Сайловчилар манфаати доимий эътиборда

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракциянинг қонун ижодкорлиги, сайловчилар билан ишлаш ва тарғибот-ташвиқот йўналишларидаги фаолиятига доир масалалар кун тартибидан ўрин олди.
Дастлаб фракциянинг парламентдаги фаолияти депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида фракция ўз фаолиятини партиянинг “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” ғояси шиор қилиб олинган Сайловолди дастури ва уни амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастури ҳамда 2016 йилги фракция иш режасига асосан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ҳамда сайловчилар билан учрашувлар каби йўналишларда амалга оширди.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йилнинг биринчи чораги давомида фракциямизнинг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишларида 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Қонунчилик палатасининг мажлисларидаги муҳокамаларда фаол иштирок этган фракциядошларимиз ўнта қонун лойиҳасига масъул бўлдилар ҳамда қонун лойиҳаларига зарур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш бўйича партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлари, нуқтаи назарларини билдиришди.
Ташаббускор гуруҳ аъзоси сифатида фракциядошимиз “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, маромига етказиш ҳамда қабул қилинишида фаол иштирок этгани ҳам биз учун аҳамиятлидир.
Қолаверса, парламентдаги кўпчилик ҳисобланган “Демократик кучлар блоки”га нисбатан мухолиф сифатида “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамаларида партиямиз позицияси юзасидан билдирилган аксарият таклифларимиз қонун лойиҳаларига киритилди.
Шунингдек, фракция парламент назоратининг энг самарали механизмларидан бири — Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш жараёнларида фаол қатнашди. Бунда дастурий мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиётда инновацион технологияларни кенг жорий этиш, муқобил энергетика соҳаларига ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш масалалари эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Муҳокамалар жараёнида фракция фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам айтиб ўтилди ва келгусидаги режаларни тўлақонли бажариш юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 22-31 март кунлари қуйи палата Регламентига мувофиқ фракция аъзоларининг сайлов округларида сайловчилар билан олиб борган учрашувлардан келиб чиқадиган хулосалар ҳамда устувор вазифалар тегишли вазирлик ва идоралар масъул шахслари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сайловчилар билан ўтказилган учрашувлардан кўзланган асосий мақсад мустақиллик йилларида мамлакатимизда сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш борасида амалга оширилган ишлар, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти, қонун лойиҳалари, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, депутатларнинг келгусидаги режалари ва амалга оширадиган ишлари ҳақида ҳамда парламент дастурларининг олиб борилиши хусусида сайловчиларга ахборот беришдан иборат бўлди.
Шу билан бирга, депутатлар Президентимизнинг қатор маърузаларида ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар хусусида алоҳида сўз юритдилар. Очиқ ва юзма-юз мулоқотлар чоғида юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий соҳани ривожлантириш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш йўлидаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар сайловчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Фракция аъзолари сайлов округларида олиб борган фаолияти давомида қабул қилинган қонунларнинг ижросидаги камчилик ва нуқсонлар, қандай қонун ҳужжатларига эҳтиёж борлиги, сайловчиларни қандай муаммолар ўйлантираётганлиги ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишди.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Фракциядошларимиз томонидан ўтказилган барча учрашувлар қизғин баҳс-мунозаралар ва савол-жавобларга бой бўлди. Учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 1138 та таклиф ва саволлар, турли мавзуларда мурожаатлар ўртага ташланди. Кўтарилган масалаларнинг 693 таси маҳаллий ҳокимликлар, тегишли орган ва ташкилотлар орқали жойида ҳал қилинди.
Аввалги учрашувларда сайловчилар томонидан берилган таклифлар ва муҳокама қилинган масалалар 600-700 тани ташкил этгани ҳолда, улар асосан маиший соҳага тааллуқли бўлган бўлса, бу йилги учрашувларда 1000 дан ортиқ масалаларнинг кўтарилиши ҳамда уларнинг асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига, юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган имкониятлардан янада самарали фойдаланилишга эришиш, депутатлик назоратининг кучайтирилишига, ижтимоий-иқтисодий соҳада мавжуд муаммоларнинг ечимларига, тиббиёт ва таълим соҳасида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларнинг давомийлиги, ижросининг тўлиқ таъминланишига тааллуқли эканлиги алоҳида эътиборга молик.
Сайловчилар мурожаатлари асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 164 та депутатлик сўрови юборилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, сайловчиларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида айнан “Адолат” СДПнинг депутатлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан қизиқаётганлари халқимизнинг сиёсий, ҳуқуқий саводхонлиги янада ортганлигини кўрсатмоқда.
Фракция аъзолари томонидан сайловчилар билан учрашувлар давомида кўтарилган ижтимоий, уй-жой ва коммунал соҳалардаги айрим масалалар мутасадди вазирликлар, муассасаларнинг масъул вакиллари билан биргаликда атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, сайлов округларидаги учрашувлар жараёнида фракция аъзолари томонидан ёшлар билан ўтказилган “Тинчлик, осойишталик ва барқарорлик — жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар хусусида ҳам сўз юритилди.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Сайлов округларидаги учрашувлар давомида ташкил этилган давра суҳбатларида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида айнан аҳоли фаровонлигини юксалтириш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш каби масалалар мақсад қилиб олинган. Энг муҳими, мана шу йўлдан оғишмай олға бориб, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан фаолият юритиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Учрашувларда шунингдек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ривожланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар хусусида ёшларга атрофлича маълумот берилди. Қонун ижодкорлиги фаолияти, парламентимиз томонидан сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар ва уларнинг мамлакатимизда турли соҳаларни янада ривожлантиришдаги ҳамда халқимиз турмуш даражасини яхшилашдаги аҳамияти хусусида фикрлар билдирилди.
Эътироф этилганидек, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари — кўз ўнгимизда қад ростлаётган бетакрор иншоотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, кўприк ва равон йўллар, боғ ва хиёбонлар, замонавий технологиялар билан жиҳозланган қудратли корхоналар — буларнинг барчаси юртимизда қарор топган тинчлик ва осойишталик туфайлидир. Шу билан бирга, бунёдкорлик ишлари давлатчиликда муҳим аҳамият касб этиб, мамлакат қудрати билан бир-бирини тўла акс эттириб келаётир. Тадбирларда сўзга чиққанлар юртимиздаги тинчлик, осойишталик боис шаҳар ва қишлоқларимиз обод, турмушимиз фаровон эканлигини фахр билан тилга олдилар.
Йиғилиш кун тартибидан ўрин олган масалалар қаторида фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасига чет эл ижтимоий-сиёсий доиралари вакиллари ва хорижий экспертларнинг муносабат ва фикр-мулоҳазалари” номли янги рисола юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ушбу тўпламда келтирилган нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда таниқли экспертларнинг республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, тараққиётнинг “ўзбек модели” самаралари хусусида ҳавас билан билдирган фикрлари депутатлар томонидан эътироф этилди. Айниқса, улар томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат, аҳоли турмуш сифати ва даражасининг ўсиб бораётгани, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, пировардида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ислоҳотлар ҳақида билдирилган фикр ва таклифлардан тарғибот тадбирларида фойдаланиш мумкинлиги, қолаверса, бу Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этиб ўтилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан фракция қарори қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.&nb...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан, айтайлик, 300 минг сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди, аммо бирор сабаб...