Бош молиявий ҳужжат ижроси депутатлар муҳокамасида

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматимиз томонидан олиб борилган ислоҳотлар натижасида ҳисобот даврида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.
Натижада 2017 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2016 йилга нисбатан 5,3 фоизга, жорий йилнинг I чораги якунига кўра эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 фоизга ўсиши таъминланди.
Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.
Таъкидланганидек, 2017 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 19 410,0 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 54,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,4 фоизни ташкил этади.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига 2017 йилда ҳам биринчи даражали эътибор қаратилгани биз учун аҳамиятлидир.
Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 58,7 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 15 979,6 миллиард сўм маблағ ажратилиб, белгиланган режанинг 100 фоиз ижро этилишига эришилди.
Ҳисобот даврида, айниқса, мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар, хусусан, мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини янада яхшилаш мақсадида 20 та туманда жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилганлиги жойларда ўтказилаётган учрашувлар давомида аҳоли томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Шунга қарамай, таълим соҳасидаги бу каби ижобий ўзгаришлар баробарида олис туманлардаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда болаларга тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолатини яхшилаш, алоҳида тиббиёт хоналарини ташкил этиш ҳамда уларни доимий ишловчи малакали мутахассислар билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Партиямизнинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига ушбу масала юзасидан киритилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашга Давлат бюджетидан маблағ ажратишда муаммолар мавжуд.
Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига 2017 йилда Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 7 330 миллиард сўмни (ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 26,9 фоизини) ташкил этди.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, тиббиёт соҳасини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида ушбу соҳада кўпгина ижобий силжишларга эришилмоқда.
Жумладан, 2013-2017 йилларда болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури доирасида республика ва ҳудудий скрининг марказларини, скрининг текширувлар ўтказиш учун зарур материаллар ва реактивлар билан таъминлаш ҳамда замонавий тиббиёт диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун Давлат бюджетидан 2017 йилда жами 7 224,5 миллион cўм маблағ ажратилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2017-2018 йилларда барча вилоят перинатал марказларида инвазив гинекологик бўлинмаларни, шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида болалар гинекологияси бўлими, янги туғилган чақалоқлар хирургияси ва кардиохирургия бўлимларини ташкил қилиш, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларини, шаҳар касалхоналарини, оилавий поликлиникаларни ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини халқаро молия институтларининг маблағлари эвазига замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) каби тадбирларни амалга ошириш учун 2017 йилда Давлат бюджети ҳисобидан жами 25,8 миллиард сўм йўналтирилди.
Мазкур соҳадаги янгиланишлар партия Сайловолди дастурида белгиланган скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб боришга доир вазифаларга ҳамоҳанглиги билан эътиборга молик, албатта.
Шунингдек, 2018 йилнинг биринчи чорагида дори воситаларини ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмларни харид қилиш учун 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баробар кўп (228,6 миллиард сўм), тез-тиббий ёрдамни молиялаштиришга 2,3 баробар кўп маблағ сарфланиб, ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларини марказлашган тарзда дори воситалари ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлаш тартиби жорий этилди.
Аммо ҳудудлардаги ўрганишларимиз натижалари шуни кўрсатмоқдаки, барча ҳудудларда аҳолини етарли даражада ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, уларнинг нархларидаги кескин тафовутларни бартараф этиш, “Ижтимоий дорихоналар” тармоғини амалиётга тўлақонли жорий этиш ҳамда бу борада парламент назоратини янада кучайтириш зарур.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини маъқулладилар.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди....
01 янв 1970
Мутахассислар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, аввало, инсон онгидаги ўзгаришлардан бошланишини таъкидлайдилар....
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....