Шифокор сафдошларимиз ибрати

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Учтепа туман кенгаши Тошкент шаҳар партия тузилмалари орасида пешқадам ташкилотлардан бири саналади. Бунда унинг таркибига бирлашган 32 та бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ва 1100 нафар аъзолари фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътиборлиси, сафдошларимизнинг кўпчилиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, миллат генофондини яхшилаш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳолининг узоқ умр кўриш даражасини ошириш, оилаларда соғлом фарзандлар туғилиши ва уларнинг соғлом ўсишига масъул касб эгалари — тиббиёт ходимларидан иборат.
Ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратаётган 25-оилавий поликлиника жамоаси қошида фаолият юритаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП бошланғич партия ташкилоти аъзолари ҳам аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш борасида астойдил меҳнат қилмоқда.
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, ушбу тиббиёт муассасасида ўз касбига фидойи оила шифокорлари ва ҳамширалари томонидан тумандаги “Бирлик”, “Боғистон”, “Боғобод”, “Кўҳна Чўпон ота” ҳамда “Гузар” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 33 620 нафар аҳолига, жумладан, 9 377 нафар 18 ёшгача бўлган болалар, 7 780 нафар туғиш ёшидаги аёллар, 24 243 нафар ўрта ва катта ёшдагиларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
— Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган, — дейди 25-оилавий поликлиника бош врачи Саида Расулова. — Айниқса, 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Бу эса тиббий муассасалар зиммасига катта масъулият юклайди. Шу боис, поликлиника шифокорлари туман аҳолисининг соғлиғини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, туғиш ёшидаги аёллар соғлиғини назорат қилишда профилактика ишлари намунали олиб борилишини таъминлашдек масъулиятли вазифага виждонан ёндашиб, бор куч ва билимларини сафарбар этмоқдалар.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ўтказилган тиббий кўрик натижаларига кўра, туғиш ёшидаги аёлларнинг 77,2 фоизи, болаларнинг 54,7 фоизи, катта ёшдаги аҳолининг 57,3 фоизи, якка-ёлғиз, ўзгалар парваришига эҳтиёжманд қарияларнинг 19 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижасида аниқланган касалликлар шифокорлар томонидан диспансер назоратига олиниб, уларнинг 97,6 фоизи соғломлаштирилди.
Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида эмлашнинг миллий календарига мувофиқ ишлар талаб даражасида амалга ошириб келинмоқда. Эътиборлиси, аҳолининг тиббий маданияти янада ошиши, турмуш қураётган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини яхшилаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ҳам ўз ижобий натижасини бераяпти.
— Албатта, профилактик тадбирлар самараси аҳолининг тиббий маданиятини ошириш билан узвий боғлиқдир, — дейди бош ҳамшира, БПТ раиси Шоҳида Одилова. — Шу мақсадда партиямиз Сайловолди дастурида тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш, сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олишга доир белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Соғлом она — соғлом бола”, “Аҳолида тиббий маданиятни шакллантиришда сиёсий партия ва тиббий муассасаларнинг ҳамкорлиги”, “Репродуктив саломатлик”, “Тиббий кўрик — давр талаби”, “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, жамият мустаҳкам бўлади” ва бошқа шу каби мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида БПТ ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар ўз самараларини бераётир. Тиббий муассасамизда 1-сонли Республика тиббиёт коллежи ва Чилонзор тиббиёт коллежи ўқувчилари билан “устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилган, бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг касб маҳоратини янада оширишдир. Муассасамизда ўқув амалиётини ўтаган иқтидорли ёшларни ишга қабул қилиб, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлашга эришмоқдамиз. Бунинг натижасида 12 нафар коллеж битирувчиси ҳамда икки нафар Тошкент тиббиёт академияси битирувчилари ишга қабул қилинди. Ҳозирда Санобар Тўраева, Камола Бурхонова, Муҳайё Пўлатова каби ёш мутахассислар ҳамда Тиббиёт академияси битирувчиларидан Хуршид Мирзаев ва Севара Узанова таълим даргоҳида ўрганган билимлари ва илк тажрибаларини намоён этиб келишмоқда.
БПТ аъзолари дастурий ғоя ва мақсадларимизни тарғиб этиш жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолияти, партия депутатлари амалга ошираётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, аҳоли ўртасида партиямизга ишончни оширишга интилмоқдалар.
Шу кунларда мустақиллигимизнинг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш юзасидан амалиётга изчил йўналтирилган партиямиз Режасига мувофиқ фаолларимиз “Буюк ва муқаддассан, ҳур Ўзбекистон!”, “Ким эдигу ким бўлдик”, “Куч — адолатда” мавзуларида тарғибот ишларини кўтаринки руҳда олиб боришмоқда.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда дунёда 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас....
01 янв 1970
Вобкент туманида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотлари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий вазифаларини туман ҳаётига татби...
01 янв 1970
Асака тумани ободонлаштириш бошқармасига қарашли “Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўлими”да ишлаётган 50 нафар ходимнинг барчаси...
01 янв 1970
Тиббиёт соҳасида ишлаш инсондан чуқур билим, тажриба ва малакага эга бўлиши билан бирга фидойиликни талаб қилади....