Қонун лойиҳалари юзасидан партия ўзининг қатъий позициясига эга

/
Бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар, жадал ислоҳотлар, одамлар дунёқарашидаги янгиланишлар ижтимоий ҳаётимиздаги муносабатларни тартибга солувчи миллий қонунчилигимизни ҳам замон талабларига мослаштириб боришни тақозо этмоқда. Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳар қачонгиданда жадал кечмоқда. Парламент қуйи палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан 20 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилганлиги фикримиз исботидир.
Амалдаги тартибга кўра, қонун лойиҳалари даставвал сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан муҳокамадан ўтказилди. Хусусан, фракция аъзолари, экспертлар, тегишли вазирлик, идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Йиғилишда ҳар бир қонун лойиҳаси чуқур муҳокама қилиниб, уларнинг жамият ҳаёти учун, оддий фуқаролар учун нечоғлик зарур эканлигига эътибор қаратилди ҳамда фракциянинг “Адолат” СДП позициясидан келиб чиқувчи нуқтаи назари белгилаб олинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ҳам фракция аъзолари ўзларининг фикр ва таклифларини билдириб, қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Биз партия дастурий мақсадларига муштарак бўлган айрим қонун лойиҳалари юзасидан депутатларнинг фикри билан қизиқдик.
Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:

— Мамлакатимизда кечаётган демократик янгиланишларга мос равишда парламентнинг қуйи палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Куни кеча буткул янгича шаклда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Ушбу йиғилишнинг ўзига хос муҳим жиҳати унинг телевидение орқали тўғридан-тўғри жонли тарзда эфирга узатилгани бўлди. Замонга ҳамоҳанг равишда янгича ёндашув Олий Мажлис Қонунчилик палатасини халқимизга янада яқинлаштириш, депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятидан фуқароларни кенгроқ хабардор этиш, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари тўғрисида сиёсий партиялар фракцияларининг позициялари билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Шу билан бирга, буни парламентимиз фаолиятини профессионал босқичга кўтаришда яна бир муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Ушбу йиғилишдан кейин партиямиз қабулхоналарига ва фракциядошларимизга сайловчилардан қатор телефон қўнғироқлари бўлди, электрон мурожаатлар келиб тушди. Ушбу янгиликнинг халқимиз томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинганлиги барчамизни қувонтиради, албатта.
Таъкидлаш лозимки, муҳокама қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари партия Сайловолди дастури ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг аниқ позицияларини билдирмоқда.
Хусусан, биринчи ўқишда қабул қилинган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар даврида фуқароларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилаётган вазифаларни ҳал этишда жуда муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 12 июль куни парламент аъзолари билан учрашувида қонун лойиҳаларини аҳоли билан муҳокама қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш муҳим вазифа этиб белгиланган эди.
Мазкур заруриятдан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоят ва туман кенгашлари кесимида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари фаоллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилди.
Хусусан, Бухоро вилоят партия кенгашида фракциямиз аъзолари билан биргаликда ўтказилган муҳокамада халқ депутатлари Бухоро вилояти, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳамда фаоллари иштирокида қонун лойиҳаси юзасидан қатор таклифлар олинди.
Қуйи бўғиндаги муҳокамаларда ҳамда фракция йиғилишида депутатлар томонидан билдирилган таклифларда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари билан муносабатларида замонавий усулларни жорий этиш партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан муштараклигидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қўллаб-қуватланди.
Фракциямиз йиғилишида қонун лойиҳасининг бир қатор моддаларида ҳуқуқий ахборотни расмий тарқатиш, эълон қилиш ва уларни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириш орқали тарқатиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, қўмиталар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига таклиф этилаётган мажбурият ва ваколатларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Маълумки, Конституциямизнинг 84-моддасида қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартлилиги белгиланган бўлиб, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини хос равишда эълон қиладиган расмий манбалар белгилаб қўйилган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси моддаларида эса юқорида келтирилган органлар ва муассасаларга ўзлари қабул қилган ҳуқуқий ахборотларни расмий манбалардан ташқари норасмий манбаларда, хусусан, даврий нашрлар ва веб-сайтларда эълон қилиш мажбурияти белгиланмоқда.
Аммо, бизнинг фикримизча, Адлия вазирлиги тасарруфидаги давлат бюджети маблағларидан молиялаштирилаётган Lex.uz – Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси фаолият кўрсатиб турган бир вақтда қонун ҳужжатларини барча давлат органлари ва муассасалари томонидан такроран тарқатишга зарурият йўқ ва ушбу ягона базадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки, норасмий манбаларда, турли тилларга норасмий таржима қилиниб эълон қилинган қонун ҳужжатлари аҳоли томонидан турлича тушунилиши ва ҳар хил талқин қилиниши мумкин. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси бу борада ўзининг қатъий позициясида қолади.
