Ҳаракат стратегияси лойиҳаси – фракция муҳокамасида

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда экспертларининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Эътироф этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланди, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди ҳамда мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни рўёбга чиқариш ишлари тубдан янгича қиёфа касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани юртимизда инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ҳимоя қилинишини кучайтиришда муҳим омил бўлиши алоҳида таъкидланди. Бунда, айниқса, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги инсон манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги янги босқич бошлаб берилганлигидан далолат беради. Ушбу лойиҳага кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси тайёрланди ҳамда у умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
— Келгуси беш йилликда мамлакатимиз тараққиёти ҳамда халқимиз тақдирини белгилаб берувчи бундай муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг умумхалқ муҳокамасига қўйилиши ҳам халқ билан мулоқот янги босқичга кўтарилаётганининг амалий ифодасидир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Ҳаракат стратегияси лойиҳаси мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур Стратегия лойиҳасида давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича бешта йўналишда жами 335 та чора-тадбирлар белгиланган.
Аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, мазкур лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ҳамда такомилга етказилишида республикамиздаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан илгари сурилган кўплаб таклифлар инобатга олинганлиги партия дастурий мақсадлари рўёбига ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши баробарида партия депутатлик корпуси зиммасига катта масъулият юклайди.
Хусусан, Ҳаракат стратегияси лойиҳасида биринчи йўналиш сифатида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга доир устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, унда давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини марказлаштиришдан чиқариш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш каби дастурий мақсадларимизга мос устувор вазифалар белгиланган.
Шу билан бирга, Стратегиянинг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процесси томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш, “Ҳабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, одил судловни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, адвокатура институтини ривожлантириш каби инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилангани аҳамиятлидир.
Иқтисодиётни ривожлантириш йўналишида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланган ҳолда Давлат бюджетининг барча миқёсларида мувозанатни сақлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, замонавий сув ва ресурсларни тежайдиган агротехнологияларни жорий этишга доир белгиланган вазифалар ҳам ушбу соҳадаги партия дастурий ғояларининг ҳаётга самарали татбиқ этилишига хизмат қилади.
Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати унда белгиланган энг кўп чора-тадбирлар ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилганлигидадир.
Жумладан, ушбу йўналишда аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланишини яхшилаш, аҳолини электр энергияси билан таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, сифатли таълим хизматларига имкониятларни ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрларни тайёрлаш, болалар мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини бозор иқтисодиёти ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.
Бундан ташқари, Стратегия лойиҳасида бешинчи йўналиш сифатида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги вазифалар белгилаб берилган.
Умуман, мазкур стратегик ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида назарда тутилаётган устувор вазифалар ўзининг кўлами ва аҳамияти жиҳатидан миллий тараққиёт моделимизнинг тамойиллари бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган шиорнинг ҳаётимизда тўлақонли ифода этилаётганидан далолат беради. Қолаверса, умумхалқ муҳокамаси асосида ушбу ҳужжатни янада такомиллаштириш имконияти яратилганлиги унда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишнинг механизмларини аниқ белгилаб олиш, пировардида Стратегиянинг истиқболда ҳаётга тўлақонли татбиқ этилишига замин яратади.
— Бугун жаҳон тараққиётида рўй бераётган турфа ўзгаришлар шароитида инновацияга асосланган иқтисодиётгина барқарорлик ва рақобатдошликни сақлаб қолиши ривожланган давлатлар тажрибасида ўз исботини топиб улгурган, — дейди Тошкент давлат аграр университети қошидаги Инновация маркази директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, партия эксперти Абдуғаффор Ортиқов. — Мамлакатимизда ҳам инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш, илм-фан ва саноатни юксалтириш ва шу орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, илмий муассасалар билан корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилаётганлиги Ватанимизнинг илғор мамлакатлар сафидан муносиб ўрин олишига хизмат қилиши шубҳасиз. Ҳақиқатан ҳам, ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бозор субъектларининг инновацион фаолияти механизмини яратиш бугун мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолиши керак. Чунки айнан инновацияларгина маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш, таннархини, энергия истеъмолини камайтириш, инвестициялар оқимини кўпайтириш ва янги-янги имкониятларни вужудга келтиришга шароит яратади.
Мамлакатда ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва янгилаш, замонавий инновацияларга асосланган ва юксак самарали технологияларни кенг жорий этиш бўйича катта мақсадлар қўйилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Инновация соҳасида эришиладиган ютуқлар мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ривожлантиришга, жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Ўз навбатида, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ҳам тақозо этилмоқда.
Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, замонавий саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, энергетика, машинасозлик ва бошқа соҳаларда мавжуд ғоят муҳим технологик ва илмий муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган фундаментал тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Зотан, бозор муносабатлари ривожланиб бораётган бир шароитда бозор субъектларининг инновацион фаолиятига дахлдор масалалар ва уларнинг таъсирчан механизми мамлакат иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиши керак.
Модомики, Ҳаракат стратегияси лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига киритилиб, янада маромига етказилиши мақсад қилинган экан, унинг мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда юқори ўсиш суръатларига эришиш назарда тутилган бўлимида инновацион иқтисодиётни шакллантириш ва инновацион фаолиятни рағбатлантиришга қаратилган банд киритилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Йиғилишда шунингдек, фракция аъзолари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига киритилган Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ва қонун лойиҳалари бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар. Жумладан, парламент назорати, сиёсий партиялар ва Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, давлат ва хусусий шериклик, давлат хизмати ҳамда давлат бошқаруви асослари тўғрисидаги, жамоатчилик назорати ва маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари билан бир қаторда партия экспертлари ҳам фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида белгиланган вазифаларни ҳам кўриб чиқдилар. Унда давлат раҳбари томонидан, айниқса, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш борасида давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини назорат қилишда партия депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди.
— Президентимиз ўзининг Қорақалпоғистон Республикасига қисқа муддатли ташрифи мобайнида деярли бутун туман ва шаҳарларни айланиб чиқишга, энг чекка ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларидан тортиб, туман поликлиникасигача, мурувват уйларидан тортиб, мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари, янги қурилаётган объектларгача, аграр сектор, тадбиркорлик соҳаси вакилларидан тортиб оддий аҳоли, нуронийлар билан ҳам учрашиб, ҳамсуҳбат бўлганликлари биз, депутатларга шахсий намуна бўлди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Даврон Тангиров. — Биз, парламент аъзолари ҳам 1 февралдан бошлаб ўн кун мобайнида ҳудудларга чиқиб, халқ билан учрашамиз. Ушбу жараёнда аҳолининг барча ижтимоий қатламлари билан учрашиб, жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга эришиш, ундан келиб чиқадиган хулосалар асосида таклифлар тайёрлаш ҳамда лозим бўлса қонунчиликка ўзгартишлар киритишимиз лозим. Бу борада биз, айнан давлатимиз раҳбаридан ўрнак олиб, барча масалага очиқ кўз билан назар ташлашимиз, холис баҳо беришимиз даркор.
Тадбир якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси асосида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...
01 янв 1970
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...