Ҳукумат қарорларидаги айрим вазифалар нега бажарилмаяпти?

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан мамлакатимизнинг шаҳар ва туманларида партиянинг ҳаётбахш ғоялари, юртдошларимизнинг манфаатлари акс этган шиорлар асосида митинг, акция ва сайллар давом этмоқда. Ушбу тадбирларда партиямизнинг ғоя-мақсадлари юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги эътиборга молик.
 
СамарҚанд. “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан Тойлоқ тумани марказий истироҳат боғида ўтказилган митинг партия ва электорат ўртасидаги бирдамлик, яқин ҳамкорликнинг яққол ифодасига айланди. “Адолат ҳамма учун, ҳар бир инсон учун!” шиори остида ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Вилоят партия кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова жамиятда ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим ва тиббиётни янада чуқур ислоҳ этишда, оилалар учун муносиб турмуш шароитларини яратишда партия томонидан илгари сурилаётган мақсад, вазифаларнинг ҳаётий ва долзарб аҳамияти ҳақида сўз юритди. Хусусан, олий таълим муассасаларида чинакам истеъдодларни жамлаш, фақат билим ва қобилиятни рағбатлантириш мақсадида мавжуд квоталарни бекор қилиш, соғлиқни сақлаш муассасаларида “ақлли тиббиёт” ғоясини изчил амалга ошириш, дори-дармонлар сифатини назорат қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
— Дори-дармонлар сифати ва бир хил нархда сотилишини назорат қилиш, тиббиёт муассасаларида коррупцияга имкон берувчи омилларни бартараф этиш долзарб аҳамиятга эга, — деди М.Бобобекова. — Шу мақсадда янги Сайловолди дастуримизда партия ўз олдига аниқ вазифаларни қўймоқда. Бироқ бу вазифалар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бажарилади. Демак, уларнинг масъуллигини, шахсий жавобгарлигини ошириш ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади.
— Туман тиббиёт бирлашмасининг қон қуйиш бўлимида ишлайман, — деди митингда сўзга чиққан шифокор Шоҳиста Турдибекова. — Партия­нинг Сайловолди дастури, ундаги  таклифлардан хабардорман. “Адолат” СДП ғоялари жамиятнинг қон томирларига тоза ҳаёт олиб кираётганлиги, одамларнинг меҳнат ва турмушга бўлган муносабатларини яхшилик сари ўзгартираётганлигини қайд этмоқчиман.
Партиянинг ёшларга кўрсатаётган эътибори, уларни баркамол инсон қилиб тарбиялаш борасидаги таклиф-ташаббуслари ҳақида иқтидорли спортчи, Турон яккакураши бўйича жаҳон кубоги ғолиби Лочинбек Камолов сўзлаб, бу саъй-ҳаракатлар ижобий натижа бераётганидан мамнун эканини билдирди. 
— Партиянинг туман ва вилоят кенгашлари ташаббуси билан Тойлоқ олимпия захиралари мактабида белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубоги мусобақалари ўтказилгани ўнлаб янги иқтидорларни аниқлашга ёрдам берди, — деди Л.Камолов.
Тадбирда ёш хайрихоҳларимиз  “Адолат” партияси илгари сураётган таклифлар юртимиз ёшларининг  орзу-мақсадлари рўёбга чиқишига хизмат қилажагини таъкидлаб ўтдилар.
 
Навоий.Ўзининг долзарб мақсад ва ғоялари билан Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам жорий йилги сайловларда юқори марраларни эгаллашни кўзлаган.
Хатирчи туманининг Амир Темур номидаги истироҳат боғида Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши томонидан “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!” шиори остида митинг ўтказилди.
Тадбирда вилоят партия кенгаши раиси Рус­там Ҳайитов сўзга чиқиб, бу йилги сайловлар арафасида партия томонидан илгари сурилаётган энг муҳим вазифаларга тўхталди. Шунингдек, нотиқ аҳолига етказилаётган турли дори воситаларининг сифати аксарият ҳолларда кафолатланмаганлиги, айниқса, нархларнинг юқорилиги, тиббий хизмат сифатининг пастлиги каби ҳолатлар аҳолининг ҳақли норозиликларини келтириб чиқараётганлигига йиғилганларнинг эътиборини қаратди. 
Таъкидланганидек, аҳолини қийнаётган муаммолар, авваламбор, партия­нинг қуйи бўғинларида тизимли асосда ўрганилиб, таҳлил қилиниб, депутатларимиз ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида муҳокама этилмоқда. Республика миқёсида ҳал қилинадиган масалалар эса партиянинг парламентдаги фракцияси орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилишига эришилмоқда. 
Митингда айрим муаммолар ҳукумат эътиборидан четда қолаётганлиги танқид қилинди.
— Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган 185-сон қарорининг талаблари бажарилиши устидан назорат ўрнатилмаган, — деди Р.Ҳайитов. — Ушбу қарор 1-иловасининг 1-боб, 5-бандининг 2-хатбошиси (улгуржи савдо учун 15 фоизлик устама) ва 2-илованинг 3-боб, 10-бандида (чакана савдо учун 20 фоизлик устама) белгиланган шартлар бажарилмаяпти. Бу эса нарх­ларнинг асоссиз оширилишига ҳамда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Тегишли назорат органлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бу борада тизимли назорат ўрнатилмаганлиги ҳам шу каби салбий ҳолатларга олиб келмоқда.
Шунингдек, қарорнинг 2-иловаси 4-боби 24-моддасининг 3-хатбошисида белгиланган “Дори-дармон воситалари ёки тиббиёт буюмлари билан бирга сотиб олувчига идентификацион маълумотлар (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори) билан бирга дори-дармон воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, уларни берувчи шахс­га оид маълумотлар, бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки берилади”, деган талаб бажарилмаётганлиги ҳолатлари мавжуд. 
Ноанъанавий тарзда ўтаётган партия митингларида юртдошларимизнинг “Адолат” СДП ғояларига хайрихоҳлиги тобора кучайиб бораётганлиги, тарафдорларимизнинг ортаётганлиги  барчамизни бирдек руҳлантирмоқда.
 
