Муқобил энергия тарғиботидан жамоатчилик назоратигача

/
Ургут туманининг “Қоратепа” қишлоғида “Адолат” СДПнинг 180 нафар аъзосини бирлаштирган йирик бошланғич ташкилоти ўз ҳуқуқ-ваколатлари доирасида самарали фаолият юритиб, омма ўртасидаги сиёсий мавқеини тобора мустаҳкамламоқда.
Башарти, БПТ сиёсий мавқега қайси йўллар билан эришаяпти ва бу ўз натижасини бераяптими, деб сўраладиган бўлса, лўнда қилиб шундай жавоб бериш мумкин: “Қоратепа”даги бошланғич партия ташкилоти раиси Зоҳида Элмуродова маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган кейинги сайловда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати этиб сайланди, сайловчилар кўпчилик овоз билан уни маҳаллий ҳокимият органида ўз номларидан иш юритишга лойиқ кўришди. Бунгача партия дастуридаги вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириб электорат назарига тушган ташаббускор аёл бугун депутат сифатида долзарб ижтимоий масалаларга ечим топмоқда.
Даставвал шуни таъкидлаш лозимки, Ургутнинг тоғли ҳудудида жойлашган “Қоратепа” қишлоғида уч ярим минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Бир қарашда марказдан йироқ, ижтимоий инфратузилмаси ҳали тўлиқ шаклланмаган, бинобарин коммунал, йўлсозлик, маиший хизмат соҳаларида жиддий ўзгаришларни амалга ошириш кутилаётган мазкур ҳудудда бошланғич партия ташкилоти одамларда янгича яшашга иштиёқ уйғота олди. Кўплаб ижтимоий масалаларни биргалашиб ҳал этишга ундади. Бу қишлоқ хонадонларида муқобил энергия манбаларидан қувват олиб порлаётган чироқларми, маҳалла ичкарисида қурилиб, кекса-ю ёшнинг дилтортар манзилига айланган спорт майдони, қизлар ҳунар ўрганишлари учун ташкил этилган ўқув курсларими, оилавий тадбиркорлик ҳисобидан иш юритаётган асаларичилик хўжалигими — ҳаммасида партия фаолларининг қўли, иштироки бор.
Натижалар ҳақида гапирадиган бўлсак, “Қоратепа”да бугун юздан ортиқ хонадон оилавий тадбиркорлик билан эркин шуғулланмоқда. БПТ кўмагида уларнинг ҳар бирига меҳнат дафтарчаси очилган. Солиқ идорасида, пенсия жамғармасида рўйхатга олинган. Демак, оилавий тадбиркорлик меҳнати қонун муҳофазасига олиниб, унинг доирасида зарур ижтимоий кафолатлар яратилмоқда. Илгари ўқитувчи бўлиб ишлаб ҳозирда нафақага чиққан Умарқул ака Қаҳҳоров партия ёрдамида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, фаровон турмуш кечираётганидан мамнун. “Қоратепа”лик Ёқуб Нурматов, Аҳматқул Баширов сингари оилавий тадбиркорлар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.
— Биз одамларни бозор шароитида рақобатга мос тадбиркорлик билан шуғулланишига кўмаклашаяпмиз, — дейди БПТ аъзоси Умида Ражабова. — Уларга, аввало, томорқа имкониятларини, ҳукумат томонидан айни шу иш учун берилаётган имтиёзларни тушунтираяпмиз. Натижа шу бўлдики, аҳоли ўз эҳтиёжидан ортиб қолган кўпгина сифатли маҳсулотларни бозорда сотиб, яхшигина даромад топадиган бўлди.
Дарвоқе, БПТнинг фаолият доираси кенг. У нафақат тадбиркорлик, балки таълим ва соғлиқни сақлаш, спортни ривожлантириш масалаларида ҳам ўз таъсирини кўрсатиб турибди. Ҳудуддаги битта ўрта умумтаълим мактаби ва касб-ҳунар коллежида ўқитиш ва давомат ишлари, битирувчиларни касбга йўналтириш партия аъзолари томонидан жамоатчилик назорати сифатида мунтазам таҳлил этиб борилади. Ёки тоғли ҳудудда жойлашган 500 дан ортиқ хонадонни суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш масаласи ҳам депутат Зоҳида Элмуродова раислигидаги БПТ томонидан назорат қилиб борилади.
— Маҳаллада аёллар футбол жамоасини тузганимизга анча вақт бўлди, — дейди партиядошимиз Зоҳида Элмуродова. — Ютуғимиз шу бўлдики, вилоят ҳокими кубоги учун ўтказилган мусобақада 2-ўринни қўлга киритдик. Бу натижадан сўнг хотин-қизларнинг спортга бўлган иштиёқлари янада кучайди. Ҳозир улар футбол, теннис, гимнастика, волейбол билан ҳам шуғулланиб, ўз соғлиқларини мустаҳкамлаб олмоқдалар.
Бу обод қишлоқда нафақат ёшлар, балки кексалар ҳам партия даъвати билан спортни асосий машғулотларидан бирига айлантириб олаётганликларига нима дейсиз?! Хусусан, 64 ёшли Назира Сатторова ва Ойзода Элмуродова югуриш ва гимнастика машғулотлари билан шуғулланаётганидан буён дардлардан фориғ, ҳаётга тетик қараётганлиги учун “Адолатчи қиз”ларидан миннатдор. Ахир Зоҳида-да, уларни қишлоқ врачлик пунктига муолажа олишга борганида спорт майдончасига етаклаб келган дилсўз қизлари.
Эзгулик йўлидан юрган яхшилигу эзгулик топади, дейишади. Бошланғич партия ташкилоти аъзолари Саодат Нормуродова, Нилуфар Нурматова, Юлдуз Лаханова сингари фаолларимиз ўз шахсий фазилатлари, саъй-ҳаракатлари билан қишлоқдошлари эътиборини қозонишганки, одамлар ўз дарду фикрини улар билан маслаҳатлашишга, саволларига тўғри жавоб топишга ошиқади. “Қоратепа”даги 50 нафар хотин-қиз БПТнинг айни шундай талабчан аъзолари кўмагида “Агромир” қўшма корхонасига меҳнат шартномаси асосида ишга жойлаштирилганлиги электорат билан амалий ҳамкорлик самарасидир. Бундай амалий ишлар рўйхатини яна ва яна давом эттириш мумкин.
Хулоса шуки, БПТ ўзини ислоҳотлар жараёнида ташаббускор, электорат олдида масъул, деб билмоқда. Демак, эртанги натижалар янада салмоқли бўлади. Одамлар амалиётчи партияни қўллаб-қувватлайверишади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тиббиёт соҳасида ишлаш инсондан чуқур билим, тажриба ва малакага эга бўлиши билан бирга фидойиликни талаб қилади....
01 янв 1970
Партиямиз мақсад ва ғояларининг кенг жамоатчилик орасига чуқурроқ кириб бориши, электорат манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги...
01 янв 1970
Бухоро вилоятида партиямизнинг етакчи ва фаоллари жойларда электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишга қаратилган ҳаётий таклифларни илгари суриш, ...
01 янв 1970
Вобкент туманида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотлари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий вазифаларини туман ҳаётига татби...