Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар соғлиғи уларнинг тўғри овқатланишига боғлиқ

/
“Бола ҳуқуқлари конвенцияси”нинг 24-бобида бевосита гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан боқишни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш — жамият саломатлигини сақлашдаги муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шу маънода жамиятнинг барча аъзоларига ва айниқса, ота-оналарга гўдакни кўкрак сути билан боқишнинг афзалликлари ҳақида маълумот бериш устувор вазифадир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида юқорида таъкидлаб ўтилган масалага бевосита дахлдор “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги, баркамол авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Гўдаклик давридан бошлаб болаларни тўғри овқатлантириш натижасида уларнинг нафақат жисмоний саломатлиги яхшиланади, балки юқумли касалликлар билан касалланиш хавфи камаяди ҳамда келгусида ижтимоий ва психологик ҳолати ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Ушбу лойиҳанинг ишлаб чиқилиши бир қатор ҳаётий омиллар билан ҳам боғлиқ. Дейлик, бугунги кунда кўп ҳолатларда гўдакларни қўшимча овқатлантириш, саноат асосида тайёрланган, озиқ қиймати бўйича кўкрак сутига яқинлаштирилган суюқ ёки кукунсимон шаклдаги озиқ-овқат ҳамда уйда тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланиш ҳолатлари кўп учраётгани, статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда 40 фоиз гўдаклар кўкрак сути ўрнини босувчи маҳсулотлар билан овқатлантирилаётгани аниқланди. Шу боис ушбу соҳадаги ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаш зарурати юзага келмоқда.
Айтиб ўтилганидек, фақат тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракати билангина гўдакни кўкрак сути билан боқишни тарғиб этишда етарли натижага эришиб бўлмайди. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни овқатлантириш ҳақида фуқароларни объектив маълумот билан таъминлашда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотларининг иштироки ҳам муҳим. Бунда болани кўкрак сути билан боқишнинг аҳамияти, рационал овқатланиш, нотўғри овқатланиш билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги маълумотларни ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ушбу йўналишдаги тавсияларини кенг аҳолига етказиш асосий вазифа бўлмоғи лозим.
Лойиҳа орқали гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар овқати соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, унда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари, кўкракдан эмизишни муҳофаза қилиш ва уни тарғиб этиш, шунингдек, болалар овқати маҳсулотларига қўйиладиган талаблар, уларга риоя этиш чора-тадбирлари, сертификатлаш масаласи ҳамда ушбу соҳада тиббиёт ходимларининг вазифалари белгилаб қўйилмоқда.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқати бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, болалар овқати маҳсулотларининг сифат ва миқдор тавсифларига, уларни тайёрлаш, транспортда ташиш, сақлаш ва сотишга қўйиладиган меъёрлар ва талаблар белгиланиши ҳамда уларни бажаришга йўналтирилган чора-тадбирлар мониторингини олиб бориш, шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни оқилона овқатлантириш тўғрисида аҳоли орасида тушунтириш ишларини ташкил этиш вазифалари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида қайд этилганидек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар билан оналар бирга бўлиши (бориши) учун мўлжалланган тиббиёт ташкилотида, шунингдек, бошқа ташкилотлар, жамоат жойларида тегишли санитария нормалари, қоидалар ва гигиеник нормативларга мувофиқ гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни эмизиш учун шароит бўлган махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари лойиҳада назарда тутилаётган маҳсулотлар рекламаси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун кўкрак сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламасида уларни она сутининг ўрнини тўлиқ босувчи сифатида талқин этмаслик, маҳсулотларни қўллашда ёш чекловлари ва мутахассисларнинг маслаҳати зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш мавжуд бўлиши, шунингдек, маҳсулотлар рекламасида гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг тасвирини тушириш тақиқлаб қўйилаётгани ижобий баҳоланди.
Партия фракцияси йиғилишида ушбу қонун лойиҳасидаги болалар саломатлиги ва баркамол авлод тарбияси масаласи “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва ғояларига мослиги қайд этилди. Шу билан бирга, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда киритилаётган нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлаши учун уларни амалиёт билан уйғунлаштириш ва янада мукаммал ишлаб чиқиш, бунда жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида жойларда муҳокамалар ташкил этиш, кўкрак сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашда тегишли стандартларни аниқ белгилаш масалаларига эътибор қаратиш каби таклифлар билдирилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича фракция аъзоларининг партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлари тингланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат дастурининг ҳар бир устувор йўналишининг бажарилиши ҳолати бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитиш йўлга қўйилди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...