Фуқаролар манфаатларига мос келмайдиган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қайтарилди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Биринчи ўқишда киритилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга оширишга қаратилган мазкур қонун лойиҳаси сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада юксалтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан алоқасини мустаҳкамлаш, партияларнинг турли раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш, туман ва шаҳарларда ижро ҳокимияти раҳбарларини лавозимга тайинлашда партия гуруҳлари иштирокини янада кенгайтириш, маҳаллий Кенгаш депутатлари масъулиятини янада кучайтиришни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси билан амалдаги тўртта қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасидаги “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда шаҳарлар (вилоятлар марказлари) Кенгашларидаги партия гуруҳлари уларда тегишли сиёсий партиядан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки халқ депутатлари Кенгашига сайланган камида беш нафар депутат бирлашган тақдирда тузилади” мазмунидаги қоида жойларда турлича талқин этилиб, айрим туман ва шаҳар Кенгашларига битта сиёсий партиядан икки ёки уч нафар депутат сайланган тақдирда ҳам партия гуруҳи тузилмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ушбу моддага маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари камида уч нафар депутат бирлашган тақдирда тузилишига доир ўзгартириш киритилмоқда.
Шунга мутаносиб равишда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига киритилаётган ижро ҳокимияти юқори лавозимларига раҳбарларни тайинлашда сиёсий партиялар фикрини инобатга олиш тартибини жорий этишнинг ҳуқуқий механизмлари киритилмоқдаки, бу ҳам партия гуруҳларининг ушбу муҳим жараёндаги иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, партия гуруҳлари ҳуқуқларини янада кенгайтириш мақсадида “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуннинг 141-моддасига “ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш” ҳуқуқи ҳам киритилмоқда. Ушбу норма партия гуруҳлари ҳуқуқларини янада кенгайтириши баробарида ҳудудларни ривожлантириш дастурларида сиёсий партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда партия электоратининг манфаатларини акс эттиришга шароит яратади.
Бундан ташқари, амалдаги “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида”ги қонунга узрли сабабларсиз уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан алоқа узганлиги депутатни чақириб олиш тартибини белгиловчи, шунингдек, сиёсий партияларга депутатни чақириб олиш таклифини киритиш ҳуқуқини берувчи муҳим қоидалар киритилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари, қонун лойиҳаси билан амалдаги “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунда белгиланган депутатнинг ҳуқуқларига “тегишли ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш” ҳуқуқи ҳам киритилаётгани халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатларининг ҳуқуқларини кенгайтириш ва уларнинг назорат соҳасидаги ваколатларини кучайтириш билан бир қаторда, жойларда сиёсий партияларнинг аҳоли ўртасида нуфузининг ошишига ҳамда уларнинг дастурларида белгилаб қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилишига хизмат қилишини эътироф этдилар.
Қолаверса, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги таҳририда белгиланган маҳаллий Кенгаш депутатининг вақти-вақти билан, лекин йилига камида икки марта сайловчиларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот беришига доир белгиланган тартиб йилига камида тўрт марта сайловчиларга ўз фаолияти, шу билан бирга, сайловолди дастурининг ижроси тўғрисида ахборот беришига оид янги қоида билан ўзгартирилмоқда.
Қизғин муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
“Адолат” СДП Сайловолди дастурида энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатбардош энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш масалалари қўллаб-қувватланиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, йиғилиш кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида қонун лойиҳаси билан турар жойларда муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланадиган жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиш шаклида имтиёзлар бериш кўзда тутилаётгани партия дастурий мақсадларига тўлиқ мос эканлиги депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, фракция аъзолари ишчи гуруҳидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар учун назарда тутилаётган солиқ имтиёзлаарини уч йил эмас, балки беш йил муддатга белгилашга доир таклиф нега инобатга олинмагани юзасидан изоҳ сўрашди.
