Бойликнинг боши соғлиқ

/
Халқимизда “Бойликнинг боши соғлиқ” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, саломатликни ҳар қанча моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Мустаҳкам саломатликка эга инсонгина ўзини бахтли ҳис қилади. Шу боис ҳам партия соғ­лиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш тарафдоридир.
 
Тўғри, ўтган йилларда тиббий ёрдам марказлари, туман тиббиёт бирлашмаларида ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил этилиб, бепул, шошилинч ёрдам кўрсатиш ишлари жадаллашди. Бўлғуси оналарнинг саломатлигини мунтазам назорат қилувчи замонавий хизмат турлари — скрининг марказлари ташкил этилди, туғуруқхоналарнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Замонавий техника билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пункт­лари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасини янада такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича давлат раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратил­моқда.
 
Кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини юксалтириш билан бирга, аҳолини сифатли ҳамда арзон дори воситалари билан таъминлашни яхшилаш чоралари кўрилаётир. Аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизм жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида Президентимизнинг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 
Шунга қарамай, дориларнинг ноқонуний айланиши, сифатсиз дори воситаларининг дорихоналарда врачлар рецептисиз сотилиши натижасида доридан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП  томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳолатини ўрганиш давомида жойлардаги дорихоналар фаолияти ҳамда уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар аҳволи ҳам ўрганилди. Ўрганишлар давомида жойларда “Дори воситалари ва фармацевтик фаолият тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлинди. Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари учун белгиланган нархларга риоя этилиши борасида ҳамон муаммо ва қонунбузилиш ҳолатлари учраб тургани аниқланди. Бу салбий ҳолатлар Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ва аъзоларининг жиддий ташвишига сабаб бўлмоқда.
 
Партия жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, тиббиёт йўналишидаги таълим тизимини ислоҳ қилиш, мазкур соҳалардаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, партиямиз дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш тарафдоридир. Биз келажакда ҳам қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун чекланган рентабеллик даражасини ўрнатиш, давлат дорихоналари орқали аҳоли эҳтиёжини қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминланиши учун ҳаракат қиламиз. Ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш, дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилаётгани, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги сингари соҳадаги айрим муаммоларнинг тезкорлик билан бартараф этилишини истаймиз. Ушбу муаммолар ҳақида нафақат гапириш, айни дамда уларни ҳал этиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққанмиз.
 
Албатта, дори воситалари ишлаб чиқариш кўлами ортиши уни сотиш, харидор топиш муаммоси туфайли реклама, маркетинг каби тушунчалар ёрдамга келади. Глобал тармоқда фармацевтика маҳсулотларини реклама қиладиган сайт­лар пайдо бўлмоқда. Шунингдек, бундай сайтлар орқали шифокорларни жалб қилган ҳолда форумлар ташкил этилаяпти. Унда маркетингнинг турли усуллари – танлов, лотерея ва бошқа механизмлар ишга солинмоқда. Натижада дунё матбуоти, интернет орқали айрим хасталиклар ҳақида шов-шув кўтарилади. Бироз вақт ўтгач, “Бош оғриғи, тиш оғриғи, томоқ оғриғи бирпасда қолади, ана, доридан олиб ич», қабилидаги рекламалар пайдо бўлади. Шу боис, партия ке­йинги 5 йиллик фаолияти давомида дори-дармонлар соҳасидаги  муаммоларни тўлиқ ўрганиб, ҳукуматга ечим бўйича таклифлар киритишни йўлга қўйиш, хусусий тиббиёт устидан давлат-санитария назоратини кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратади. ОАВда дорилар рекламасини имкон қадар чеклаш, аптекалардан дори воситаларини сотиб олишда врач рецепти асосида берилишини қатъий белгилашни мақсад қилган.
 
Бир сўз билан айтганда, бизнинг мақсадимиз, Сизнинг бойлигингиз бўлган соғлигингизни асраб-авайлашга қаратилган.
 
Зуҳра ИБРАГИМОВА
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
3-Элликқалъа сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг ҳар жабҳада ривожланиб бораётганлиги, яратилаётган шароитлар ҳамда имкониятлар кўламининг кенглиги бугун фуқаролар эркин ва фарово...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП социал-демократия мафкурасига таянади ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик, ғояларини илгари суриб, Марказий...
01 янв 1970
Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг хуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қ...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...