Албатта, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида тарқатиш, ижрочиларга ва аҳолига уларнинг моҳияти ва мазмунини тушунтиришнинг самарали механизмларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, бу борада ягона кафолатланган манбадан фойдаланиш келгусида турли номувофиқликлар келиб чиқишининг олдини олишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, пировардида халқимиз фаровонлиги ва жамиятимиз ривожига хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракциямизнинг диққат марказида бўлди. Чунки жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бугуннинг ўта долзарб, эътибор қаратилиши зарур бўлган ижтимоий-ҳуқуқий масалаларидан биридир. Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш механизми 90 га яқин амалдаги қонунлар ва 200 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамланган.
Шу билан бирга, шиддат билан ўзгариб бораётган замон, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бизнинг фикримизча, амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига эндигина 3 йил бўлганлигига қарамай, бугунги кун талабаларига тўлиқ жавоб бермаётганлиги боис уни даврга мослаштириш, яъни замонавийлаштириш зарурлиги тобора аён бўлмоқда.
2014 йилда қабул қилинган мазкур қонун орқали умумий масалалар тартибга солинган бўлиб, унда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмлари тўлиқ очиб берилмаган. Унда фақат 2 та субъект, яъни фақат давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига келиб тушаётган мурожаатлар билан боғлиқ муносабатларгина тартибга солинган.
Ваҳоланки, ҳозирги кунда одамларни ўйлантираётган аксарият муаммолар нафақат давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, балки давлат органлари тизимига кирмайдиган ташкилот ва идоралар фаолияти билан, хусусан, хўжалик субъектлари, тижорат банклари, жамоат ташкилотлари ва бошқа идоралар фаолияти билан ҳам боғлиқлиги барчамизга яхши маълум.
Бундан ташқари, амалдаги қонунда ҳозирда амалиётда ўзини тўлиқ оқлаган механизмлар, хусусан, “ишонч телефонлари” орқали мурожаатлар, видеоконференц алоқа ёрдамида фуқароларни қабул қилиш ва жойларга чиқиш каби замонавий ҳамда интерактив услубларни жорий қилишга қаратилган нормалар белгиланмаган. Айниқса, амалдаги қонунда бугунги кунда ўзини ҳар томонлама самарали механизм сифатида намоён этаётган “Халқ қабулхоналари” ва “Виртуал қабулхоналар”, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхоналари тизимига доир мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги янги демократик институтлар ҳам назарда тутилмаган.
Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги қонун ана шу каби камчиликларни бартараф этиш билан бирга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни назарда тутади.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиб, ҳар қандай мурожаат ортида инсон тақдири мужассам эканлигини, янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда замонавий иш услубларини жорий қилиш ҳамда соҳадаги муносабатларни тартибга солишни такомиллаштириши ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилиши билан “Адолат” СДП дастурий ғояларига ҳамоҳанг эканлигини таъкидладилар.
Муҳокамалар чоғида фракциямиз аъзолари ушбу қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан бирга, ўзларининг таклифларини ҳам билдирдилар. Хусусан, қонун лойиҳасини 2-ўқишга тайёрлаш давомида унга баъзи таҳририй тузатиш киритиш лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ҳозирда махсус ишчи гуруҳи томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш учун тайёрланаётган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ушбу қонун лойиҳаси билан ўзаро мувофиқлаштириш лозимлиги ҳам алоҳида қайд этилди.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳозирги глобаллашув жараёнида ёшларнинг онгига, маънавияти ва соғлиғига турли хил таъсир этадиган ахборотлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ана шундай шароитда интернет тармоғи, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалар орқали салбий таъсир этиши мумкин бўлган ахборотлардан фарзандларимизни асраш долзарб масалага айланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги долзарб аҳамиятга эга.
Ушбу қонун лойиҳаси болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш, болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва (ёки) тақиқлаш каби муҳим вазифаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси вояга етмаган ёки бошқалар парваришига боғлиқлиги сабабли алоҳида ҳимояга муҳтож болалар маънавияти ва келажагини ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ахборотдан муҳофаза қилиш соҳасида ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ва халқаро шартномалар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди.
“Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан таклиф этилаётган қонун лойиҳаси партиямиз устувор вазифаларига тўла мос келади.
Албатта, қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, ота-оналар ва ёшларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштиришга эҳтиёж борлигини ҳам айтиш жоиз. Шу мақсадда биз қонун лойиҳасини ҳудудий партия ташкилотларимиз ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз иштирокида муҳокама этиш ҳамда жойлардан таклифлар олишни режалаштирганмиз.
“Adolat” мухбири Илёс САХАТОВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....