Юртимиз келажаги соғлом ва баркамол ёшлар қўлида

/
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, аждодларимиз бошлаб берган ишни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом авлодни енгиб бўладими, деган саволни олдимизга қўйсак, албатта, йўқ, дея баралла айтишимиз мумкин. Чунки ўз мақсадларига етишишда бирдам ва доим янгилик сари интилувчи ёшлар бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Улар бизга куч беради, ифтихор бағишлайди.
 
Албатта, бугун катта умид, орзу-мақсадлар билан Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, дея белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада эса партия тизимида “Ёш адолатчилар” қаноти, “Истеъдодли ёшлар клуби” ташкил этилди. Жойларда иқтидорли ёшларнинг фаолия­ти ўрганилиб, қўллаб-қувватланди, турли танловлар доирасида уларнинг сиёсий саводхонлиги ривожлантирилди. Айниқса, “Конс­титуция билимдони” кўрик-танловининг ташкил этилганлиги унда иштирок этган мингдан ортиқ ёшларимизнинг ҳуқуқий таълим-тарбиясини ошириб, энг муҳими, сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлади.
 
Партия Сайловолди дастурида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалаларига жуда катта эътибор қаратилган. Шунингдек, ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёш­ларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқотлар ўтказиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлиги қайд этилган. Партиянинг устувор вазифаси сифатида ёшларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, уларнинг тафаккурида мустақиллик, миллий ўз-ўзини англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиш ва ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан чегаралаш сингари аниқ вазифалар белгилаб берилган. Дас­турда билдирилган ҳар бир мақсад ва вазифа янги авлодни тарбиялаш ва уларга сифатли таълим беришни қамраб олган. Чунки янги авлодни тарбиялаш — халқни тарбиялаш демакдир.
 
Юртимизда таълим соҳасида ўқув муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш борасидаги изчил ишлар давом эттирилмоқда. Айниқса, таълим тизимида моддий-техник базасининг янгиланганлиги, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланганлиги ёшларимиз учун имкониятларни кенгайтирди. Аммо бу борада олдимизда ҳали қилиниши керак бўлган амалий ишлар талайгина. Партия тизимда учраб турадиган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг амалий ечимини топишни мақсад қилиб қўйган экан, ўз Сайловолди платформасида айни мана шу мақсад йўлида қилиниши керак бўлган аниқ вазифаларни қайд этган.
 
Мамлакатимизда ёшлар спортини ривожлантириш, уларни мунтазам спорт билан шуғулланиб боришлари учун ҳам эътибор кучаймоқда. Ушбу тизим йўлида спорт иншоотларини ҳар томонлама ривожлантириш ва уларни замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Бу эса уларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом авлод бўлиб вояга етишишлари учун асосий бўғиндир. Шубҳасиз, жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғ­лом авлод бизнинг энг катта бойлигимиз ҳисобланади. Энг муҳими, замонавий билим ва тафаккурга, соғлом дунёқарашга эга, ривожланган давлатлардаги тенг­дошлари билан беллашишга тайёр навқирон авлодимиз катта ишонч билан ҳаётга дадил кириб келаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шу қувончнинг бардавомлиги йўлида масъулиятни ҳис этган ҳолда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Зеро, Ўзбекистон келажаги соғлом ва баркамол авлод қўлидадир.
 
Махфуза Исроилова
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
34-Зомин сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. ...
01 янв 1970
Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини тасаввур этиш мумкин. ...
01 янв 1970
Адолат бор жойда қонун устуворлиги таъминланади. Бугун ҳар бир фаолият мезонини такомиллаштиришда қабул қилинаётган қонун ва бошқа бир қатор меъёри...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП социал-демократия мафкурасига таянади ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик, ғояларини илгари суриб, Марказий...