“Адолат” СДП депутатларининг янги йилдаги илк иши шифокорлар Ҳимоясига оид бўлади

/

“Адолат” СДП депутатларининг янги йилдаги илк иши

шифокорлар Ҳимоясига оид бЎлади

2020 йил 2 январь куни Наманган вилояти Учқўр­ғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳи
О. Қ.га беморнинг тоғаси тажовуз қилиши оқибатида шифокор кўриш қобилиятини йўқотди.

2020 йил 5 январь соат 19.00 атрофида Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида
беморнинг бувиси қабул бўлими ҳамшираси С.Б.га  ҳақоратли сўзлар билан бақириб, уни калтаклади.

Афсуски, бу каби салбий ҳолатлар бугунги кунида одатий воқеага айланиб бормоқда.

Янги парламентда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан кўриб чиқиладиган илк қонун лойиҳаси шу каби тажовузларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси бўлади. Бу ҳақда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сайлов якунларига бағишлаб ўтказилган брифингда  маълум қилди.

Қайд этиш лозимки, “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2019 йилда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Унда бу каби нохуш ҳолатларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик муқаррарлиги назарда тутилмоқда.

Жумладан, Маъмурий кодексда бундай маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазолари кўзда тутилган.

Жиноят кодексида эса, айни вазиятда уч юз соатдан уч юз олт­миш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш илгари сурил­япти.

Мазкур қонун лойиҳаси муҳокамалар жараёнида ушбу нормаларга нисбатан айрим депутатлар “умумий тартибда жавобгарлик бор-ку?!” деб муносабат билдирди, яна бош­қалари “ундай бўлса, ўқитувчилар ҳимояси учун ҳам қўшимча киритайлик”, деган фикрни илгари сурди.

Ушбу баҳс-мунозаралар натижасида ўтган чақириқ депутатлари мазкур қонунни охирига етказа олишмади. Аммо ушбу қонунни қабул қилиш қанчалик заруратга айланганини бугунги куннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон «Адолат» СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган ва сайловолди чиқишларда, дебатларда бот-бот янграган “таълим, илм-фан, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда зиёлиларнинг ижтимоий нуфузи, мақомини ошириш ва уларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш” вазифасининг ижроси йўлидаги илк қадам бўлиб хизмат қилади.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитиб, хулоса чиқариш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш ҳар биримизнинг зиммамизга  масъул...
01 янв 1970
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими диққатига!
01 янв 1970
2018 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимизда 16449 оилада ажрашишлар кузатилган бўлса, шуларнинг 11000 дан ортиғида камида бир нафар ёки ундан ...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги мавқеи ошиб, аҳолининг ишончи янада мустаҳкамланиб боришида унинг бошланғич ташкилотлари фаолияти алоҳида ўрин т...