Ҳаётбахш ғоялар амалиётда ифодасини топмоқда

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг яқинда бўлиб ўтган пленумида бошқа масалалар қатори партия аъзолари сафини ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди. Аксарият туман кенгашлари вакиллари таъсирчан тарғибот ишлари орқали партия аъзолари ҳамда янги БПТлар сонини кўпайтиришга эришиш юзасидан ўз таклиф ва режалари билан ўртоқлашдилар.
Ташаббуслар маъқулланди, албатта. Шу билан бирга, вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев ҳар бир сафдошимизнинг сиёсий маҳоратини ошириш, партия таянчи ҳисобланган бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, янги БПТлар билан фаол иш олиб бориш хусусида фикр билдирди.
Албатта, фикр ва ғоялар амалиёт билан уйғунлашганда ҳаётий самара беради. Юқорида қайд этилган таклифларнинг амалий ифодасини яқинда Наманган шаҳридаги “Рустам текстил инвест” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган БПТ мисолида кўриш мумкин.
Пленумда таъкидланган юқоридаги каби фикр-мулоҳазалар партиядошларимизни бефарқ қолдирмади. Сафдошимиз Исмоилжон Тошмирзаев вилоят партия кенгашига мурожаат қилиб, ўзи иш юритаётган корхонада ижтимоий-сиёсий мавзуда тадбир ўтказишда ёрдам сўради. “Адолат”чилар дарров кўмаклашишга ваъда бердилар. Кенгаш ходимлари Дилшод Болтабоев ва Акбар Мансуров тадбир режасини ишлаб чиқишди. Самимий ўтган давра суҳбатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар таҳлил қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мазмун-моҳияти ҳақида тадбир иштирокчилари атрофлича фикр юритишди. Мазкур муҳим ҳужжатга асосан тайёрланган ва тасдиқланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини рўёбга чиқариш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, бу борада партиямиз фаоллари олдида турган вазифалар ҳам диққат марказида бўлди.
— Корхонамиз фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ, ўтган йили ёзда тикувчилик маҳсулотларининг дастлабки туркуми истеъмолчиларга жўнатилганди, — дейди “Рустам текстил инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Шокиров. — Ўттиз кишилик жамоамиз асосан ёшлардан иборат. Улар замонавий, юқори унумли, илғор технологияга асосланган дастгоҳларни бошқарадилар. Ишчиларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришлар билан ҳам қизиқадилар. Шуни назарда тутиб, “Адолат” СДП вилоят кенгаши билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган эдик. Ҳамкорлик боис жамоамизда партия ғоялари ва дастурий мақсадларига қизиқиш кучайди. Уларда баён этилган масалалар кўпчиликка маъқул тушганлигини ҳам айтиш лозим.
Натижада МЧЖда ишчилар “Адолат” СДП сафига кириш истагини билдирдилар. Улар орасида бичувчи Козим Исоқов, бичувчи ёрдамчиси Муҳаммад Эргашев, тикувчилардан Дилноза Тўхтасинова, Яйра Раҳимжонова, Малика Боймирзаева каби ўз касбининг моҳир усталари бор. Кейинчалик улар сафи янада кенгайди. Бугунги кунга келиб эса партиядошларимиз сони йигирма кишига етди. Яқинда корхона ишчи-хизматчилари ва муҳандис-техник ходимлари аъзо бўлган БПТ расмий мақом олди. Унинг раислигига дизайнер Абдулбосит Шокиров сайланди.
— “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг келажаги инновацион иқтисодиётда, деган ғоя илгари сурилган, — дейди биз билан суҳбатда Абдулбосит Шокиров. — Биз ҳам шундай фикрдамиз. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар фуқаролар учун янги иш ўринлари яратиш, замонавий касб-ҳунарларни ўрганишга ундайди. Бу эса тараққиётнинг янги босқичига чиқиш учун шарт-шароит яратиши шубҳасиз.
Шундай қилиб, МЧЖ ҳаётида ана шундай фаол, фидойи сафдошларимизни бирлаштирган яна бир янги бошланғич партия ташкилоти сиёсий фаолиятга киришди. Айни пайтда барча туман ва шаҳар кенгашларида ҳам “Адолат” СДП аъзолари сафини ўстиришга қаратилган тарғибот ишлари изчил олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ишлаб турган БПТлардаги маслакдошларимизни кўпайтириш билан бирга янги бошланғич ташкилотлар очилишида ҳам амалий аҳамиятга эга бўлмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг яқинда бўлиб ўтган пленумида бошқа масалалар қатори партия аъзолари сафини ошириш б...
01 янв 1970
Бугун қишлоқдаги аграр ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инновацион ғоя ва янги технологияларни жорий этишга қаратилганлиги билан қимматлидир...
01 янв 1970
Бошланғич партия ташкилоти партиянинг ўзаги ҳисобланади.
01 янв 1970
Маълумки, тиббиёт ходимлари Ўзбекистон “Адолат” СДП электоратининг кўпчилик қисмини ташкил қилади....