Ўсимлик дунёсидан ноқонуний фойдаланилганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарур

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, халқаро ҳуқуқий тажриба, замонавий илм-фан ва технология ютуқлари асосида экологик қонунчиликнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлашнинг устувор ва зарурий шартларидан бири ҳисобланади. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий императивларини амалга ошириш мазкур тизимнинг ажралмас бўғинидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон флорасини 4600 дан ортиқ ўсимлик турлари ташкил этади, улардан 3000 дан ортиғи ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турлари бўлиб, улардан 9 фоизи эса эндемик турларни ташкил этади. Ушбу ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларининг умумий сонидан 324 таси эндемик, камёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган.
Ўзбекистоннинг ўрмон фонди майдонлари деярли 9,625 миллион гектарни ташкил қилиб, шундан ўрмон билан қопланган майдонлар 3,3 миллион гектарни эгаллайди, ҳудудларнинг ўрмонлаштирилганлиги 7,5 фоизни ташкил этади. Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция (CITES) мажбуриятларини бажариш доирасида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик турларини сақлаб қолишга катта эътибор қаратилиб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик турларини экспорт ва импорт қилиш қоидалари белгиланди. Ноёб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик турларининг рўйхати уларнинг мойиллик даражасига қараб аниқланди.
Бугунги кунда амалдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун нормалари амалиётда қўлланилишининг таҳлили, ҳуқуқни қўллаш амалиётида жиддий камчиликлар борлигини кўрсатиб, ўз навбатида, қонуннинг тузилмасини чуқур қайта ишлаб чиқишни, унинг самарадорлиги пасайишига сабаб бўлаётган такрорлар ва зиддиятли ҳолатларини бартараф этишни талаб этади. Шу боисдан мазкур қонун нормаларининг тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишини, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани тизимлаштиришни таъминлаш мақсадида қонуности ҳужжатларида белгиланган ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд бўлган қоидаларни назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.
Даврон ТАНГИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига, энг аввало, нормаларни қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда. Шу билан бирга, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни ташкиллаштириш масалаларини қонуний тартибга солиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишнинг аниқ йўллари ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турларини сақлаб қолиш бўйича асосий талаблар, ўсимлик дунёсидан самарали фойдаланишга, ўсимлик дунёсини ва у кўпаядиган жойларни сақлаб қолишга йўналтирилган биотехник тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш, алоҳида тоифадаги ерларнинг ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш тартиблари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан кўриб чиқиш жараёнида қонуннинг янги таҳририда ўсимлик дунёси объектларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш шартларини аниқ белгилаш, ўсимлик дунёсини, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик турларини муҳофаза қилиш чораларини, ўсимлик дунёси объектларидан умумий ва махсус фойдаланиш турларини, шунингдек, ўсимлик дунёсидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятларини аниқлаштиришга қаратилган нормалар назарда тутилаётгани фракциямиз аъзоларининг диққат марказида бўлди.
Айниқса, ушбу нормаларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш билан боғлиқ тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги қайд этилди. Чунки партиямизнинг Сайловолди дастурида биз экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларимизни, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратишимиз ҳамда “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим” деган принцип тарафдори эканлигимиз белгиланган. Шу боис таклиф этилаётган қонун лойиҳасини концептуал қўллаб-қувватлаган ҳолда позицион таклиф-тавсияларимизни кейинги ўқишларда киритишимиз айтиб ўтилди.
Йиғилиш сўнггида фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.&nb...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўтган йилларда Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида ғазначилик тизими ва Ҳисоб палатаси жорий ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...