Қонун ташаббускорларининг фикрига кўра, агар 6 сотих ер майдонига эга бўлган хонадонга муқобил энергия манбаси ўрнатилса, хонадон эгаси уч йил ичида солиқ имтиёзлари ҳисобидан ўртача 900 000 сўм фойда кўради. Агар ушбу муддат беш йил этиб белгиланса, бу давлат бюджетига ортиқча юк бўлади.
Мунозаралар давомида фракция аъзолари бугунги кунда битта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплай оладиган муқобил энергия ускуналарининг ўртача нархи 14 миллион сўмдан бошланишини, қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган уч йиллик имтиёз эса муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш учун етарли эмаслигини қайд этиб ўтдилар. Шу боис, депутатлар қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар истиқболда яхши самара беришини таъминлаш учун ишчи гуруҳи аъзоларига яна бир бор имтиёзли муддатни беш йил этиб белгилаш мақсадга мувофиқ эканлиги юзасидан ўзларининг қатъий позициясини билдирган ҳолда қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Қонунчилик палатаси муҳокамасига биринчи ўқишда киритилган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг кескин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.
Қонун лойиҳаси ер ости сувларидан рухсатсиз фойдаланган юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини оширишни назарда тутади. Яъни сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидалари ва технологиясини бузиш, қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ҳамда ер ости сувли қатламлардан, сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш, сув олиш лимитларини бузиш, ер ости сувларидан ўзбошимчалик билан сув чиқарганлик учун – фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилмоқда.
Мунозаралар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган нормалар мамлакатимизда амалга оширилаётган инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларини ҳал қилиш ва халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотлар моҳиятига мос эмаслигини қайд этдилар.
Хусусан, фракция аъзолари У.Сулаймонов ва Т.Абдусатторов депутатлар томонидан ҳар ойда ўн кун давомида ҳудудларни комплекс ўрганиш ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб бориш давомида жойларда ичимлик суви ҳамда томорқани суғориш учун сув етишмаслиги энг асосий муаммолардан бири эканлигини қайд этдилар. Аксарият чекка ҳудудларда аҳоли ушбу мақсадлар учун ўз ҳисобларидан қазилган қудуқлар ва бошқа қурилмалар орқали ер ости сувларидан фойдаланиб келаётган бир шароитда таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан бу борада жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирдилар.
Депутат Ш.Полвонов ер ости сувлари захираларига путур етаётган бўлса, оддий фуқароларга жазо чораларини қўллаш эмас, балки сув олиш лимитларини бузаётган, ер ости сувларидан ўзбошимчалик билан кўп миқдорда сув чиқараётган юридик шахслар устидан назоратни кучайтириш зарурлигини, керак бўлса ушбу соҳага мутасадди бўлган ташкилотлар фаолиятини таҳлил қилиш лозимлигини қайд этди.
Фракция аъзоси Қ.Жўраев мазкур норма қабул қилинса коррупцияген ҳолатлар кучайиши эҳтимоли мавжудлигини ҳам инобатга олиб, қонун лойиҳасини коррупцияга қарши қонунчилик нуқтаи назаридан яна бир бор экспертизадан ўтказиш таклифини билдирди.
Депутатлар қонун лойиҳасининг ер ости сувларидан мақсадли фойдаланишга қаратилган ғоясини қўллаб-қувватлашларини, аммо бунда жавобгарликни кучайтиришга оид механизмлар самара бермаслигини билдирдилар. Муҳокамалар якунида фракция аъзоларининг якдил хулосаси ва позицияси асосида “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маъқулланмади ва қайта кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳига қайтарилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси сўрови билан мутасадди ташкилот раҳбарининг парламентда эшитувини ўтказиш орқали соҳадаги муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳаларини партия позициясидан келиб чиқиб мазмунан бойитишга хизмат қиладиган бир қатор таклифлар билдирилди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасига бағишлан...
01 янв 1970
Ўтган йилларда Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида ғазначилик тизими ва Ҳисоб палатаси жорий ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...