Хоразм.Қўшкўпир туманидаги “Маданият ва истироҳат  боғи”да Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши ташаббуси билан “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиори остида ўтказилган акцияда ҳам сафдошларимиз ва хайрихоҳлар, жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этишди.
Тадбирнинг биринчи қисмида митинг бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят партия кенгаши раиси Тоҳир Палванов ҳудудда партия ташкилотлари томонидан олиб борилган ишлар аҳолининг манфаатларига хизмат қилиб, фуқароларнинг бизга ишончи ортаётганини таъкидлади.
— Биз давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил ҳар бир ҳудудда амал қилишига эришамиз, — деди Т.Палванов. — Фаолиятимизга назар ташлаб, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз бир қатор ижобий натижалар берганини таъкидлаш мумкин. Аҳоли билан очиқ мулоқотларда ўртага ташланган муаммолар партия депутатлари ташаббуси билан масъул ташкилотлар томонидан ҳал этилмоқда. Назорат бор жойда масъулият ҳам кучаяди, албатта. 
Тадбир давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар йиғилганларни бир мақсад йўлида бирлаштирганини яққол ифодалади.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, партиянинг ёшлар сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш, навқирон авлод вакиллари келгусида жамият ҳаётида ўз ўрнини топишида партия яқиндан кўмакдош эканлиги ҳақидаги фикрлар акция иштирокчиларининг  диққат марказида бўлди.
Шунингдек, “Ёш адолатчилар” қаноти ва “Аёллар қаноти” вакилларининг партияга доир викторина саволлари, туман болалар спорт мактаби ёш спортчилари ҳамда таниқли санъаткорларнинг чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлди. 
 
Бухоро. Вобкент туманида  “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш — давр талаби” мавзусида ташкил этилган митингда партия ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар иштирок этишди.
Иштирокчиларнинг фикрича, бугунги кунда тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Шунга қарамай тиббий ёрдам сифатини замон талаблари даражасида яхшилаш борасида муаммолар ҳам оз эмас. Айниқса, фуқаролар билан самарали ишлаш тизими яхши йўлга қўйилмаган, мутахассисларда амалий кўникмаларнинг йўқлиги, коррупциоген омиллар ҳамон сақланиб қолаётганлиги, шунингдек, олий маълумотга эга шифокорларда амалий кўникмаларнинг етишмаслиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Партия ходимлари ва депутатлар бугун партия томонидан тиббиёт соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сайловолди дастур лойиҳасида ишлаб чиқилган таклифлар тўғрисида фикрлар билдиришди. Хусусан, шифокорларнинг билим ва малакасини ошириш, уларнинг фаолиятида назарий билим билан амалиёт уйғунлигига эътибор қаратиш, патронаж ҳамширалари фаолиятини шакллантириш, соғлиқни сақлаш тизимида юқори даражадаги тиббий хизматни кафолатловчи қонунлар туркумини яратиш масалалари алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. 
— Партия томонидан ташкил этилган митинг ҳар биримизнинг сиёсий жараёнларда фаол ва ташаббускор бўлишимизда ижобий таъсир қилади, — дейди “Пахтакор” маҳалласида яшовчи фуқаро Темир ота Ҳикматов. — Айниқса, бугун тиббиёт тизимида мавжуд муаммолар ҳақида фикрлашиб, бу борада уларнинг таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашдик. Айни вақтда партия томонидан тиббиётчилар учун қилинаётган янгиликлар ва ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлдик. 
Митинг давомида тиббиётда коррупциянинг олдини олиш, соҳа ходимларининг фаолияти самарасини ошириш масалалари хусусида ҳам бир қатор таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Республикамизнинг шаҳар ва туманларида бу каби тадбирлар давом этмоқда.
М.Абдуллаева, А.Жайнаров, З.Абдуллаева,
Бухоро, Навоий, Хоразм,
вилоятлари кенгаши матбуот котиблари,
Зоҳир ТЎраҚулов,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бир қарашда йўлсозлик, коммунал хизматларга доир масалалар фуқаролар мурожаатларида тез-тез қайд этиб туриладиган, қонун доирасида кечиктирмай ҳал ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди....
01 янв 1970
Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мукаррам. Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай э...
01 янв 1970
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осо...