Сиҳатгоҳдаги сафдошларимиз ибрати

/
Мамлакатимизда фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур йўналишдаги хайрли ишларга жойларда Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Юртимизда машҳур дам олиш масканларидан бири — замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган “Косонсой” санаторияси жамоаси таркибида ҳам партиядошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Чотқол тоғининг ёнбағирларидаги хушманзара манзилда жойлашган ушбу сиҳатгоҳда ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини тикламоқдалар. Малакали врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари таянч-ҳаракат, юрак-қон томир, асаб тизимлари, нафас йўлларида учрайдиган ва қатор бошқа хасталикларни даволаш бўйича самарали иш олиб бормоқдалар. Даволаш жараёнларида шу ернинг ўзидан чиқадиган маъданли сувнинг шифобахш хусусиятларидан ҳам кенг фойдаланилаётгани диққатга сазовордир. Бу ерда тиббий муолажалардан ташқари дам олувчилар учун ранг-баранг маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилади.
— Жамоамиз мижозларга намунали хизмат кўрсатиш ўзининг энг муҳим ва биринчи даражали вазифаси эканини чуқур англайди, — дейди тажрибали шифокор Нўъмонжон Мўйдинов. — Ўндан ортиқ врачлар, қирқ нафардан зиёд ҳамширалар ва кўплаб бошқа ходимлар дам олувчиларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари, соғлиғи яхшиланиши учун тинимсиз изланадилар. Дам олувчиларнинг сиҳатгоҳдан саломатликларини тиклаб, яхши кайфиятда уйга қайтишлари биз учун энг юксак мукофот ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, санатория жамоасининг хизмат кўрсатишдаги саъй-ҳаракатлари мутасадди ташкилотлар томонидан юқори даражада баҳоланмоқда. Бу жамоа Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санатория-курортлар бошқармаси анъанавий тарзда ўтказадиган мусобақада ғолиб чиқиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланган.
Бир неча йилдирки, санаторияда “Адолат” СДПнинг бошланғич ташкилоти фаолият олиб боради. Сиҳатгоҳдаги сафдошларимизга ҳамшира Басидахон Абдуллаева етакчилик қилади. БПТ ўзининг чиройли жиҳозланган хонасига эга. Партиядошларимиз бу ерда тез-тез тўпланиб, даволанувчиларга тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, ҳамкасбларнинг жамоатчилик ишларидаги фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама этиб турадилар. Албатта, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги янгиликлар, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳалардаги ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашадилар. Дам олувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш, бу борада партиямиз аъзоларининг намуна кўрсатишига эришишни таъминлаш ҳам доимо диққат марказида. Бу борада врачлардан Нўъмонхон Мўйдинов, Гулбарра Қурбонова, ўрта тиббиёт ходимларидан Маҳбуба Жабборқулова, Валижон Қосимов, Маҳфуза Одилова, Фарида Аҳмелова, Исломжон Бозоров ҳамиша бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлишмоқда.
— Партиямизнинг “Тоза табиат — соф келажак учун” лойиҳаси доирасида бошланғич партия ташкилотимиз аъзолари касб фаолиятимизга уйғун равишда амалий ишлар қилишмоқда, — дейти БПТ фаоли Фарида Аҳмедова. — Санаториямиз, умуман, Чотқол тоғидаги ҳар бир гиёҳ, айниқса, доривор ўсимликлар бизга таниш. Уларни асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш, ноёб ўсимликлар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларда аниқ тасаввур уйғотиш, маълумотлар бериш эзгу мақсадларга хизмат қилади. Табиат бағрида инсон учун ҳар бир дарднинг давоси ато этилган.
Президентимиз фармонига мувофиқ “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши БПТга бирлашган сафдошларимизни бу борада янада фаолроқ иш олиб боришга рағбатлантирмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда дунёда 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас....
01 янв 1970
Партиямиз ғояларининг жойларда кенг тарғиб этилиши билан бирга халқ манфаатларини рўёбга чиқариш борасидаги амалий ишлар ҳудудларда ўз ижобий самар...
01 янв 1970
Тиббиёт соҳасида ишлаш инсондан чуқур билим, тажриба ва малакага эга бўлиши билан бирга фидойиликни талаб қилади....
01 янв 1970
Бошланғич партия ташкилоти партиянинг ўзаги ҳисобланади.