодга овоз берамиз,—дейди отахон Палвонназир Раҳимов.
 
Йиғилиш сўнггида сайловчилар томонидан  фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.  Саволларга номзод томонидан жавоблар берилди.
 
*  *  *
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 123-Шовот сайлов округидан номзоди кўрсатилган Муяссар Машарипова иштирокида Урганч давлат университети талабалари билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда  талабалар билан бир қаторда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди. М.Машарипова номзоднинг бурч ва вазифалари билан бирга партия томонидан илгари сурилаётган  амалий таклифлар моҳияти хусусида сўз юритди.
 
Шунингдек, номзод талаба ёшлар билан учрашув жараёнида шуни алоҳида таъкидладики, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бугунги кун талабасини Ўзбекистон яқин келажагининг локомотиви сифатида кўради. Шу боисдан ҳам уларнинг сифатли билим олиши ва ўз вақтида рағбатлантирилиши учун алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун “Адолат” СДП олий таълим муассасаларининг бос­қичма-босқич ўзини-ўзи молия­лаштириш тартибига ўтишини таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари, М.Машарипова давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ва самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълимнинг қамров даражасини 2030 йилга қадар 50 фоиздан оширишга эришиш — партиянинг асосий мақсади эканини алоҳида таъкидлади.
 
*  *  *
 
9-Сирдарё сайлов округидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шуҳрат Ҳасанов Гулистон туманидаги “Ибрат” маҳалласи аҳли билан учрашди.
 
Турфа соҳа кишилари қамраб олинган учрашувда номзоднинг фаолияти ва сайловолди дастури йиғилганларга таништирилди. Шунингдек, учрашув давомида номзод келгусида депутатликка сайланса, аввало, ўз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга бел боғлашини, юрт фаровонлиги учун, фуқароларнинг ҳар томонлама тинч ва хотиржам, бахтли яшаб, меҳнат қилишлари учун мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳисса қўшиш асосий мақсади эканлигини таъкидлади. Ечими долзарб масалаларни мутасадди ташкилотлар, идоралар орқали ўз вақтида ҳал этишни асосий вазифага айлантиришини айтиб ўтди. Тадбир иштирокчилари номзоднинг ушбу ташаббус ва ғояларини сайловларда қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
 
*  *  *
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотлари сайловга пухта тайёргарлик кўрмоқдалар. Айни пайтда сайловчилар билан учрашувлар ҳам қизғин паллага кирди. Ана шундай тадбирлардан бири Наманган тумани марказидаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди. Аҳоли вакиллари билан мулоқотда 45-Тошбулоқ сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Гулчеҳра Тожибоева иштирок этди.
 
Ишончли вакил — “Адолат” СДП Наманган туман кенгашининг раиси Ёрқиной Ҳожиматова тўпланганларни номзоднинг меҳнат фаолияти билан таништирди.
 
Номзод депутатнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталар экан, биринчи навбатда, у қонун ижодкорлиги билан шуғулланиши кераклиги, бу масалада партиямизнинг Сайловолди дастурида олға сурилган масалалар жуда долзарблигини алоҳида эътироф этди. Г.Тожибоева яна шуни алоҳида таъкидладики, жойларда қонунларнинг ижроси устидан назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш энг муҳим вазифалардан биридир. Бусиз жамият тараққиётида сезиларли силжишларга эришиб бўлмайди.
 
Номзод фуқаролар ўртасида ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданият тўла шаклланмаганлигини, шу сабабдан ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олишмаётганлиги, бу эса адолатсизликларга йўл очиб бераётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон “Адолат” СДП айнан ушбу жиҳатлардан келиб чиқиб, Сайловолди дастурида таъкидланганидай, жамиятда учраётган ҳақсизликларни бартараф этиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда фуқароларимизга яқиндан кўмак беришнинг чора-тадбирларини кўради. Бу масалалар бўйича янги қонунлар ишлаб чиқиб, уни амалий ҳаётга татбиқ этади.
 
Учрашув иштирокчилари номзоднинг дастурини маъқуллаб, ўзлари муҳим деб ҳисоблаётган қатор масалалар юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирдилар.
 
Моҳигул Абдуллаева, Замира АБДУЛЛАЕВА, Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Комил  САХАТОВ, Лола Сайидова, Нурбек Абдуллаев, Айшолпан Ўразимбетова,
Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд,
Наманган  вилоят кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда  олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниши зарур. Соҳага бўлган эътибор ҳам ҳар қачонгидан юқори эканлиги бежиз эмас....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайловда мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашга қар...
01 янв 1970
Аҳоли саломатлиги, шубҳасиз, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир.
01 янв 1970
Маълумки, ҳозирги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доираси...