Инсон манфаатлари устувор

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилиш талаблари асосида ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилаётган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қизғин муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, парламент фаолиятига жорий қилинган амалиётга мувофиқ ҳудудларни комплекс ўрганиш бўйича жойларда ўтказилаётган учрашувларда халқ билан бевосита мулоқот давомида амалдаги айрим қонунларимизда такомиллаштиришга муҳтож нормалар мавжудлиги, улар оддий фуқароларимизнинг ҳаётида муайян қийинчиликлар келтириб чиқараётгани аниқланди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли нормасига асосан “Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши” кўринишидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун “энг кам иш ҳақининг уч баравари” миқдорида жарима белгиланган.
— Ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур норма фуқароларимиз учун айрим муаммоларни келтириб чиқараётгани аниқланди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов. — Фуқароларга биометрик талабнома асосида паспорт тайёрлашдаги техник сабаблар туфайли воситаларнинг етишмаслиги, носозлиги ва улгурмаслиги сабабли фуқаролар паспорт олиш ёки уни алмаштириш учун ўз вақтида мурожаат қилсада жавобгар бўлиш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу ҳолатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан жавобгарлик “энг кам иш ҳақининг уч баравари” миқдорида белгилангани фуқаролар учун қийинчилик келтириб чиқармоқда.
Масалан, жойлардаги ўрганишлар жараёнида биргина Наманган вилоятининг Чуст туманида 2 850 нафар, Уйчи туманида 1 876 нафар фуқаролар амал қилиш муддати ўтган фуқаролик паспорти билан яшаётганлиги маълум бўлди. Шу билан бирга, ҳудудларда бундай жавобгарликка тортилаётган фуқароларнинг аксарияти кам таъминланганлиги натижасида белгиланган жаримани тўлашда қийинчиликка учрамоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда, фуқаролар учун қулайлик яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг нормаларини янада либераллаштириш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси фуқаролик паспортини расмийлаштириш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган маъмурий жазо миқдорини енгиллаштиришни, яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 223-моддасининг биринчи қисми санкциясидаги “энг кам иш ҳақининг уч баравари” деган сўзларни “энг кам иш ҳақининг уч бараваригача” деган сўзлар билан алмаштиришни назарда тутади.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик паспортини расмийлаштириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилаётган юз минглаб фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишга хизмат қилади.
Фракция аъзолари “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” деган эзгу ғоядан келиб чиқиб ҳамда электорат манфаатларини инобатга олган ҳолда мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йил 1-10 апрель кунларида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни, мавжуд масалаларни аниқлаш юзасидан олиб борган ўрганишлари, хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан ўтказган учрашувлари натижаси ҳам таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, депутатлар томонидан апрель ойида республикамизнинг Қўнғирот, Избоскан, Пешку, Ш.Рашидов, Қамаши, Нурота, Тўрақўрғон, Пастдарғом, Гулистон, Сариосиё, Бекобод, Фарғона ва Гурлан туманларини комплекс ўрганиш бўйича таҳлиллар ўтказилди.
Ушбу жараёнда парламент аъзолари томонидан 7 853 та хонадонга ташриф буюрилиб, жами 31 206 нафарга яқин фуқаро, шу жумладан, 2 123 та тадбиркорлик субъекти вакиллари билан бевосита мулоқотлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида аҳоли томонидан асосан уй-жой коммунал, транспорт ва йўл қурилиши, аҳоли бандлиги, банк-кредит, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо ва маиший хизмат, тадбиркорлик каби соҳаларига тааллуқли жами 4 766 та масала кўтарилди.
Жойлардаги 227 та давлат органлари ва ташкилотлар, 804 та ижтимоий соҳа объектлари, 388 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолияти билан танишилди. Депутатлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 915 та ёки 19 фоиз масала жойида ҳал этилди.
Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган 2 881 та (61 фоиз) масала юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда уларнинг бажарилиши назоратга олинди. Шунингдек, ҳудудларда вилоят даражасидаги 615 та (13 фоиз) масалани ва республика даражасидаги 355 та (7 фоиз) масалани парламент назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
— Учрашувлар жараёнида фракциямиз аъзолари ҳам сайловчилар билан фаол мулоқотда бўлиб, уларни ўйлантираётган масалаларга қизиқдилар, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев. — Шу билан бирга, депутатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг йиғилишларида ҳам иштирок этиб, кўрилган масалаларнинг кейинчалик доимий комиссияга ва сессияга киритилиши ҳамда ижроси таъминланишида амалий ёрдам кўрсатдилар.
Апрель ойидаги чиқишларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан сайловчилар билан 57 та учрашув ўтказилиб, уларда 2 922 нафар сайловчилар иштирок этди.
Умуман, фракциямиз аъзолари сайлов округларида олиб борган фаолияти давомида қабул қилинган қонунларнинг ижросидаги камчилик ва нуқсонларни, қандай қонун ҳужжатларига эҳтиёж борлигини, сайловчиларни қандай муаммолар ўйлантираётганлиги ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишди.
Учрашувларда аҳоли томонидан 150 дан ортиқ масалалар кўтарилиб, уларнинг ечими юзасидан билдирилган жавобларда депутатларимиз асосан юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорликка яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, ижтимоий-иқтисодий соҳада юзага келаётган муаммоларга ечим топиш, тиббиёт ва таълим соҳасида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтиришга эътибор қаратдилар.
Энг муҳими, учрашувлар давомида фракция аъзолари аралашуви билан сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларнинг 100 дан ортиғи жойида ҳал қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров жойларда аниқланган муаммолар ечими юзасидан депутатлик сўрови ва парламент сўровидан самарали фойдаланиш лозимлиги, ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбир

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.&nb...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....