Давлат бюджети ижросида қонун устувор бўлмоғи зарур

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди.
Қуйи палата депутатлари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсуновнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган устувор вазифаларни изчил рўёбга чиқариш, хусусан, Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бошқа шу каби тадбирлар 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини ҳам таъминлади.
Натижада жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,0 фоизга, саноат ҳажми – 7,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги ҳажми – 5,8 фоизга, хизматлар ҳажми – 11,6 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 11,1 фоизга ўсди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ҳамда ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 5,2 фоизни ташкил қилди.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳисобот даврида Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларини бажаришга, хусусан, харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганини сақлаб қолган ҳолда Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлашга муҳим эътибор қаратилганлиги аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан Бош молиявий ҳужжат ижросини бандма-банд муҳокама қилиш асносида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар фракциямиз муҳокамаси марказида бўлди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларининг 55,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.
Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 62,4 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 7 751,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Хусусан, таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида биринчи даражали эътибор қаратилди. Аммо, бизнинг фикримизча, мазкур соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Яъни таълим тизимига йўналтирилган Давлат бюджети маблағларининг сарфланишида қонунбузилиши ҳолатлари юқорилигича қолмоқда. Бунинг оқибатида эса жойлардаги кўплаб мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси қониқарли эмаслиги, жорий ёки капитал таъмирлаш ишларининг талаб даражасида бажарилмаганлиги каби ҳолатларга ҳудудларга чиққанимизда кўп бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис бу борада янада самарали назорат тизимини яратишга зарурият бор.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ижросини муҳокама этиш чоғида партиямиз дастурий ғояларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижросига ҳам эътибор қаратдик.
Ҳисобот даврида илм-фанни ривожлантиришга 103,1 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, жумладан, давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга – 74,4 миллиард сўм, ноёб объектлар ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаш харажатларига – 21,1 миллиард сўм ҳамда илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга 7,6 миллиард сўм йўналтирилди.
Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Фанлар академияси тизимида 9 та илмий-тадқиқот муассасалари қайта тикланди ва 2 та илмий-тадқиқот муассасаси янгидан ташкил этилиб, Фанлар академияси бошқарув аппаратининг тузилмаси амалдаги ходимлар сони 18 тадан 36 тага (2 баробарга) оширилди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилиб, унинг тузилмаси амалдаги ходимлар сонини 12 тадан 36 тага (3 баробарга) оширилди.
Бундан ташқари, Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ташкил этилиб, унга кўра танлов асосида, мутлақо янги типдаги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этиш, давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлар) харажатларини қоплаш, ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда илмий стажировкаларини молиялаштириш, илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унинг йиллик ўртача даромадлари 7-8 миллион АҚШ долларидан иборат бўлиши белгиланди. Дастурий мақсадларимизга мос келувчи мазкур ислоҳотлар мамлакатимизда илм-фан ва инновацияларни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, ушбу мақсадга йўналтирилган маблағлар эса мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳисобот даврида партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,2 фоизи йўналтирилганлиги аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳияти янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунга қарамай, сайлов округларидаги амалий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда таълим муассасаларидаги тиббий хизмат хоналарининг керакли тиббий воситалар ва бирламчи дори-дармонлар, малакали мутахассислар билан таъминланиши, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли ижросини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан яқинда қабул қилинган “Таълим ва тиббиёт муассасаларининг молиялаштириш механизмини ва давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори таълим ва тиббиёт муассасаларида молиявий шаффофликни таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, йиғилишда ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда туманларни субвенциядан чиқариш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам фракция аъзолари томонидан алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари жорий йил бошидан буён сайлов округларида олиб борган фаолиятлари давомида Давлат бюджетидан соҳаларга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши борасида аниқланган камчиликлар ҳамда фуқаролардан тушган мурожаатлар асосида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларига ўз савол ва таклифларини йўллаганларини маълум қилдилар.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП нуқтаи назаридан келиб чиқадиган таклиф ва тавсиялар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ҳисобот фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....