Ташаббус бирники, самараси мингники!

/
— Бугун қишлоқдаги аграр ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инновацион ғоя ва янги технологияларни жорий этишга қаратилганлиги билан қимматлидир, — дейди Тайлоқ туманидаги сабзавотчилик ва боғдорчилик фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП бошланғич ташкилоти раҳбари Маҳмуда Бойназарова. — Тажриба шуни тасдиқламоқда. Биргина Самарқанд вилоятида салкам икки минг гектар майдонда барпо этилган томчилатиб суғориладиган интенсив усулдаги боғлардан оддий шароитдагисига нисбатан беш-олти баробар кўп ҳосил олинмоқда. Иқтисодий самарадорлик фермернинг рўзғорида, янги техника сотиб олишида, кўркам иншоотлар қуришида шундоққина кўриниб турибди.
Шу ўринда бугунги кунда қишлоқ ишлаб чиқаришини ҳар томонлама рағбатлантириш аграр сиёсатнинг негизига айланганлигини таъкидлаш жоиз. Чунки бу ҳар бир фермер, ҳар бир оила ва пировардида бутун мамлакат фаровонлигини таъминлашнинг ишончли йўли. Партиямиз дастурида ҳам қишлоқда яшаб моддий неъматлар ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий имтиёзлар пакетларидан мумкин қадар тўла фойдаланишларига имкон яратиш ҳақида алоҳида қайд этиб ўтилган. Шундай муносабат шаклланган жойда эса иш унуми ҳам, моддий манфаатдорлик ҳам юқори бўлади.
Бу фикрларнинг исботини партиядошимиз бошқараётган “Маҳмуда Субҳонова катта боғи” фермер хўжалиги фаолиятидан излайдиган бўлсак, аввало мулкка эгалик, янгиликка интилувчанлик ва илғор тажрибаларни тезкорлик билан жорий этиш қандай самара бераётганлигини яққол ҳис этамиз. Фермер хўжалигига қарашли 13 гектарлик токзорнинг ҳар гектари 30-40 тоннадан узум беради. ўаллазорнинг ҳосилдорлиги ҳам 50-60 центнердан кам бўлмаяпти. Йил якунига кўра, хўжалик юз миллион сўм даромад олишни мўлжаллаяпти.
Маҳмуда опа фермерликдан топилаётган даромад орқасидан фарзандларини моддий таъминлаётганидан, уларга чиройли кийим-бош, компьютер сотиб олиб бераётганидан, ҳовли тўйлари ўтказаётганидан хурсанд.
—Қатрада қуёш акс этганидек, менинг оиламнинг бахти мамлакат фаровонлигининг нишонаси, —дейди суҳбатдошимиз. —Партия аъзоси сифатида мен қишлоқда ишлаб чиқаришни янги ғояларга таяниб ривожлантириш зарурлигини доимо тарғиб этаман. Икки гектар майдонда қўшимча равишда интенсив боғ барпо этаётганимиз ва голланд мевали дарахтларини парваришлашни қандай эплаётганимиз билан қизиқувчилар кўпайганлиги ҳам ана шу тарғиботнинг давоми.
Маҳмуда Бойназарова сиёсий ташкилотчи ва партия ғояларининг етук тарғиботчиси сифатида ҳам ибратга лойиқ ишларни амалга оширмоқда. У фермер хўжалиги қошидаги бошланғич партия ташкилоти раиси ҳисобланади. БПТнинг 15 нафар аъзоси ҳар соҳада фаол, ҳозиржавоб, электорат мурожаатларига ҳамиша сезгир муносабатда бўлишга ҳаракат қилишади. Тайлоқ туманининг ўн минг нафардан зиёд аҳолиси истиқомат қилаётган “Сочак” қишлоғида 2 милометр масофада ички йўл асфальтлаштирилгани, табиий газ таъминоти изга туширилгани БПТнинг жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўя олгани самарасидир.
— Биз партия аъзолари билан маслаҳатлашиб қишлоқдаги юз нафар хотин-қизни касаначилик ишига жалб этдик. Уларга меҳнат дафтарчаларини очтирдик, — дейди Маҳмуда Бойназарова. — Энди уларнинг оила даромадига даромад қўшиладиган бўлди. Муҳими, хотин-қизларимиз ўзларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли кишилари деб ҳис этишмоқда.
— Шугина эмас, БПТнинг партия дастуридан келиб чиққан ҳолда муқобил энергиядан фойдаланишни тарғиб этиш борасидаги ишлари ҳам эътиборга лойиқ. Ана шу тарғибот туфайли қисқа вақтда 6 та хонадонда қуёш батареяси ўрнатилди, — дейди бошланғич партия ташкилоти аъзоси Мансур Раҳмонов. — Унинг афзаллигини эса ҳамма тушуниб етаяпти.
Демак, партиядошимиз нафақат фермер, балки аграр сиёсатнинг жонкуяр тарғиботчиси сифатида қишлоқ иқтисодиётини юксалтириш, турмуш фаровонлигини оширишда ўрнак бўлмоқда. Маҳалла-кўй, қишлоқдошлар эса айнан шундай одамлардан ибрат олиб яшашга, ташаббус ва тажриба йўлини биргаликда босиб ўтишга интилишади. Маҳмуда опага яхши хислат ва фазилат билан эл назарига тушишнинг ўзи катта бахт, эзгу ишларингиз кўпайсин, деймиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бошланғич партия ташкилоти партиянинг ўзаги ҳисобланади.
01 янв 1970
Асака тумани ободонлаштириш бошқармасига қарашли “Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўлими”да ишлаётган 50 нафар ходимнинг барчаси...
01 янв 1970
Бугунги юксак тараққиёт даври замонавий педагог зиммасига ҳам кўп масъулият юкламоқда....
01 янв 1970
Жорий йилнинг II чорагида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши таркибида шаҳар ва туманларда БПТлар сон...