Қонун лойиҳаси фракция муҳокамасида

/
2019 йил 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда давлат божи, солиқ сиёсати ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
 
Йиғилишда дастлаб барча фуқароларнинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган “Ўзбекис­­тон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
 
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони ва Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш ва яширин фаолият юритадиган субъектларни жазолаш механизмларини назарда тутувчи, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, халқ­аро молия ташкилотлари мутахассислари билан биргаликда Солиқ кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган эди.
 
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси Президентимиз фармойиши билан тузилган Республика комиссияси ва ишчи гуруҳлари томонидан тайёрланди.
 
Фракция депутатлари томонидан эътироф этилганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойи­ҳасида солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилиши соддалаштирилиб, ундаги қарама-қаршилик ва тушунмовчиликлар бартараф этилиб, интизомли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда. Айниқса, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани фуқароларга қулайликлар яратиши билан муҳим аҳмият касб этмоқда.
 
Лойиҳанинг тўғридан-тўғри ишлаши ва амалиёт билан уй­ғунлигини таъминлаш мақсадида алоҳида солиқ солиш тартибларини бекор қилиш белгиланмоқда. Бу, хусусан, бозорлар учун, гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилар учун тегишли бўлиб, улар жисмоний шахс бўлса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва юридик шахс бўлса, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади.
 
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, Солиқ кодекси лойиҳасида нафақат солиқ тўловчилар, балки солиқ органларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги кучайтирилган ҳолда аниқ ва равшан ифодаланган. Шунингдек, назорат таомиллари соддалаштирилган бўлиб, солиқ текширувлари турлари 13 дан 3 тургача қисқартирилгани бу нафақат фуқароларга, балки соҳа ходимларига ҳам қулайликлар яратади.
 
Йиғилишда депутатлар амалдаги Солиқ кодексидан фарқли равишда солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилиб, солиқ аудити натижасида ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқни қайтариш механизми киритилаётганига алоҳида эътибор қаратишди. Жумладан, юқори турувчи орган ёки суд қарорига асосан қуйи солиқ идораларининг солиқ аудит текширувлари бўйича қарори бекор қилинган тақдирда ундирилган маблағлар ундирилган давр­даги Марказий банк қайта молия­лаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизлар билан қайтариб берилиши белгиланмоқда. Шунингдек, солиқ органи томонидан ўз вақтида қайтарилмаган солиқ суммасининг ҳар бир муддати ўтган куни учун солиқ тўловчига пеня тўланиши белгилаб қуйила­ётгани адолатли солиқ сиёсати, дея баҳоланди.
 
Аҳамиятлиси, қонун лойиҳасида хизматларни экспорт қилувчиларга қулай солиқ режимини яратиш ҳамда икки томонлама солиққа тортиш ҳолларининг олдини олиш мақсадида хизмат кўрсатиш жойи масаласига аниқлик киритилмоқда. Шу билан бирга, хизматларни экспорт қилувчилар экспортга қилинган хизматларидан ҚҚСни қайтариб олиш имкони яратилмоқда.
 
Депутатлар томонидан лойи­ҳа орқали давлат мулкини сотишга ёки ижарага беришга ҚҚСнинг киритилаётгани бу хусусий сектор билан рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади, дея баҳоланди.
 
Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси солиқ сиё­сатини такомиллаштириш концепцияси доирасида соддалаштирилган солиқ тизимига ўтиш мезонлари қайта кўриб чиқилди ҳамда умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқ тизимлари орасида солиқ юкини яқинлаштирилишига эришилмоқда.
 
Фракция депутатлари янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойи­ҳаси солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, халқаро ва маҳаллий аудиторлик компания­лари экспертлари, хорижий экс­пертлар ва консультантлар билан муҳокама қилинган ҳолда ишлаб чиқилганлиги унинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этишди.
 
Депутатлар таъкидлаб ўтишганидек, ушбу лойиҳа “Адолат” СДП ғояларига мос бўлиб, партия адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш, солиқ сиёсатидан мамлакат ва унинг фуқаролари келажаги манфаатлари учун оқилона фойдаланиш, солиқ механизмлари ва қонунчиликни мукаммаллаштириш, фақат катта ижтимоий мақсадларга эришиш учун солиқларни пасайтириш орқали солиқ имтиёзлари тизимини жорий этиш ҳамда солиқ таътиллари, солиқ кредитлари каби солиқ воситалари қўлланилишига алоҳида эътибор қаратади.
 
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар.
 
Йиғилишда, шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
 
Фракция депутатлари таъкидлаб ўтганидек, ушбу қонун лойи­ҳаси давлат божини ундириш масалаларини белгилайдиган 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида жамлаган бўлиб, тўғридан-тўғри таъсир кучига эга бўлган ҳужжатдир. Шу билан бирга, унда давлат божини ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва қайтариш тартиби ҳамда давлат божининг миқдорлари назарда тутилмоқда.
 
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, ушбу лойиҳани тайёрлашда халқаро тажриба, хусусан, Озарбайжон, Арманис­тон, Молдава, Тожикистон Республикаси ва Грузия каби давлатларнинг амалиёти кенг ўрганилганлиги ушбу қонуннинг сифатли тайёрланишига хизмат қилган.
 
Унга кўра халқаро амалиётда қўлланилаётган юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ёки бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундираладиган давлат божи мамлакатимизда амалда бўлган Солиқ кодексидан чиқарилмоқда ва ушбу ҳаракатлар алоҳида қонун лойи­ҳасига ўтказилди. 
 
Шунингдек, ушбу лойиҳа ор­қали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада ундирилиши белгиланмоқда.
 
Фракция депутатлари эътироф этганидек, давлат божининг аниқ миқдорлари қонун даражасида белгиланиши мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига, давлат божини тўланишидаги холисликни таъминлаш ҳамда ҳукуматнинг алоҳида қарорларини қабул қилиш йўли билан ставкалар миқдорлари асоссиз оширилишининг олдини олиш имкониятини беради.
 
Йиғилишда шу каби қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
“Адолат” СДПнинг
парламентдаги фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...
01 янв 1970
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига, энг аввало, нормаларни қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда....
01 янв 1970
Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан, айтайлик, 300 минг сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди, аммо бирор сабаб...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...