Жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фракция эътиборида

/
...Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ўзингиз ҳам барака топасиз, банкдан кредит олиш масаласида ҳам ўзимиз кўмаклашамиз, дея ваъдалар берилади. Йигит ҳам бунга ишонган ҳолда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтади. Аммо ваъда қилинган кредитдан дарак бўлавермагач иш тўхтайди. Йигит эса ҳаммасига қўл силтаб чет давлатга ишлаш учун кетади.
Уч йилдан сўнг уйига қайтганида якка тадбиркор сифатида солиқдан шунча миқдордаги қарзингиз бор мазмунидаги хабарномани қўлига тутқазишади. “Якка тартибдаги тадбиркор” эса тадбиркорлик фаолиятимни уч йил аввал тўхтатганман, дея у ёққа боради, бу ёққа боради — фойдаси йўқ. “Сиз қарздорсиз, тўлашингиз шарт”, деган жавобни такрор ва такрор эшитаверади. Кредит масаласида ёрдамлашамиз, деганлар ҳам ўзини четга олишдан бошқасига ярамайди.
Хўш, шу ва шунга ўхшаш ҳолатларда “емаган сомсасига пул тўлаш”га мажбур бўлаётган, адолатсизликдан нима қиларини билмаётган тадбиркорлар ҳуқуқи қандай ҳимояланади? Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ўқиб, бу саволга ҳам қонуний жавоб топиш мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида ушбу фармон ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатга кўра 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва мазкур санадан эътиборан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳисобланган қатъий белгиланган солиқдан, ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликлар, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, яъни воз кечиш белгиланди.
Бу қарздорликларни ҳисобдан чиқариш учун эса тадбиркорлик субъекти 2019 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши кифоя қилади.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари, партия ва унинг жойлардаги депутатлик корпуслари ушбу фармон мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиши лозимлиги таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпусининг ўрни ва вазифалари фракция йиғилишида муҳокама қилинди.
Ушбу видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, ҳар бир содир этилган жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради.
Албатта, бу тизимни ҳаётга самарали жорий этишда фракция аъзолари ва жойлардаги депутатлик корпусимиз ҳам фаол иштирок этиши лозим. Хусусан, фракция аъзолари ҳар ойда 10-12 кун давомида жойларда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш билан бирга ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, жиноятчиликни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси каби масалаларга ҳам эътиборни кучайтириши зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисоботларини Кенгашларда эшитаётганда фақат рақамларга эмас, ўша рақамларни келтириб чиқарган сабабларга, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларга, яъни жиноят ҳақиқати ва адолатига жиддий эътибор қаратади.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракция олдида турган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Баҳромжон БУРХАНИТДИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.&nb...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...