Давлат бюджети ижроси таҳлили: ижтимоий соҳа устувор

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил 9 ойлик якунлари кўриб чиқилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2017 йилнинг 9 ойи давомида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди. Натижада жорий йилнинг 9 ойи давомида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга, саноат ҳажми – 4,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги ҳажми – 3,5 фоизга, хизматлар ҳажми – 6,4 фоизга, қурилиш ҳажми – 5,3 фоизга ўсди.
Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 19 410,0 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 54,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,4 фоизни ташкил этади.
2017 йилнинг 9 ойлигида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига биринчи даражали эътибор берилганлиги қайд этилди.
Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 59,5 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 11 555,1 миллиард сўм маблағларнинг мақсадли ишлатилишига доир депутатлар таҳлилий фикр билдиришди.
Айтиш жоизки, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 23,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.
Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 5 224,3 миллиард сўмни (ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 26,9 фоизини) ташкил этди.
Фракция аъзолари томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масаласи баробарида касалликларнинг профилактикасига доир чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган маблағлар таҳлил этилди.
Хусусан, 2017 йилнинг ўтган 9 ойида профилактика хизматларига соҳага ажратилган маблағларнинг 31,1 фоизи йўналтирилганини эътироф этар экан, депутатлар ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратдилар.
Президентимизнинг жорий йил 17 июлдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида фуқароларга арзон нархларда зарур дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш йўлга қўйилди ва ушбу мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 2016 йилнинг мос даврига нисбатан жами 185,8 фоизга ортганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган қарор ва фармонлар натижасида 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3860 дан ошгани, 2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2100 тани ташкил этаётгани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини яна оширишга хизмат қилаётгани хусусида сўз юритдилар. Шу билан бирга, соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ижро этилиши устидан самарали парламент назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Йиғилиш якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Бахром БУРХАНИТДИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....